Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Фуқаро» қандай қилиб бой бўлиши мумкин?
11.12.2020 05:32,  
633

Бундан бир неча йил олдин президент Шавкат Мирзиёев Конституция кунига бағишланган йиғилишдаги нутқида «Халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади», деганди. Тўғри гап. Лекин ҳамманинг пешонасига камбағаллиги тамға қилиб босилган бўлса-чи? Гап «Ўзбекистон фуқароси» ибораси ҳақида кетяпти.

«Фуқаро» сўзи арабча «фақир» сўзининг кўпликдаги кўринишидир. Паспортига «фуқаролик» тамғаси босилган халқ чиндан бой бўлган тақдирда ҳам шахсни тасдиқловчи асосий ҳужжати бўлган паспорти унга «фуқаролиги», яъни камбағаллигини эслатиб туради. Бу ҳам етмагандек, «Фуқаролик тўғрисида»ги қонун билан камбағаллик қонунлаштирилиб, мустаҳкамлаб ҳам қўйилган.
Чет элларда ўзбек паспортини мусулмон мамлакатлар юртдошларига кўрсатишга уялади, киши. Уларга «Ўзбекистон фуқаросиман» десангиз, бир қисми юзингизга таажжубланиб боқса, яна бир қисми кулади. Чунки арабчада ҳам, туркчада ҳам, форсчада ҳам, урдучада ҳам бу сўз «камбағаллар» маъносини билдиради.
«Фуқаро» сўзини «ватандош» ёки «юртдош» билан алмаштириш зарурлиги ҳақидаги каминанинг мақоласи 1997 йили илк бешта сони қўлма-қўл бўлиб кетган «Ҳуррият» мустақил газетасининг иккинчи сонида босилиб чиққанди. Мен газета бош муҳаррири Карим Баҳриевдан таклифга юқоридан қандай муносабат билдирилганини сўраганимда, у киши «Президент ҳам ўқибди ва бу нарсани "Фуқаролик тўғрисида"ги қонун қабул қилинмасдан олдин кўтариш керак эди, энди кеч бўлди», деганини билдирганди.
Ҳамма масала вақти-соати келганида ҳал бўлади. Бундан бир неча йил олдин президент Шавкат Мирзиёев «халқ давлатга хизмат қиляпти, давлат халққа эмас», деган гапни айтиши одамларнинг етти ухлаб тушига кирмаганди. Шундан сўнг, халқ ечилиши мумкинлигига ишончини йўқотган масалаларда жонланиш сезила бошланди.
 
1996 йили Туркияда магистаратурани битириб келиб, раҳматли онамга паспортдаги «фуқаро» сўзининг асл маъносини тушунтиргандим. Ўшанда «давлат халқнинг камбағал бўлишини хоҳлар экан-да» деб, онамнинг жаҳллари чиққанди.
Албатта, биттагина «фуқаро» сўзини алмаштиришнинг моддий харажатлари бор. Лекин маънавий томондан фойдаси барибир тош босади, деб ўйлайман. Чунки психологларга кўра, одамнинг оти ҳам у ҳаётда қандай киши бўлиб етишишига таъсир қилар экан.
Шу ўринда, бир ривоят эсимга тушди. Ўрмонлар қироли шер қариб, кучдан қолибди. Ҳеч қандай зарар етказолмаслигини кўрган бошқа майда-чуйда ҳайвонлар уни мазах қилиб, "эшак" деб лақаб қўйиб олишибди. Ўтган-кетган у шерлигини унутиб, фақат "эшак" деб чақирадиган бўлиб қолибди. Аҳвол шундай бўлгач, кунлар ўтиб, шернинг уйидан бир куни эшак ҳанграгани эшитилган экан.
Қиссадан ҳисса чиқариш ўзингизга боғлиқ. Агар халқимиз бой бўлишини истасак, унда халқ пешонасига тамға қилиб ёпиштирилган «фуқаро»дан воз кечишимиз шарт.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан