Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Гапирадиган мавзусини тушунса, барча учун манфаатли бўларди». Бобур Каримов депутат Алишер Қодиров гапларига муносабатини билдирди
19.12.2020 21:35,  
1980

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодировнинг «UzAuto Motors» иши тўғрисидаги постига муносабат билдирди.

Бобур Каримов 7 декабр куни АОКА биносида ўтказилган матбуот анжуманида маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчи «UzAuto Motors» билан давом этаётган низоли ҳолатга муносабат билдирганди. У, шунингдек, «UzAuto Motors» томонидан нархларни асоссиз оширилишини тўхтатишнинг битта йўли бор, дея қайд этган.

«Бу — бож тўловларни камайтириш. Импорт қилинувчи автомобилларга қўйиладиган бож тўловини пасайтириш керак. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди», — деган Каримов.

Шундан сўнг, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Каримовнинг сўзларидан иқтибос келтириб, қуйидаги постни ёзган:

«Бошидан буён такрорланиб келаётган фикр айнан шу. Йўналиш ҳам айнан шу: Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги орқали айнан шу рақобат муҳитини шакллантириш устида ишланмоқда, тайёргарлик кўрилмоқда. Шу фикрга келиш учун шунча шовқин, шунча популизм... Кимлардир машҳурроқ бўлгандир, Ўзбекистон ютмади», - дея ёзганди Қодиров

Алишер Қодировнинг ушбу гапларига Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов муносабат билдириб, мулоҳазаларини қуйидагича баён этди:

«Матбуот анжуманида менинг автомобиллар импорти учун божни ислоҳ қилиш ҳақида айтган гапимга илова қилиб, Алишер Қодировнинг ижтимоий тармоқда билдирган фикри мени таажжубга солди. Бутун  бошли бир партиянинг раҳбари, озгина бўлса-да, гапирадиган мавзусини тушунса, барча учун манфаатли бўларди.

Биламизки, ҳар бир тадбиркорнинг асосий мақсади фойда олишдир. Қанча кўп фойда олса, шунча яхши. Бу мақсадга эришиш учун ҳалол тадбиркорлар турли ривожланиш стратегияларини ўйлаб чиқади, фаолиятига инновацияларни олиб киради, маҳсулот сифатини қатъий назорат қилади ва нарх сиёсатини тўғри олиб боради. Бундан ҳамма ютади: тадбиркор маҳсулотини сотади, истеъмолчилар эса бозор нархида маҳсулотини харид қилади. Бундай бозорда фақат сифатли ва арзон маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ютади.

Лекин айрим монополистлар ундай эмас. Монополист биладики, нима бўлса ҳам харидорларнинг бошқа танлови йўқ. Товар қимматми, сифатсизми, барибир харид қилинса, бас. Чунки талаб бор, лекин таклиф чегараланган. Аммо бу ҳолат ҳар доим давом эта олмайди. Ўзбекистон келажакда кўплаб иқтисодий интеграцион ташкилотларга аъзо бўлишига ишонаман. Ана уларга қўшилганда, асосий талаблардан бири — товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш ва шу шарт билан бизнинг бозоримизга турли ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулоти кириб келади», — деди Бобур Каримов.

Унинг фикрига кўра, узоқ йиллар бозорда қолиш учун рақобат муҳитида ишлашни ўрганиш керак.

«Агар миллий машинасозлик яна узоқ йиллар давомида бозорда қолишни истаса, ўзини рақобат муҳитида ишлашни ўргатиши ва чиниқтириши керак. Бунга ҳозирдан тайёргарлик керак. Акс ҳолда, қисқа муддатда янги бозор қоидаларига мослаша олмаса, чиндан ҳам миллий машинасозлик тўхтаб қолиши ва заводлари ёпилиши эҳтимоли бор.

Шунинг учун, яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчи эдим: мен томондан «Ўзавтомоторс» заводини тўхтатиш керак, деган фикр билдирилмаган, аксинча, енгил автомобиллар импортида божхона тўловларини пасайтириб, бозорга бошқа иштирокчиларнинг киришини таъминлаб, рақобат муҳитини шакллантириш тўғрисида фикр билдирган эдим», - деди Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов.

Депутат Нодир Жумаевнинг таъкидлашича, авто саноат тармоғида compliance тизими жорий этилганда, нархлар бўйича ҳозирги вазият юзага келмасди.

«Биз монополияга қарши кураш эмас, демоқчимасман. Лекин бизнинг мақсад табиий монополия ишласин, аммо у ҳам нархни белгилашда рақобат механизми, талаб ва таклиф асосида, қиймат қонуни асосида, пул муомаласи қонунини инобатга олиши керак.

Давлат раҳбаримиз ҳам ушбу тизимни жорий этиш вақти келганини айтди. Мамлакатимиз халқаро бирор иқтисодий ташкилотга аъзо бўлиш масаласини кўрганда, у ЕОИИ бўладими, ЖСТми, умуман бошқа йўналишдаги ташкилотми, эртага талаблар бир хил бўлиб, рақобатни кўтара олмай қоламиз. Негаки, трансмиллий корпорациялар нарх сиёсатини бир хил юритиши лозим. Чегаралар очилганда, бунга мажбур бўламиз.

Compliance нима ўзи? Инглизча у «мувофиқлик, мувофиқ келиш» маъносини англатади. Демак, рақобат муҳитини соғломлаштириш, рискларни камайтириш, юзага келиши мумкин бўлган хатарларни олдини олиш учун ўрнатилган тартибга риоя этиб ишлаш керак, ҳаракатлар шунга мувофиқ келиши керак», — дейди Жумаев.

Айни пайтда «UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобил заводи» МЧЖ хориждан олиб келиб сотаётган автомобиллар учун импорт божи ва утилизация йиғимини тўламаётган бўлиши мумкин. Олий Мажлиснинг бир гуруҳ депутатлари шу масалада Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлигига депутатлик сўрови юборган эди. Маълум бўлишича, Давлат божхона қўмитаси сўровга жавоб йўллаб, ундаги маълумотлар «махфий» эканини билдирган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан