Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳаёт ва таълим ҳақида Билл Гейтс мақтаган китоб
26.10.2019 10:29,  
1060

Менга ҳаёт ва инсонлар ҳақида чуқурроқ ўрганиш учун буюк кишилар ҳақида ёзилган биографиялар ҳамда инсонлар ўзи ҳақида ёзган мемуарларни ўқиш ёқади.

АҚШнинг Айдаҳо штатининг олис ва овлоқ қишлоқларида, насронийликнинг ўта мутаассиб фирқаларидан бўлган Мормон оқимига амал қилувчи диндор оилада туғилиб ўсган Тара Вестоувер мемуарини яқинда ўқиб чиқдим. Бу китоб 2018 йилнинг энг яхши асарларидан деб топилган. New York Times газетасининг бестселлер рўйхатининг бошидан жой олган.

Шу китобни ўқирканман Америка руҳиятини ҳис қилдим. Ёзувчи 1986 йилда ўз уйида доя ёрдамида дунёга келади. Тўққиз ёшга етгандагина метрка олади. Бирор марта шифохонага ёки аптекага бормайди. Чунки дадаси буни гуноҳ деб билади. Уйида ҳеч қандай замонавий жиҳоз бўлмайди. Ҳаттоки симли телефон ҳам.

Дадаси федерал ҳукуматни ўлгудек ёмон кўради. Мактаб, шифохона каби давлат ташкилотларидан шубҳаланади. Мактабга борса динсиз бўлиб кетади деган хавотир сабаб болаларини уйда сақлайди. Машинасини ҳам қайддан ўтказмайди, суғурта ҳам олмайди. Болаларини фақат табиий гиёҳлар билан даволайди. Эмлашга, ҳомиладорликдан сақланишга тиш тирноғи билан қарши бўлади. Ҳаттоки сут маҳсулотларини ҳам тақвога зид деб билади.

Федерал ҳукумат бостириб келиб, болаларини тортиб олишидан хавотирланиб мунтазам ваҳимада яшайди, васвасага тушиб қолади. Шунинг учун мабодо тўқнашув содир бўлса қамалга чидаш учун озиқ-овқат ғамлайди. Консерваланган егуликлар жамғаради. Электр симларини узиб, ўрнига қуёш панеллари ўрнатмоқчи бўлади. Уйига қурол-яроғ йиғади.

Хуллас, мана шундай жиннисифат, мутаассиб отанинг қўлида ўсиб қандай яшагани ва ўзини ўзи ўқитиб, ўрганиб ҳаётини бутунлай бошқа йўналишда олиб кетганини ҳикоя қилади.

Бу китобни Америкалик миллиардер Билл Гейтс ҳам катта қизиқиш билан ўқиб чиққанини, унда кучли таассурот қолдирганини айтиб мақтайди: "Турли ҳунар ва маҳоратларни ўзим мустақил ўргана олиш қобилиятим борлигидан фахрланар эдим. Ўзим изланиб, қунт қилиб кўп нарсаларни ўрганганман. Ниманидир тушунмасам ўша ҳақда китоб ўқийман ёки онлайн видеолар кўраман. Ўзимни ўзим ўқитишга анчайин устаман деб юрардим. Аммо Тара Вестовернинг мемуарини ўқиб унинг мустақил ўқиб-ўрганиш қобилиятига оғзим очилиб қолди. Китоб менда шунчалик катта таассурот қолдирганидан яқинда муаллифнинг ўзи билан учрашиб бир пиёла чой устида суҳбатини олдим.

Тара ўта ғайриоддий қарашдаги мутаассиб диндор оилада ўсади. Мактабга илк бор 17 ёшида қадам қўяди. Ўқиш-ёзишни уйида ўрганади. Таранинг ака-укалари ҳам мактабга бормайди. Дадасининг темир-терсак майдонида ишлайди.
Дадаси ўзиникидан қолмайдиган, фақат ўзиникини маъқуллайдиган қайсар одам бўлади. Дадасининг айби билан оила автоҳалокатга учрайди. Онасининг мияси чайқалади аммо дадаси шифохонада даволатмайди.

Тара ва унинг акалари мактабга бормай уйда Инжил ва бошқа диний китоблар ўқийди. Университетга кириш ёши яқинлашганда ўзлари мустақил алгебра, тригонометрияни ўрганиб давлат имтиҳонига тайёрланади. Имтиҳондан ўтиб олийгоҳга киради. Кейинроқ Англиядаги Кембриж университети грантини ютиб докторантурага ўқишга келади.

"Educated" ажойиб ҳикоя. New York Times бестселлер рўйхатидан нега бунчалик узоқ туриши сабабини ҳам тушунаман. Бу китоб диний эътиқоди сабабли ўзини жамиятдан ажратиб, иҳоталаб олган инсонлар ҳаётини ёритади. Ундай кишилар ана шу алоҳидаликдан, гўёки хосликдан куч олади. Ундай жамоада бўлсангиз, сизда ихтиёр йўқ. Уларни маъқуллашга мажбурсиз, йўқса жамоадан ҳайдаласиз."

Менимча ҳам бу китобнинг ажойиблиги шундаки, илмнинг, мустақил ўқиб-ўрганишнинг нақадар фойдали эканига амин бўласиз. Сифатли таълим инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориш қудратини англайсиз. Ўша дағал ва қаттиқ шароитда ўсган болалар билимга ташналигидан илҳомланасиз. Тара ва яна иккита укаси тиришқоқлигидан илмий докторантура даражасигача кўтарилиши ҳайратлантиради. Ҳолбуки, уларнинг ота-онаси болалари университетда ўқишига қарши бўлади, диндан узоқлашиб кетишидан қўрқади.

Бу китобдан кўп ибратлар олиш мумкин. Энг асосийлари:
Қийинчиликка чидамли бўлиш.
Болани сабр-тоқатли, интилувчан ва меҳнаткаш қилиб тарбиялаш.

Инсон қунт билан мустақил ўқиб-ўрганса, мунтазам ўз устида ишласа, жуда катта ютуқларни қўлга киритиши мумкин экан. Таълимдан мақсад фақат дипломли бўлиш эмас, балки ҳар-томонлама баркамол инсон бўлиб етишиш мақсад эканини англайсиз.

Юқорида айтганимдек, шундай ҳаётий китобларни ўқиш ва улардан ибратланиб ўз ҳаётимизда татбиқ этишга уринсак, ажабмаски, биз ҳам кўзлаган мақсадларимизга яқинлашсак.

Хулоса ўрнида, бу китобни бошқаларга ҳам тавсия этаман. Ўзбекчага ҳам таржима қилинса ўқувчиларга фойдали бўлади деган умиддаман.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан