Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳимолайнинг музли чўлларидаги ҳаёт: дунё қандай қилиб пашминалардан маҳрум бўлиши мумкин?
21.03.2020 17:04,  
662

Буюк Британиялик сураткаш Эндрю Нюи ўз суратларида чангпа халқининг ҳаётидан лаҳзаларни тарихга муҳрлади. Бу ярим кўчманчи халқнинг ҳаёт тарзи ва маданияти Кашмир тоғ эчкилари (уларни Кашмир эчкилари деб ҳам аташади) билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу эчкилар иқлим ўзгаришлари сабабли йўқолиб кетиш хавфи остида қолган

Чантоҳанги турига мансуб эчкилар тоғнинг совуқ кунида узоқ давом этган йўлдан кейин уйга қайтяпти/ANDREW NEWEY

  

Эндрю Нюи Ҳиндистоннинг Ладах иттифоқчи ҳудудида, асли тибетлик бўлган ярим кўчманчи чангпа халқи орасида икки ҳафта яшади. Бу халқ “кашмир эчкилари”ни парваришлаб, ундан пашмина – олий сифатли юнг хомашёсини олади. 

Ўзининг Ладахга саёҳати давомида Нюи қандай вазият чангпа халқи ва унинг анъаналарига таҳдид солаётганини ўрганди. 

Ладахдаги тоғ тизмаларининг ўртача баландлиги 6 000 метрни ташкил этади/ANDREW NEWEY

 

“14 минг футдан (4 267 метр) юқори баландликда ҳаво ҳарорати қишда –40℃ гача пасаяди. Шундай совуқда Чангтан платоси деб номланган бу улкан музли чўлда кимдир яшаб юриши ҳақида гапириш қийин”, дейди Эндрю Нюи. 

“Икки тоғ измаси – Ҳимолай ва Қорақурум ўртасида жойлашган бу плато одам яшайдиган энг юқори жой. Бу ер яна энг чидамли ва кам учрайдиган тоғ эчкиси – “чангра”, “кашмир тоғ эчкиси”, ёки шунчаки “кашмир эчкиси” деб аталадиган чорва ҳайвонининг ватани ҳам саналади”, деб ҳикоя қилади сураткаш.   

Чангра тоғ эчкилари баланд тоғларда ҳам ўзини яхши ҳис қилади. Аммо қор ва совуқ уларнинг егулик топишини қийинлаштиради. Ладахдаги мухтор тоғ кенгаши ҳозир эчкиларни боқиш ва очарчиликдан сақлаб қолиш учун тоғларга емиш етказиб беряпти/ANDREW NEWEY

 

Баландлик, совуқ ҳаво ва иқлими мураккаб тоғли минтақадаги кучли шамоллар ўта иссиқ тутувчи, майин ипаксимон юнгга эга бу эчки турининг кўпайиши учун зарур шароит саналади. 

Бу тоғ эчкиларининг юнги қалинлиги 8-10 микронни (микрометр) ташкил этади. Яъни, унинг юнги инсон сочидан қарийб 10 марта ингичка. (Инсон сочининг қалинлиги 80-110 микрометр оралиғида). Кашмир эчкисининг юнги оддий қўй юнгидан саккиз баравар иссиқ тутади. 

Чўпон ва эчкилар тоғда тунни ўтказишга тайёрланяпти. Улар эртага водийдаги узун йўлни босиб ўтиши керак/ANDREW NEWEY 

 

Бу юнгдан тайёрланган мато бутун дунёда “пашмина” номи билан машҳур – у кашмир матосининг энг қиммат тури ҳисобланади. 

Ўтган юз йиллар давомида чангпа халқи ҳам худди ўзлари боқадиган жониворлар каби чидамли бўлиб кетган. Чўпонлар ўз подалари билан бу баланд тоғли даштлар орасида яйлов қидириб кўчиб юради ва бир неча ой давомида жуда катта масофаларни босиб ўтади. 

Лобсанг исмли бу киши чангпа ҳалқининг вакили. У ўзининг қишги турар-жойи олдида турибди. Ундан чап томонда деворга осиб қўйилган қўтос териси ёзда бутун оила учун чодир вазифасини ўтайди/ANDREW NEWEY 

 

“Хитойнинг сохта пашминалари, ёш авлоднинг таълим олиш истаги ҳамда одамларнинг шунчаки енгил ва қулай яшашга интилиши туфайли чангпа халқининг бундай анъанавий ҳаёт тарзи ҳозир таҳдид остида қолган”, дейди Эндрю Нюи. 

Баланд тоғ қишлоғида яшайдиган бу маҳаллий аёлнинг исми Бҳути/ANDREW NEWEY

 

Чўпонлар ва олимлар пашмина учун энг асосий таҳдид минтақадаги иқлим ўзгариши эканлиги борасида якдил фикрдалар. 

“Чангтан платосида одатда қор кам ёғади, бу ҳам январ ва феврал ойларига тўғри келади. Аммо сўнгги йилларда қор бўронлари жуда кучли бўляпти, яна қор ёғиши декабрда, баъзан эса ҳатто ноябрда бошланяпти”, дейди сураткаш. 

Чўпонлар юк ташишда қўтослардан фойдаланади/ANDREW NEWEY

 

Натижада кашмир эчкиларини очарчиликдан қутқариб қолиш учун тоққа емиш олиб боришдан бошқа ҳеч қандай чора қолмаяпти. 

Доржи исмли аёл Кашмир эчкиларини боқяпти/ANDREW NEWEY

 

Синоптикларнинг қайд этишиича, минтақада қишлар борган сари иссиқроқ бўлиб боряпти. Иқлим ўзгариши билан кашмир эчкилари юнгининг миқдори ҳам, сифати ҳам ўзгаряпти. Уларнинг юнги аллақачон бир вақтлардагидек ингичка ва енгил эмас, вақт ўтган сайин қисқариб боряпти.   

Эчкиларнинг юнги одатда ҳар йили баҳорда олинади. Чўпонлар юнг толаларини ажратиб олиш учун махсус тароқлардан фойдаланади/ANDREW NEWEY

 

Кашмир – қиммат мато ва унинг нархи юқорилиги ўзини оқлайди. Чангпа чўпонлари ҳар йили баҳорда эчкиларнинг юнгини эҳтиётлик билан тараб, кейин қирқиб олади. Сўнгра бу юнг сифатига қараб қўлда турларга ажратилади – қўпол ва қаттиқ толалар териб олинади, юмшоқ юнг толаларигина қолдирилади. 

Юнг толалари ажратиб олингач, чўпон ва унинг оила аъзолари юмшоқ ва нозик толаларни нисбатан қаттиқроқ толалардан қўлда ажратиб, териб чиқади/ANDREW NEWEY

 

Юмшоқ толалар қаттиқ толалардан қўлда ажратиб чиқилгач, тўпланган жун толалари тозаланади, кейин эса тўқув дастгоҳи воситасида толалардан ип йигирилади. Ипдан қимматбаҳо мато тўқилади. Мато тўқиш дастгоҳи қўл билан ишлатилади – бу ўта меҳнатталаб жараён.

Битта эчкидан тўрт унция (113 грамм) атрофида энг олий сифатли юнг олиш мумкин/ANDREW NEWEY

 

Мато тўқув дастгоҳида энг юқори малакали усталар томонидан матони тайёрлашга бирн неча ойдан бир йилгача вақт кетади. Кейин эса бу ғайриоддий гўзалликка эга мато 1 500 фунт-стерлинг (2 000 АҚШ доллари) атрофида сотилади. Пашминадан оддийроқ усулда тайёрланган матолар Европада 200 АҚШ доллари ва ундан қимматроқ нархда сотилади. 

Чангпа халқи аёллари ўзининг кўп вақтини тўқув дастгоҳлари ёнида ўтказади/ANDREW NEWEY

 

Яна бир хавотирли вазият – минтақада қор қоплонлари сонининг кўпайгани. Қор қоплонлари тоғ эчкилари учун катта хавф туғдиради. Бу ҳудудда қор қоплонлари кенг тарқалиши сўнгги ўн йилликларда ушбу турни сақлаб қолиш учун кўрилган чораларнинг муваффақияти билан боғланади.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, сўнгги йилларда қор нисбатан кўпроқ ёғяпти, қор қатламлари эса одатдагидан икки ой аввал пайдо бўляпти/ANDREW NEWEY

 

Эчкиларнинг насли камайиб кетиши 300 000 кишини ташкил этувчи халқ ҳаётини кескин ўзгартириб юбориши мумкин. 

Аҳолининг одатий ҳаёт тарзи ўзгариши эса чангпа халқининг ўзига хос маданиятини йўқолиб кетиш хавфи остида қолдиряпти. 

Лех шаҳри атрофидаги Харнак Линг қишлоғидаги тепалик устида жойлашган будда ибодатхонаси. Бу қишлоқда ўзининг ярим кўчманчи ҳаёт тарзини ўзгартиришни истамайдиган чангпа халқи истиқомат қилади/ANDREW NEWEY 

   

Сток-Кангри тоғлари қуёш чиқиши олдидан (баландлиги 6 154 метр). Бу Лех шаҳри атрофидаги энг баланд нуқта саналади/ANDREW NEWEY 

 

Чўпон яйловда эчки подасини ўтлатяпти/ANDREW NEWEY

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан