Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳокимиятга: туб ислоҳотлардан қўрқманг!
26.09.2019 16:08,  
497

Ҳокимиятлар учун, ҳар бир ислоҳот, ўзгаришларнинг маълум палласига келганда, иккиланишлар бўлиши, истиқболда вазиятни издан чиқишидан қўрқув пайдо бўлиши – табиий ҳолатдир. Кейинги даврда Ўзбекистон иккинчи маъмуриятида ҳам шундай ҳолат кузатиляпти. Ҳокимият худди Марсга учиб, ғойиб бўлиб қолгандек: на кўринади, на эшитилади. Бу жуда қизиқ бир ҳолат.

Ҳокимиятнинг ислоҳотлар борасидаги хавотирларида, маълум асослар мавжуд. Ўзбекистонни муаммолари ўн йилликлар давомида тўпланди. Шу пайтгача бошқарув қўрқитув асосида амалга оширилди. Одамлар ўз муаммоларини, фақат ҳокимиятдан қўрққани учун билдиришмади, талаб қилишмади.

Кейинги уч йилда, одамлар онгидаги қўрқув эрий бошлади. Лекин, муаммо шундаки, жамият эҳтиёжларини малакали аниқлай оладиган, уларни сурункали ва тизимли еча оладиган давлат бошқарув тизими шакллантирилмаяпти. Ҳокимият, бир томондан, репрессиялардан тегилаяпти, иккинчи томондан, маъмурий-сиёсий ислоҳотларга қўл урмаяпти. Одамларга муаммоларини айтишга имконият берилгач, табиий равишда, уларни муаммоларини ечадиган сиёсий тизим ҳам яратилиши керак эди. Лекин, биринчиси қилиниб, иккинчисига қўл урилмади. Энди эса, одамлар онгидаги ҳокимиятга бўлган ишончни тинчгина девальвация қилишга, қадрсизлашга ўтилмоқда.

Назаримда, Ўзбекистонда тараққиётнинг ягона тўғри йўли мавжуд. Бу ҳам бўлса, кенг ва шижоатли сиёсий-маъмурий ислоҳотлар: малакали ва тўлиқ легитим парламент, кучли ва жўшқин фуқаролик жамияти, тўлиқ мустақил ва эҳтироссиз суд тизими, қудратли ОАВлари, малакали ижроия ҳокимияти. Буларни амалга ошириш учун эса, Президентнинг вазиятга ишончи ниҳоятда юқори бўлиши керак.

Президентлик ҳокимиятини заифлаштириб, юқоридаги вазифаларни қилиб бўлмайди ёки бу иш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунинг учун Президент командаси жуда малакали ва юқори репутациядаги шахслардан иборат бўлиши лозим, Президентга бўйсунувчи кўплаб интеллектуал марказлар ишлаши керак бўлади. Вазият қачон эркин ҳолатга қўйилади? Қачонги олий ҳокимият “биз эркин вазиятни бемалол бошқара оламиз” деган ишонч бўлганда. Бунинг учун Президент командаси ниҳоятда кучли бўлиши назарда тутилади.

Вазиятни қиёслаш учун мисол келтирсам. Шундай томоша бор: катта шиша шарнинг ичида мотоцикл вертикал шаклда ҳам айланишга ҳаракат қилади. Ислоҳотлар борасида, Ўзбекистон ҳукумати, худди ўша шарни ичидаги мотоцикл бошқарувчисига ўхшайди. Йиқилиб тушишдан қўрқиб, газни босиш ўрнига, тормозни босмоқда. Шарни айланиш ва ғалаба қозониш учун эса, қўрқувни енгиш ва газни босиш керак. Тезлик гравитациядан кўра юқорироқ бўлиши, яъни, ислоҳотлар тезлиги инерциядан юқорироқ бўлиши керак! Ғалабанинг шарти шу!

Глобаллашув, омманинг иштирокини четлаб ўтадиган сиёсий тизим яратишни имконини бермайди. Ҳокимият жим турган ва муаммоларга муносабат билдирмаган, уларни ечими бўйича амалий қадамлар ташламаган ҳар бир кун – локализм давридаги ҳаракатсиз йилларга тенг бўлаверади. Глобализм даврида давлатни бошқариш, жамият тафаккурида легитим қолиш, кўпчилик ўйлаганидек, у қадар машаққатли вазифа эмас. Глобализм давридаги бошқарувни қоидаси, қуйидагича: репрессия қилиб, уриб-қонатиб, ўлдириб бошқариш имконсиз – кўпга бормайсиз! Жамиятнинг ишончига кириб, уни манипуляция қилиб ҳам, йиллар ўтиришингиз мумкин, аммо натижа яхши бўлмайди.

Лекин, жамиятни муаммоларига муттасил ва тизимни муносабат билдирсангиз, уларни изчил ечишда давом этсангиз – ҳокимиятингиз мустаҳкам ва легитим бўлаверади. Муваффақиятнин гарови – ислоҳотларни секинлаштириш эмас, тезлаштириш, тезроқ ҳаётий бошқарув тизими яратиш, ҳокимиятнинг барча буғинларида мустақил ва самарали ишлайдиган тизим шакллантириш ҳисобланади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан