Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Human хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрганларга пуллари қайтарилмоқда (фото)
20.02.2020 14:32,  
551

Human хусусий бандлик агентлиги мансабдорларининг фирибгарлигидан жабр кўрган бир гуруҳ фуқароларга пулларини қайтариш бошланди. Бу ҳақда «Дарё» нашри МИБ матбуот хизматига асосланиб хабар бермоқда.

Ушбу бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаевнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида жабр кўрган фуқароларга етказилган моддий зарарларни уларнинг ҳисоб рақамларига тезкорлик билан ўтказиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ, «Ипотека банк» ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларидан иборат таркибда ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилганди.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳлар томонидан 18—19 февраль кунлари ўтказилган ижро ҳаракатлари жараёнида 1 007 нафар фуқаро ўзларига ва яқинларига етказилган зарар масаласини қайтариш масаласида мурожаат этган.

Жабрланганларнинг 91 нафари республика ҳудудидан чиқиб кетгани аниқланиб, уларнинг яқин қариндошларига моддий зарарни қайтариш тартиби бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Қисқа вақт ичида 916 нафар ундирувчига банк хизмат ҳақи ундирилмасдан банк картаси очилиб, шундан 819 нафарига суд ҳужжатида кўрсатилган 17,2 миллиард сўм пул ўтказилган.

Шунингдек, банк карталарига тушган маблағларни фуқароларнинг талабларига кўра, бир вақтнинг ўзида ҳеч қандай банк хизмат ҳақлари ундирилмасдан нақд пул кўринишида берилмоқда.

Қолган 97 нафар ундирувчига пул ўтказишда ҳужжатларда техник хатоликлар аниқлангани сабабли ишчи гуруҳ томонидан уларни қисқа муддат давомида бартараф этиш ва пул маблағларини ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

«Шу ўринда моддий зарарни қайтариш масаласида мурожаат этмаган 69 нафар фуқароларимизга ҳудудларда ташкил этилган ишчи гуруҳларга мурожаат қилишлари ва етказилган зарар қисқа муддатда уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилишини эслатиб ўтамиз», — дейилади МИБ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Human бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаев ва бошқалар минглаб фуқаролардан Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан (таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда) 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пул олган. Бироқ амалда уларни ҳеч қаерга юбормай, жуда кўп миқдордаги маблағни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланиб, судга тортилганди.

Кейинчалик Human хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан 2-жиноий иши ҳам қўзғатилган. 2019 йил 16 декабрда Тошкент вилоятида салкам 1200 нафар фуқарони чув туширган ушбу бандлик агентлиги раҳбари устидан суд бошланган. 27 январда агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум этилди ва ундан 1 080 нафардан ортиқ жабрланувчи фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

ИИВ Тергов департаменти депозит ҳисоб рақамида сақланаётган пул маблағлари ва хатланган мол-мулкларнинг хомчўти судланувчи томонидан алданган фуқароларга етказилган зарарларни қопламаслигини тахмин қилган.

Human хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабрланган фуқаролар бош вазир Абдулла Арипов билан учрашув ташкил этилишини талаб қилиб, 17 февраль куни Тошкентдаги Мустақиллик майдонига тўпланган. Улар тергов ва суднинг якунини кута олмаслиги, ишсиз қолгани, айримларининг уйда болалари оч ўтирганини айтиб, уларга етказилган зарар тезроқ қоплаб берилишини талаб қилган.

Шундан сўнг бош вазирнинг таъкидлашича, Президент 1086 нафар жабрланувчига етказилган зарар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасидан қоплаб беришга кўрсатма берган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан