Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ИИВ нега фуқаролар маҳкум Акром Малик билан учрашувга қўйилмаганига изоҳ берди
22.02.2020 12:23,  
1402

Аввалроқ сайтимизда “Колонияда қисқа муддатли учрашувга кимлар кела олади? Ёки маҳкум Акром Малик бу учрашув ҳуқуқидан нега тўла фойдалана олмаяпти?“ сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда адвокатлар Ф.Мустонов ҳамда Т.Жуманиязовларнинг айтишича, уларнинг ҳимоясидаги маҳкум Акром Маликка уни кўргани келган дўстлари билан қисқа муддатли учрашув учун рухсат берилмагани айтилган.

Маҳкум Акром Маликнинг ҳолидан хабар олгани келган филология фанлари докторлари, профессорлар Р.Зоҳидов, А.Тилавов, шоира М.Шодмонова, ҳуқуқбон А.Турғунов, маҳкумнинг дўсти К.Юсуповлар қисқа муддатли учрашув рухсатини олишолмаган. Уларга қуйидаги важлар кўрсатилган:
1) филология фанлари доктори, профессор, таниқли навоийшунос Р.Зоҳидовнинг “эски праваси“ унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланмагани учун;

2) таниқли шоира М.Шодмонова маҳкумга “бегона аёл“ бўлгани учун;

3) дўсти, халқаро иқтисодчи дипломи бор, магистр даражасидаги К.Юсупов якшанба (дам олиш куни) иш вақтида келгани ва маҳкумнинг соқоли бироз қорайиб ўсиб қолгани учун улар қисқа муддатли учрашувга кира олмай қайтиб кетганлар.

Аммо А.Тилавов ҳамда А.Турғуновлар бирор сабабсиз қисқа муддатли учрашувга қўйилмаган.

ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси мақолада келтириб ўтилган важлар бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, содир қилган жиноятидан қатъий назар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, муассасада ўрнатилган ички тартиб қоидалар ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига тўлиқ риоя қилишлари шарт. Уларнинг қариндошлари ёки бошқа шахслар билан қисқа ва узоқ муддатли учрашувлари Ўзбекистон Республикаси ЖИК талаблари асосида берилади.

Хусусан, мазкур Кодекснинг 76-моддаси ва 114-моддаларида учрашув олиш тартиби белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади.

Маълум қилинишича, манзил-колонияларда маҳкумлар чекланмаган миқдорда учрашув олиш ҳуқуқига эга лекин, ушбу учрашувлар маҳкумларнинг ишдан бўш вақтларида берилади.

Шунингдек, манзил-колонияларида жазо муддатини ўтаётган шахслар билан учрашиш мақсадида ташриф буюрган фуқаролар муассаса маъмуриятига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этишлари лозим ва бунда асосий эътибор фуқаролик паспортига қаратилади.

Маҳкум А.Маликов билан қисқа муддатли учрашув олиш учун унинг иш жойига келган фуқаролар Р.Зоҳидов, А.Тилавов, А.Турғунов ва К.Юсупов муассаса масъул ходимларига шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилмаганлиги ва маҳкумларнинг иш вақтида борганликлари сабабли уларга қисқа муддатли учрашув тақдим этиш имкони бўлмаган. Жумладан,

- жорий йилнинг 9 февраль куни фуқаро А.Турғунов маҳкум ишда бўлганлигини ҳисобга олмасдан қисқа муддатли учрашув олиш учун муассаса маъмуриятига мурожаат этган. Маъмурият вакили томонидан қонунчилик талаблари тушунтирилган. Шунингдек, шахсига аниқлик киритиш мақсадида фуқаролик паспорти сўралганида фуқаро А.Турғунов томонидан тақдим этилмаган. Бундан ташқари, мақолада фуқаро М.Шодмонова (қисқа муддатли учрашув рухсатини ололмагани) қайд этилган аслида маҳкум А.Маликов билан учрашув амалга оширилган;

- жорий йилнинг 11 февраль куни фуқаро Р.Зоҳидов муассаса маъмуриятига яроқсиз ҳолга келиб қолган фуқаролик паспорти нусхасини(!) ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этган ҳолда маҳкум билан учрашув берилишини сўраб мурожаат этган. Ушбу ҳайдовчилик гувоҳномаси амалдаги қонунчиликка асосан шахсини тасдиқловчи ҳужжат саналмаслиги, шунингдек шу куннинг ўзида маҳкум билан учрашиш учун келган фуқаро А.Тилавовнинг ҳам шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлиги сабабли уларга қисқа муддатли учрашув тақдим этилмаган;

- жорий йилнинг 16 февраль куни фуқаро К.Юсупов ҳам масъул ходимларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмаган ҳолда маҳкум А.Маликов билан учрашув берилишини сўраб мурожаат этганлиги сабабли қисқа муддатли учрашув тақдим этишнинг имкони бўлмаган.

Жазони ижро этиш муассасаларда жазони ўтаётган маҳкумларга узоқ ва қисқа муддатли учрашув тақдим этиш асослари, жумладан тақдим этиладиган ҳужжатлар, учрашув тақдим этиладиган давр, иш вақти ва учрашув юзасидан муассаса раҳбариятини олдиндан хабардор қилиш кераклиги мунтазам равишда тушунтириб борилади. Бироқ, фуқаролар Р.Зоҳидов, А.Тилавов, А.Турғунов ва К.Юсупов маҳкум билан учрашув олиш бўйича амалдаги қонунчилик талабларига риоя этмаганликлари, ўз навбатида маҳкум А.Маликов 48-сон манзил-колонияси раҳбариятини учрашув масаласида олдиндан хабардор қилмагани мақолада қайд этилган тушунмовчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган, дейилади ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси баёнотида.

Шунингдек, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси маҳкумлар билан яқинларининг учрашувларини ташкил этишда турли тушунмовчиликлар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида фуқароларимиздан амалдаги қонунчилик талабларига риоя этишларини ва юқорида келтириб ўтилган маълумотларга амал қилишларини сўраган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан