Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






II Жаҳон уруши тарихидан: нега уруш тугашига яқин қолганда Дрезден яксон қилинди? (фото)
15.02.2020 09:39,  
2568

“Бу оловли бўрон даҳшатга соларди. Мени мислсиз қўрқув чулғаб олар, ўзимга-ўзим бир жумлани қайтарардим: “Тириклайин ёниб кетишни истамайман”. Нечта одамнинг жасади устидан югуриб ўтганимни билмайман. Мен фақат битта нарсани билардим: ёниб кетмаслигим керак!”

1945 йил 13 феврал куни Британия ҳарбий ҳаво кучлари Германия шарқида жойлашган Дрезден шаҳрига зарба берди. Британияликлар атиги бир неча кун ичида шаҳарга 4 000 тонна авиабомба ташлади.

Бомба тушиши сабабли келиб чиққан ёнғинлардан 25 минг киши куйиб ёки кислород етишмаслигидан ҳалок бўлди. 

Дрезден бомба ҳужумига учраган ягона шаҳар эмас эди. Иттифоқчилар Кёлн, Гамбург ва Берлинни ҳам ҳужумга тутди, ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди, йирик ҳудудлар тўлиғича ёниб кетди. Япония шаҳарлари – Токио, Хиросима ва Нагасаки ҳам бомба ҳужумидан омон қолмади.     

Дрезденнинг 1900 йилда олинган рангли сурати. Унда бомбардимонда вайрон қилинган бинолар аниқ кўриниб турибди ©️GETTY IMAGES

 

Аммо айнан Дрезден бомбардимони Иккинчи Жаҳон уруши вақтида иттифоқчилар амалга оширган энг зиддиятли амалиёт саналади. Дрезденнинг ҳарбий аҳамияти унинг бомбардимон қилинишини оқлаши ҳақидаги важлар савол уйғотади. Ҳатто ўша вақтдаги Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл ҳам ҳаво ҳужумидан кейиноқ шаҳарни бомбардимон қилиш лозимлиги борасида иккиланган. 

“Менимча, шунчаки қўрқитиб қўйиш учун немис шаҳарларини бомбардимон қилишни – гарчи бунга бошқача сабаблар кўрсатилаётган бўлса ҳам – қайта кўриб чиқиш вақти келди. Дрезденнинг вайрон қилиниши иттифоқчиларнинг бомбардимонларига қарши жиддий далил бўлиб қоляпти”, деб ёзганди у ҳисобот қайдларида.   

Дрезден – Саксония ерининг пойтахти. Урушгача бу шаҳарни иқлими ва меъморчилиги боис “Элба устидаги Флоренция”, “қимматбаҳо тақинчоқлар қутиси” деб номлашарди. 

1945 йил февралига келганда Дрезден Совет Иттифоқи ва нацистлар Германияси аскарлари ўртасида қақшатқич жанглар кетаётган Шарқий фронтдан атиги 250 км узоқликда жойлашган, немислар ҳамон қийинчилик билан мудофаани ушлаб турар, аммо урушнинг сўнгги ойлари кетаётгани аён бўлиб қолганди.

 

Ҳаво ҳужумида ҳам фугас – портлатувчи, ҳам ёндирувчи бомбалар баравар ташланган. ©️GETTY IMAGES

 

Дрезден ўша вақтда йирик саноат ва транспорт тугуни эди. Бу ерда жойлашган фабрика ва заводлар ўқ-дори, самолётлар учун эҳтиёт қисмлар ва Гитлер қўшини учун керак бўлган бошқа таъминот воситаларини ишлаб чиқарарди. 

Қўшин, танк ва артиллерия кучлари қуруқликдан ҳам, темирйўл билан ҳам Дрезден орқали ўтарди. Ҳарбий ҳаракатлар бораётган ҳудудлардан қочиб келган юз минглаб немис қочқинлари ҳам Дрезденда бошпана топганди. 

Британия Қироллик ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги берган баёнотга кўра ўша вақтда Дрезден бомбардимонга учрамаган Германиядаги энг йирик шаҳар бўлиб қолаётган эди. 

Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги Дрезденга ҳаво зарбаси бериш иттифоқчи Қизил армияга ёрдам беради, нацист қўшинларининг ҳаракатини тўхтатиб, немисларни шарқдан эвакуация қилишга халақит қилади, деган қарорга келди.

Иттифоқчилар бомбардимони натижасида Дрезденнинг катта қисми вайронага айланди. ©️GETTY IMAGES

Беш йиллик уруш давомида Британия ҳарбий ҳаво кучлари немис шаҳарларини бомбардимон қилишда иштирок этган ва янада қудратлироқ бўлиб олган эди. Самолётлар Дрезден осмони узра ҳам фугас, ҳам ёндирувчи бомбаларни ёғдирар, биринчиси биноларни портлатса, иккинчиси кучли ёнғин келтириб чиқарар – нишондаги жойни бутунлай вайрон қилиш кўзда тутилганди. 

Бундан аввалги ҳаво ҳужумлари Германиянинг бир қатор шаҳарларини тўлиқ ер билан яксон қилган эди. Юзлаб британ бомбардимончилари 1943 йил 25 июлдан 3 августгача “Гоморра амалиёти”да – Гамбург шаҳрини бомбалашда қатнашганди. Ўша пайтдаги иссиқ ва қуруқ ҳаво туфайли бу ҳужум шу қадар кучли оловли бўронни келтириб чиқарганидан шаҳар деярли тўлиқ йўқ қилинди; 45 000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди, 200 000 киши жароҳатланди, бир миллиондан ортиқ киши уйсиз қолиб, Гамбургни тарк этишга мажбур бўлди. 

Дрезденга ҳаводан зарба бериш 1945 йил 13 феврал куни бошланди. 800 га яқин бомбардимончилар йўл кўрсатувчи самолётлар бошчилигида йўлга тушди. Йўл кўрсатувчи самолётлар Дрездендаги “Острагеге” стадиони жойлашган ҳудудга огоҳлантирувчи ракеталарни йўллаб, ҳужум нуқтасини кўрсатиб берди. 

Бомбардимон оқибатида келиб чиққан кучли ёнғин ва ис газидан ўн минглаб инсонлар ҳалок бўлди. ©️GETTY IMAGES

Атиги 25 дақиқа ичида британ бомбардимончилари 1 800 тоннадан ортиқ бомбани ташлашга улгурди. 

АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига қарашли 520 дан ортиқ самолёт кейинги икки кун давомида ҳаво зарбаларида иштирок этди. Аслида уларнинг нишони темирйўл саралаш бекатлари эди, аммо йўл-йўлакай шаҳар марказидаги муҳим жойларга ҳам зарба беришди. 

Иккинчи Жаҳон уруши йилларида деярли қоидага айланиб қолган одатга кўра Америка ҳаво кучлари британ ҳамкасбларининг ишини кундузи давом эттирди.

Шаҳарнинг тинч аҳолиси даҳшатга тушди. Ҳаво ҳужумидан дарак берувчи сирена овозини эшитган кўпчилик бомбапаноҳларга яширинишга ошиқди. 

Кўплаб тарихий иншоотлар харобага айланди. ©️GETTY IMAGES

 

Бироқ шаҳарга берилган биринчи зарба электр таъминотини издан чиқарди. Натижада бомбардимоннинг иккинчи тўлқини бошланиши арафасида одамлар нафас олиш учун ташқарига чиқишга мажбур бўлди.  

Куйдирувчи ёнғиндан тирик қолган аксарият кислород етишмаслигидан жони узилиб ерга қулади. Ўша воқеалар гувоҳи бўлган Маргарет Фрайер боласи билан бомба ҳужумидан қутулиб қолган аёлни шундай тасвирлаб берган эди: “У югурди, йиқилди, боласи эса қўлидан отилиб чиқиб тўғри оловнинг ичига учиб тушди. Аёл ерда ётар, мутлақо ҳаракатсиз қотиб қолган эди”.

Дрезден бир неча йил давомида харобалар остида қолди. 1946 йилда олинган сурат. ©️GETTY IMAGES

 

Америкалик ёзувчи Курт Воннегут ўша пайтда ҳарбий асир бўлган; АҚШ аскари сифатида Ғарбий фрондаги урушда қатнашган Воннегут 1944 йил кузида немисларга асир тушган ва Германия шарқидаги меҳнат лагерларидан бирига ишлаш учун жўнатилган. У Дрезден бомбардимони пайтида кушхона ертўласига яширинган ва ҳалокатдан омон чиққан. 

“Дрезден улкан гулханга айланганди. Олов тирик бўлганларнинг барчасини, умуман, ёниши мумкин бўлган ҳамма нарсани ёндириб юборди”, деб ёзган у ўзининг “Бешинчи рақамли кушхона” китобида. 

У бомбаланган Дрезденни Ой юзасига қиёслаган: “Дрезден Ойга ўхшарди – ҳаммаёқ бир хил минералга айланиб қолганди, тошлар қизиб кетган, атроф ўлимга тўла эди”. 

Вайронага айланган бино қолдиқларини тозалашга бир неча йил кетди. ©️GETTY IMAGES

 

Бу амалиёт натижасида британияликлар олтита бомбардимончи самолётини йўқотди, улардан учтасига шаҳарга ташланаётган бомбалар теккани натижасида қулади; америкаликларнинг эса фақат битта самолёти уриб туширилди – немис артиллерияси ва ҳарбий ҳаво кучларининг душманга қаршилик кўрсатишга деярли ҳоли қолмаганди.

Нацистлар Германияси ушбу бомбардимондан дарҳол иттифоқчиларга қарши ташвиқот зарбаси бериш учун фойдаланди. Геббелснинг Тарғибот-ташвиқот вазирлиги “Дрезденда ҳеч қандай ҳарбий саноат бўлмагани, бу жой фақатгина маданий марказ бўлгани” ҳақида баёнот бериб чиқди.

Шаҳар ҳокимияти 25 минг киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганига қарамай (замондош тарихчилар ҳам шу рақамни айтади), нацистлар Дрезденда 200 минг тинч фуқаро ҳалок бўлганини даъво қилди. 

Дрезденнинг кўплаб туманлари Германия Демократик Республикаси йилларида ҳам қайта тикланмади. Дрезден қалъасининг 1969 йилда олинган сурати. ©️GETTY IMAGES

 

Дрезден Британияда диққатга сазовор сайёҳлик маркази сифатида машҳур эди. Шу сабабли парламентнинг кўплаб депутатлари ва жамоат фаоллари “Бу авиазарба асослимиди?” – дея савол бера бошлади. 

Ўша вақтда Ассошиэйтед пресс (Associated Press) нашр қилган маълумотда “иттифоқчилар қўрқув уйғотиш учун ўта кучли бомбардимон уюштиргани” айтилганди. 

Бироқ америкалик ва британиялик ҳарбий стратеглар худди бошқа немис шаҳарларида бўлганидек бу амалиётни ўтказиш зарур бўлганига урғу беради – бошқа шаҳарларда ҳам саноат инфратузилмаси, транспорт тизими ва ҳарбий объектларда ишлайдиган ишчилар яшовчи уйлар вайрон қилинган. 

1953 йили уруш натижалари ҳақида АҚШда чоп этилган ҳисоботда айни шу тарихий воқеага баҳо берилган: Дрезден бомбардимони натижасида шаҳардаги саноат иншоотларининг 23%и, аҳоли турар-жойларининг эса камида 50%и бутунлай йўқ қилинган ёки жиддий вайрон этилган. 

Фраункирҳе черкови. Ўнлаб йиллар мобайнида ҳарбий ёдгорлик бўлган бино Буюк Британия ва АҚШда тўпланган хайрия пуллари ҳисобига қайта тикланди. 2004 йилда олинган сурат. ©️GETTY IMAGES

 

Шунга қарамай, ушбу ҳисоботда “Дрезден ҳақли равишда ҳарбий нишон бўлгани” ва бу ҳаво зарбаси “қабул қилинган бомбардимон сиёсати”га мос ўтказилгани ҳақида айтилган.

Иттифоқчиларнинг Дрезденга ҳаво ҳужуми уюштириши ва бомбардимон қилиши борасидаги баҳслар ҳалигача тўхтамаган. Тарихчилар шундай савол қўйишади: бу бомбардимон ҳақиқатдан ҳам нацистларнинг ҳужумига халақит берганми, ёки уруш якунига етаётгани аниқ бўлган бир вақтда шунчаки тинч фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлганми?

Ушбу вазиятда – Нормандияга туширилган десант қўшинларидан фарқли равишда – бомбардимон иттифоқчиларга урушда ютишга қанчалик ёрдам берганини тушуниш жуда қийин.

Дрезден вайроналар устида қайтадан қурилди, аммо ўша бомбардимон асоратлари ҳануз кўзга ташланади. 2015 йилда олинган сурат. ©️GETTY IMAGES

 

Бир қатор мутахассисларнинг таъкидлашича, агар бу уруш жинояти бўлмаса ҳам иттифоқчиларнинг очиқ ахлоқий хатоси бўлган. Бироқ бошқаларга кўра бундай бомбардимонлар нацистлар Германиясини йўқ қилиш учун олиб борилган урушнинг зарурий қисми эди. 

Иккинчи Жаҳон урушининг бу лавҳасидан турли хил фитна назариячилари, холокостни инкор этадиган ўта ўнг ва экстремист қарашдаги кишилар ўз манфаати учун фойдаланади. Улар ҳужумда қурбон бўлганлар сони борасида нацистлар келтирган маълумотларга таянади ва Дрезден бомбардимонини фожеавий сана сифатида нишонлайди. 

Бомбардимондан буён 75 йил ўтган бўлса ҳам бу воқеа ҳалигача кўплаб эҳтирос ва баҳсларга сабаб бўлиб келяпти. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан