Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ислом динида касалликнинг юқиши йўқми?
23.03.2020 18:34,  
2737

Юқумли касалликлар ўз юқиш йўллари орқали бир кишидан бошқасига юқиши мумкин. Бу бор нарса. Динда ҳал бўлган масала. Юқиши бу интиқол этиши, ўтиши демакдир. Мисол учун инсон организми, унинг қони турли хил бактерия ва вирусларга маскан бўлади. Қон орқали юқадиган вируслар қон орқали, ҳаво-томчи орқали юқадиган вируслар ҳаво-томчи орқали юқиши мумкин.

Эътибор беринг, “юқиши мумкин“ деяпмиз. Чунки, иммунитети кучли инсонлар баданига мазкур вирус кирганда яшаб кетолмаслиги, т-лимфоцитлар ҳужумига учраб, йўқ қилиб юборилиши ҳам мумкин. Демак, юқиш сабаби топилганда ҳам Аллоҳ яратган бошқа бир сабаб туфайли йўқ бўлиб кетиши мумкин. Ёки, юқишга йўл очадиган вазиятлар олди олинса, масалан, грипп каби касалликлардан сақланиш мақсадида тиббий ниқоблар тақилса, шунингдек, бошқа гигиена қоидаларига риоя қилинса, сабаблар ишга солинган бўлади ва натижада касаллик ўша кишига юқмайди. Ёки, касаллик юқиши учун барча сабаблар мавжуд бўлса ҳам, Аллоҳ изн бермаса, улар ортга чекиниб, касаллик юқмаслиги ҳам мумкин. Аммо, биз сабабларни ишга солмасдан таваккал қилишга буюрилмаганмиз. 

Баъзилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “لا عدوى ولا طيرة“ яъни: “адво (касаллик юқиши) йўқ, шумланиш ҳам йўқ“ (Бухорий: 5776-ҳадис), деган сўзларининг зоҳирини ушлаб, касаллик юқмайди, деган эътиқодда юрадилар. Бу бир неча жиҳатдан хато тушунча ҳисобланади. Чунки, ҳадиси шарифдаги “لا عدوى“ сўзидан турли маъно чиқиши мумкин.

1. Касаллик қандайдир мистик равишда юқиши ҳақидаги жоҳилий эътиқоддан қайтариш. Жоҳилият даврида одамлар касаллик ўз хоҳши билан одам ёки ҳайвонлардан исталган бирига юқиб олади, деган бузуқ ақидада эдилар. Шунга кўра, ҳадиси шариф мазкур ботил тушунчани рад этган, касалликнинг мутлақ маънода юқишини эмас. Зеро, касаллик юқиши асрорангиз (яъни сирли) ҳолат эмас балки, у илмий жиҳатдан ниҳоятда оддий очиқламага эга.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касаллик ўз сабаби топилганда Аллоҳнинг изни билан юқишини инкор қилганларида, вабо тарқалган жойга бормасликка ва вабо тарқалган жойдан бошқа ёққа қочиб чиқмасликка чақирмаган бўлардилар.

3. Мазкур сўз инкор эмас балки, қайтариқ маъносига эга. Яъни, Набий алайҳиссалом соғлом ҳайвонларни касал ҳайвонлар орасида ўтлатиб, улардаги касаллик бир-бирига ўтишига замин яратишдан қайтарганлар.

Хуллас калом, касаллик юқиши илм-фан тараққий этиб, аниқ исботини топгандан сўнг, бу масалада бир томонлама фикрлаб, касаллик мутлақ юқмайди, деб ўйлаш катта хатодир. Зеро, юқорида кўрганингиз каби ҳадиснинг арабий матни ҳам айнан шу маънога далолат қилмайди. Ҳадис давомида “ولا طيرة“ (шумланиш ҳам йўқ) дейилиши ҳам ушбу сўзни тасдиқлайди. Зеро, бу сўз билан шумланиш ҳолатининг ташқи оламда мавжудлиги инкор қилинмаяпти.

Ахир, жоҳилият арабларида шумланиш жуда кучли бўлган. Балки, шумланишдан қайтарилмоқда. Бинобарин, ҳадис матни кўринишдан нафий (инкор) аммо, маъноси наҳий (қайтариш) бўлиши мумкин экан. Шундай экан, то, илм-фан ривожланиб касаллик юқиши ўз илмий исботини топгунга қадар ҳадиси шарифни зоҳирига қараб тушунган ва шунга кўра изоҳлаган олимларнинг сўзлари бу ўринда ҳужжат қилинмайди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан