Исроил ҳукумати мамлакатда коронавирус тарқалиши сабабли қаттиқ карантин чораларини кўришни маъқуллади. Қарор якшанба куни бўлиб ўтган етти соатлик ҳукумат йиғилишидан сўнг қабул қилинди, деб ёзади The Jerusalem Post.
Такрор карантин 18 сентябрь куни соат 14:00 дан кучга киради ва уч ҳафта - 9 октябргача давом этади. Айни пайтда мамлакатда таълим муассасалари, ресторанлар, савдо ва бизнес марказлари ёпиқ бўлади. Исроил аҳолисига уйларидан 500 метрдан узоқроққа чиқиш тақиқланади. Шунга ўхшаш карантин чоралари мамлакатда март ойининг ўрталаридан май ойининг бошларига қадар амал қилган.
Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, Исроилда 156 мингдан ортиқ COVID-19 инфекцияси қайд этилган. Инфекциядан мингдан ортиқ одам вафот этди, 115 минг киши соғайиб кетди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ўтган кун давомида дунё бўйлаб 307,9 мингта COVID-19 инфекцияси аниқланди - бу пандемия давридаги янги рекорд ўсиш. Дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганларнинг умумий сони 29 миллионга яқинлашмоқда.