Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон 16 мартдан эътиборан халқаро авиақатновларни бекор қилган эди. Шу сабабли 200 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси бир неча кундирки Туркиянинг Истанбул шаҳридаги халқаро аэропортда яшамоқда.
Маълумотларга кўра, йўловчиларнинг борадиган жойлари бўлмагани учун аэропортда қолишга мажбур бўляпти. Бу эса фуқароларимизнинг тоза сув, озиқ-овқат ва санитария ҳимоя маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини вужудга келтирди.
Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар жамиятининг Sof.Uz нашрига хабар беришича, Туркиянинг Инсоний ёрдам фонди (IHH) аэропортида қолиб кетган барча ватандошларимизни озиқ-овқат ва тозалик маҳсулотлари билан беғараз равишда таъминлади. Агар юқоридаги маҳсулотларга эҳтиёж туғилса, яна етказиб берилишига ваъда берилди.
Эслатиб ўтамиз, хориж мамлакатларидаги ва оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан Республика махсус комиссияси фуқароларни мамлакатга қайтариш бўйича авиарейслар ташкиллаштирмоқда.
Маълумот учун, Туркияда 26 март куни коронавирус билан касалланганлар сони 2 433 кишини ташкил қилмоқда.