Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Жаҳонда коронавирус билан касалланиш бўйича рекорд қайд этилди
6.01.2022 17:43,  
75

Дунёда коронавирус пандемияси бошланганидан буён мутлақ рекорд кўрсаткич қайд этилди. Кеча сайёрамизнинг 2,6 миллиондан ортиқ аҳолисида COVID-19 инфекцияси аниқланди.

Беморлар сонининг максимал ўсиши АҚШ ҳиссасига тўғри келди — 885 мингдан ортиқ ҳолат. Европанинг қатор мамлакатларида ҳам рақамлар кескин ошиб бормоқда.

Масалан, 5 январь ҳолатига кўра, Францияда 322,8 минг, Буюк Британияда 193,8 минг, Италияда 189 минг киши коронавирусни юқтириб олган. Рўйхатга олинган ҳолатларнинг асосий қисмини “омикрон” штамми ташкил этмоқда.

Шунга қарамай, мутахассислар эпидемиологик вазиятнинг оғирлигини инфекциялар сонига эмас, балки касалхонага ётқизилганлар миқдорига қараб баҳолаш кераклигини таъкидлашмоқда.

Чунки “омикрон” қанчалик тез суръатларда тарқалмасин, у туфайли шифохонага ётқизилиш ва ўлим кўрсаткичлари “дельта”га нисбатан сезиларли даражада паст.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти Абди Маҳмуд бу ҳолатни янги штамм коронавируснинг бошқа вариантлари сингари ўпкага эмас, балки фақат юқори нафас йўлларига зарар етказиши билан изоҳлади. Бу эса беморларда касаллик нисбатан енгилроқ аломатлар билан ўтишини таъминлаяпти.

Профилактик чоралар ҳар қанча кучайтирилмасин, бу вирус тури чегараларни тан олаётгани йўқ. Масалан, Грузияда “омикрон” билан илк касалланиш ҳолати 20 декабрь куни аниқланган эди. Аммо орадан қисқа вақт ўтиб, янги штаммни юқтирганлар сони 147 нафарга етди.

Хитойда айни пайтда 2022 йилги Қишки Олимпиада ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Шундай муҳим паллада мамлакатда пандемиянинг янги тўлқини авж олса, ҳаммаси чиппакка чиқиши мумкин.

Шу сабабли Хитой ҳукумати бу касалликка қарши жуда кескин чоралар кўришга мажбур бўлмоқда. Мисол учун, Ючжоу шаҳрида 3 кишида коронавирус қайд этилгач, бутун ҳудуд бўйлаб қатъий локдаун жорий этилди.

Энди шаҳарда маълум муддат жамоат транспортлари қатнови тўхтатилган, шахсий автомобиллардан фойдаланишга ҳам тақиқ қўйилди. Аҳолига зарурат бўлмаса, уйдан чиқмаслик тавсия этиляпти.

Шундай мураккаб вазиятда Франциянинг Марсель шаҳридаги Юқумли касалликлар институти олимлари яна бир хавотирли янгиликни эълон қилишди.

Қайд этилишича, икки ойча аввал Камерунда аниқланган коронавируснинг янги “IHU” — B.1.640.2 штамми Франция бўйлаб ҳам тарқалмоқда. Тадқиқотчилар фикрича, янги вариант 40 дан ортиқ мутацияни ўз ичига олган. Унинг таҳдид даражаси ҳозирча маълум эмас. Янги штамм Франция жануби-шарқидаги шаҳарларда яшовчи 12 нафар фуқарода қайд этилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан