Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда жамоат транспорти нархи камида 2,5-3 баробарга оширилиши керак
19.09.2019 19:25,  
4736

Бу таклифни ўқиганларнинг хаёлига биринчи бўлиб ақли жойидами бу одамнинг, ахир одамларимиз шусиз ҳам моддий етишмовчилик, ишсизликлардан қийналаётган бўлса, йўл ҳақини 3 баробарга ошириш нимаси, қабилидаги фикрлар келиши мумкин.

Бир томондан қараганда Ўзбекистондаги ҳозирги ойликлар, даромадлар ва шарт-шароитлар билан йўл ҳақини ошириш адолатсизликдек кўринади. Лекин йўл ҳақи миқдорлари реал сарф-харажатларга мос келмаётгани, яъни керагидан анча паст экани очиқ-ойдин ҳақиқат. Буни қуйидаги маълумотлар ҳам исботлаб турибди:

2018 йилнинг тўртинчи чораги ва жорий йилнинг биринчи чорагида «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси тузилмасидаги Тошкент автобус саройларида 38,715 млрд сўм, «Тошкент метрополитени»да эса бутун 2018 йил давомида ва 2019 йилнинг биринчи чорагида 9,011 млрд сўм миқдорида қарздорлик ҳосил бўлган.

Эътибор қилинг: Тошкентдаги автобус саройлари бор-йўғи икки чорак ичида биргина дизел ёқилғиси учун «Ўзбекнефтгаз» компаниясидан 38,715 млрд сўм қарздор бўлган. Метрополитен эса бир йилу тўрт ой ичида электр энергиясидан 9,011 млрд сўм қарз бўлиб қолган. Натижада Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарздорликларни ёпиш учун республика ва пойтахт бюджетидан маблағ ажратиш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу нимани англатади? Бу йўл ҳақи реал сарф-харажатлардан паст бўлгани учун қарздорлик келиб чиққани ва уларни қоплаш яна халқнинг зиммасига юкланаётгани, яъни солиқ ва бошқа тўловлардан шаклланадиган республика бюджетидан қўшимча маблағ ажратилаётганидан далолат беради. Аммо бу нақадар адолатли?

Ахир ҳамма ҳам жамоат транспортидан фойдаланмайди, ўз шахсий транспорти, хусусий автобус ва таксилар хизматларидан фойдаланадиганлар ёхуд икки минг сўмни тежай деб иши, ўқишига велосипедда ёки пиёда бориб-келаётганлар қанча? Нима учун улар тўлаётган солиқлар ҳисобидан бошқалар жамоат транспортида арзонроққа юриши керак? Нима сабабдан пойтахтдагилар автобус-метрода арзонроқ юриши учун бошқа вилоятдаги солиқ тўловчилари пул тўлаши керак (бюджетнинг қўшимча даромадлар қисми ҳам халқ ҳисобидан шакллантириладими)?

Бундан ташқари, ойлик йўл чипталари тизими ҳам иқтисодий жиҳатдан зарар келтираётган бўлиши мумкин. Чунки битта чиптадан бир ой ичида чексиз ва мақсадсиз фойдаланиш мумкин. Шу боис ижтимоий ҳимоя мақсадида чиқарилган бу чипталардан саноқли марта (масалан, бир ойда 200 марта транспортга чиқиш каби) фойдаланиш каби чекловчи механизмлар ишлаб чиқилиши керак.

Ўзбекистонда жамоат транспорти жуда ҳам арзон эканини бошқа давлатлар, жумладан қўшни Қозоғистондаги йўл ҳақлари билан таққослаб ҳам билиш мумкин. Тўғри, у ердаги ойлик-даромадлар билан Ўзбекистондаги маошлар, тушумлар ўртасида катта фарқ бор, дейишингиз мумкин. Лекин ҳар бир меҳнат, ҳар бир хизматнинг нархи таннархидан келиб чиққан ҳолда ўз асл баҳоси, қийматида белгиланмас экан, бундан фақатгина хизмат кўрсатувчилар эмас, балки истеъмолчилар ҳам зарар кўради. Энг камида арзоннинг оши татимас, деганларидек, хизмат кўрсатиш сифати, оптимал йўналишлар ва интервалларда, ҳаракат жадвалларида ҳам муаммолар кўзга ташланаверади. Буни ўтган ҳафта охирида Тошкентда дизел ёқилғиси бўлмагани сабабли автобусларнинг йўналишларга чиқмагани, интервалларнинг чўзилиб кетганидан ҳам кўриш мумкин.

Қолаверса, ҳар бир маҳсулот ва хизмат аслидан арзон баҳоланаётган экан, сизнинг ҳам меҳнатларингиз нархи пастлигича қолаверади. Бу сиз кимнингдир меҳнатини паст баҳолаб, арзонга нархлаётган бўлсангиз, сизни ҳам бошқалар ерга уришда давом этаверади, дегани.

Бунинг устига, бюджет маблағлари қайсидир боқиманда, ўзини ўзи эплай олмаётган давлат ташкилотларини молиявий соғломлаштиришга эмас, балки инфратузилмаларни ривожлантириш, халқ учун шарт-шароитлар яратишга кўпроқ сарфланиши керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан