Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Жамшид Хўжаев фотомухбир олган суратларнинг ўчирилиши юзасидан муносабат билдирди
26.01.2021 19:01,  
1004

Daryo.uz сайти фотомухбири Мадина Нурман Бухоро шаҳрига хизмат сафари пайтида бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев акс этган икки фотосуратни ўз Telegram-каналида эълон қилган ва кўп ўтмай, расмни ўчиришга мажбур бўлганини билдирганди.

Мадина Нурманнинг сўзларига кўра, суратлар эълон қилингач, «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатлари учун хизмат қилувчи ташкилот» вакиллари фотомухбирдан суратларни ўчириб ташлашни илтимос қилиб сўраган ҳамда буни «босим бўляпти» дея изоҳлашган.

«Расмлар ўчди, афсуски. Шуҳрат Ғаниевнинг ёнидаги вазир канал муаллифи томонидан бошқа расмга олинмайди. Интернетдан оламиз хабарларимизга керак бўлиб қолсалар. Минг бор узр!» – дея хабар қолдирган фотомухбир ўз каналида. Кейинроқ маълум бўлишича, суратни ўчиртирганлар бу постни ҳам ўчиришни сўрашган.

Ўчирилган суратлардан бири / Фото: Daryo.uz

Мадина Нурманнинг юқоридаги изоҳидан кейин, Ўзбекистондаги кўплаб блогерлар фотосуратчига босим бўлган деган тахминда бу суратларни ўз каналларига пост қилиб қўйиб, улаша бошлади.

Шу куннинг ўзида қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев фейсбукдаги саҳифасига иккала суратнинг скриншотини жойлаб, бу воқеаларга ўз муносабатини билдирди.

Вазирга кўра, бу ишлар унинг аралашуви ёки топшириғи билан бўлмаган.

«Хайплар қандай пайдо бўлишига энди шахсан гувоҳ бўлдим. Менинг ўрнимга ўйлаб, фараз-у ихтиролар қилишни, бир томонлама хулосалар чиқаришни давом эттирмасликлари, буларнинг барчасини худди мансабдорлар ва ОАВнинг тўқнашуви сифатида талқин этмасликлари учун ўз фикрларимни билдиришга қарор қилдим.

Бундан бир неча соат илгари, кундузи дўстларим ушбу икки фотосурат битилган репостларни юбора бошлашди. Фотосуратлар мени умуман ажаблантирмади, чунки фотограф бизни суратга олаётганини кўрганман ва улар яқин орада интернетга жойлаштирилишини ўшандаёқ тушунган эдим. Фотосуратчи қизни турли расмий тадбирларда бир неча бор кўрганман.

Ажабланарли ҳолат кейинроқ бўлди. Ушбу фотосуратлар муаллиф томонидан гўёки менинг аралашувим билан олиб ташлангани ҳақидаги янги хабарлар кела бошлади.

Кейинроқ билсам, фотосуратлар, айнан эса уларнинг остига ёзилган изоҳларни вазирлик матбуот котиби Нигора этикага тўғри келмайди, деган хулосага келган. Ҳамкасблари орқали фотосуратлар муаллифи билан боғланиб, тушунтирмоқчи бўлган. Фотолар муаллифи ва уларни олиб ташлашни илтимос қилганлар ўртасидаги мулоқот қандай ўтганидан бехабарман, аммо ўзи журналист бўлган Нигоранинг айтишича, муаллиф билан ҳамкасб сифатида мулоқот қилмоқчи бўлган.

АГАР БОСИМ ЁКИ ТАЗЙИҚ ЎТКАЗИЛГАН БЎЛСА, ИЛТИМОС, МЕНГА ХАБАР БЕРИНГ, БУНИ БИЛИШНИ ИСТАРДИМ. (Фейсбукда дўстмиз, бемалол ёзинг)

Аммо ундай эмаслигига шубҳам йўқ. Чунки иш мобайнида Нигорани жуда яхши билиб олганман – у хушмуомала ва андишали инсон.

Агар буларнинг барчаси хайп учун, «очко» олиш учун қилинмаётган бўлса, ҳар қандай ишда мулоқот учун ўрин борлиги ҳақида унутмайлик. Матбуот котибларининг журналист ва блогерлар билан мулоқотлари хайпга айланмаслиги лозим, бу ишга оид жараёнлар ахир. Агар бирор мутахассис бошқасига ўз фикрини етказмоқчи бўлса, бойкот эълон қилмасдан, буларнинг барчасини янги ахборот баҳоналарига айлантирмасдан уни тинглаш ва ҳақиқатан ҳам эшитиш мумкин албатта.

Фотосуратлар ва, умуман, журналистикада шундай ноодатий форматлардан фойдаланилишига келадиган бўлсак, тан олиш керак, бу анча қизиқарли ва ностандарт ёндашув. Шу боисдан мазкур икки фотони шу ерда, лентамда қолдираман.

Мадина, фотосуратларингиз яхши чиқибди, менга умуман расмлариз ёқади. Фақатгина ўй-фикрларимни нотўғри ўқибсиз. Кейинги сафар, марҳамат, бемалол яқинроқ келинг ва саволингизни беринг, мен ҳамиша суҳбат учун очиқман. Барчамизнинг ишларимизга омад!» – дея ёзган вазир.

Daryo.uz Жамшид Хўжаевнинг бу изоҳини эълон қилар экан, унга қуйидаги фикрларни ҳам қўшимча қилган:

«Daryo.uz таҳририяти юз берган бу ҳолат нафақат суратларни, балки у ёки бу материалларни ҳам ўчириш ёки ўчиришга тенг даражада таҳрирлашни сўрайдиган шахсларга сабоқ бўлади ва уларни бундай ўринсиз илтимослар олдидан жиддий ўйлаб кўришга ундайди, деб ишонади».

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан