Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сонини камайтириш бўйича “Тошкент вилояти тажрибаси” яратилади
29.12.2021 10:22,  
71

Нурафшон шаҳрида Тошкент вилоятидаги маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев раислигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Олимжон Салиев, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ишчи гуруҳи вакиллари, секторлар раҳбарлари, тегишли бошқармалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тизим мутахассислари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ўрганиш натижалари танқидий ва таҳлилий муҳокама қилинди.

photo2021-12-2817-38-31.jpg
Қайд этилганидек, маҳаллаларда учраётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, фарзандлар тарбияси, кексаларни эъзозлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар жойларда ўз акс-садосини бермоқда.

photo2021-12-2817-39-01.jpg

Хусусан, вилоятда “Темир дафтар” рўйхатига киритилган 11 мингта кам таъминланган оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан 46 миллиард сўм маблағ ажратилди. “Аёллар дафтари”даги 80 минг нафар хотин-қизга манзилли ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, улардан 33 минг нафарининг бандлиги таъминланди, 4,3 минг нафари тадбиркорликка ўқитилди, 4,4 минг нафарига тадбиркорликни бошлаши учун 81 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Шунингдек, 7 минг нафар боқувчисини йўқотган, 6,5 минг нафар 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ва 2 минг нафар қарамоғида болалари бор ёлғиз аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 14,6 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ўз навбатида, нотурар жойлар ва ижарада яшаётган 1 минг 12 нафар аёл уй-жой билан таъминланди.

photo2021-12-2817-38-42.jpg
Бироқ, жамиятда учраётган кўплаб муаммоларнинг асл илдизи ҳали-ҳануз маҳаллаларда аҳолининг кундалик маиший турмушга доир муаммоларига етарлича эътибор берилмаётгани, моддий, ҳуқуқий асослари мавжуд бўлган масалалар ечимига ҳам айрим ҳолларда панжа ортидан қаралиши сабаб бўлиб қолаётгани бор гап.

Йиғилишда маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни олдини олиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш соҳасида йўл қўйилаётган камчиликларнинг вужудга келиш сабаблари ва омилларига ўрганилган оилалар мисолида батафсил тўхталиб ўтилди.

photo2021-12-2817-39-11.jpg

Таҳлилларга кўра, ҳозир маҳаллаларда оилавий ажримлар, ишсизлик, нотинч оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, уюшмаган ёшлар ва тарбияси оғир, вояга етмаганлар ва улар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони ва миқдори ҳануз баланд. Вилоятда биргина кам таъминланган оилалар 10 минг 675 тани ташкил қилмоқда. Шуни алоҳида эътиборга олиб, келгусида жамиятимизнинг бу тоифадаги қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва камайтириш бўйича Тошкент вилояти тажрибасини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Йиғилишда бир қатор йўналишларда олиб борилган ўрганишлар сарҳисоб қилинди. Ишчи гуруҳ мутахассислари томонидан жойлардаги 100 дан зиёд оилаларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилиб, тегишли тартибда ёрдам кўрсатиш бўйича назоратга олинди.

Афсуски, вилоят бўйича кам таъминланган оилалар сони ўтган йилга нисбатан 1 минг 676 тага ошган. Ҳудудлар кесимида бу тоифадаги оилаларнинг энг кўпи Ангрен, Бекобод, Олмалиқ шаҳарлари, Тошкент, Қуйи Чирчиқ, Чиноз ва Бўка туманларида қайд этилди. Бунинг асосий сабаблари ишсизлик, уй-жойга муҳтожлик кабиларга бориб тақалмоқда. Бу муаммоларни бартараф этишда жойларда тизимли ёндашувлар етишмаяпти. Шу боис, биринчи галда кам таъминланган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни талаб даражасида ташкил этиш зарурлиги қайд этилди йиғилишда.

Таъкидланганидек, бугунги кунда 5 минг 425 нафар кам таъминланган оилаларнинг ишсиз аъзолари мавжуд. Бу кўрсаткич Бекобод шаҳар, Бекобод, Бўка, Янгийўл ва Оҳангарон туманларида, айниқса, юқори.

Уларнинг меҳнат бозорлариида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш борасидаги ишлар ҳам қониқарли эмас. Айтайлик, сартарошлик, дурадгорлик, косиблик, тикувчилик каби оммавий ва анъанавий касб-ҳунарларни ўрганишга иштиёқмандлар кўп, гап уларга шароитни таъминлаб беришда қолмоқда.

Кам таъминланган оилаларнинг томорқасидан самарали фойдаланиш учун имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш борасида ҳам қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Жойлардаги 400 дан зиёд оиланинг томорқа хўжалигини юргизиш, иссиқхоналар қуриш, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун субсидиялар сўраб қилган мурожаатлари қондирилмаган.\

Бундан ташқари, шу пайтгача вилоят бўйича жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 46 нафар шахснинг бандлиги таъминланмаган.

Вилоят раҳбари бу инсонлар жамиятнинг ҳар бир аъзоси каби меҳнат ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишга ҳақли эканини таъкидлаб, уларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини уқтириб ўтди. Айниқса, ижтимоий мослашув марказлари мутахассислари томонидан бу масала бўйича жойларда ишни оқилона ва самарали ташкил этиш борасида ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Хусусан, кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўриш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, такрорий экин учун ер ажратиш, тиббий ёрдамлар ва ҳуқуқий, психологик кўмакларни кўрсатиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига, уй-жойини таъмирлашга, фарзандларининг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда тилга олинган ҳар бир йўналиш бўйича аниқланган салбий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш юзасидан туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбари ва тизим масъулларига тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди. Қўйилган вазифалар ижроси вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олиниб, мунтазам муҳокама этиб борилиши билдирилди.

Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, улар сонини камайтириш бўйича “Тошкент вилояти тажрибаси”ни яратиш бўйича 2022 йил 1 сентябрга қадар муддатга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш белгиланди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан