Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Келажак яқин: ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автомобиллар
3.12.2019 11:48,  
515

Қуйидаги видеода тилга олинган кўп техник маълумотларни яхши тушунмадим. Лекин у менинг яшашга бўлган иштиёқимни яна ҳам оширди. Бу каби видеоларни томоша қилганимда ХХI асрда, шундай технологиялар даврида, Америкада яшаётганимдан хурсанд бўлиб кетаман.

Хуллас, бу видео электромобиллар ишлаб чиқарувчи Тесла компаниясининг “Autonomy Day” деб номланган конференциясидан намойиш. Унда компания раҳбари Илон Маск ва Тесланинг автоном ҳаракатланиш бўйича тадқиқотларини бошқарувчи икки йигит айнан мустақил ҳаракатланувчи автомобиль яратиш бўйича шу пайтгача амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот беради.

Уларнинг ишонч билан айтишича, 2017 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган ҳар бир Тесла автомобили 100 фоиз мустақил, ҳайдовчисиз юриш имкониятини берувчи технологияга (hardware) эга, фақат бунинг дастурий таъминоти (software) тўла ишга туширилса бас. Шунингдек, ҳукумат тасдиғи ҳам керак бўлади.

Теслаʼни автоном ҳаракатланиш технологияси бўйича дунё етакчи дейиш мумкин. Чунки у шу пайтгача сотилган барча автомобиллари орқали юрилган йўллар, йўллардаги турли шароитлар ҳақида миллионлаб километрли маълумотлар базасига эга. Мана шу маълумотлар асосида у автоном ҳаракатланиш технологиясини ривожлантириб бормоқда.

Бу технология асосида “Тесла”нинг мияси - иккита компьютер туради, яъни ҳар бир автомобилга иккита кичкина компьютер ўрнатилган. Компьютер чипларини ҳам “Тесла”нинг ўзи яратган. Энг қийини шу бўлди, дейди Илон Маск.

Бу компьютерларга автомобилдаги саккизта камера уланган. Бундан ташқари, сенсорлар ва радар орқали тинимсиз маълумот келиб туради. Иккита компьютер бир-биридан мустақил равишда бу ахборотларни қайта ишлаб, қайси йўлдан қандай юриш бўйича машинага буйруқ юборади. Ҳар иккиси бир хил натижани кўрсатгандагина автомобиль ҳаракатланади; яъни ҳар икки компьютер бир хил аниқликдаги натижани қайд этиши керак.

“Weimo”, “Uber” каби мустақил ҳаракатланадиган автомобиллар устида ишлаётган бошқа компаниялар маълумотлар олишда, асосан, “лидар“ деган технологиядан фойдаланмоқда. “Лидар“ – машина ва бошқа объектлар орасидаги масофани аниқлашда, объектлар ҳажмини билишда энг яхши технология ҳисобланади, аммо жуда қиммат. Илон Маскка кўра, камера, сенсор ва радар турганда, “лидар“га умуман ҳожат йўқ. Шу боис “Тесла” ўз технологиясида “лидар“дан фойдаланмаган.

Илон Маскка кўра, бугун янги автомобиль сотиб олишни ният қилган одам “Тесла”ни олмаса, молиявий жиҳатдан ғирт аҳмоқлик қилган бўлади. Чунки, дейди у, бугунги автомобиллар уч йилдан кейин “Тесла” олдида машина эмас, отга ўхшаб қолади, яъни бу пайтга келиб “Тесла” электромобиллари аллақачон мустақил ҳаракатланаётган бўлади.

“Тесла” олдига қўйган мақсадлардан яна бири яқин йиллар ичида “РобоТахи” хизматини йўлга қўйишдир. Яъни ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган, мустақил равишда мижозларга такси хизматини кўрсатадиган тизим. Сиз кундузи ишда бўлганингизда “Тесла” автомобилингизни шу тизимга қўшиб қўйишингиз мумкин ва у кун бўйи сиз учун таксичилик қилиб, пул ишлаб юради.

Маскнинг яна айтишича, яқин келажакда автомобилларни қўлда инсон томонидан бошқарилиши тақиқланиши мумкин. Чунки, дейди у, автоном ҳаракатланиш шу даражада хавфсиз бўладики, машина бошқаришни одам қўлига топшириш инсон соғлиги учун ўта хавфли деб топилади.

Видео орқали бутун дунёга узатилган бу мулоқотнинг ўзига хос яна бир жиҳати шундаки, “Тесла” ўз технологиясини бошқаларга кўрсатишдан қўрқмайди; ундан ғоя ёки технология ўғирлашлари мумкинлигидан ҳам ҳадиксирамаган. Презентацияда компьютер ва ундаги чипларнинг қандай ясалгани деталларигача батафсил тушунтириб берилган.

Хуллас, келажак анча порлоқ ва бу келажакда яшаш янада завқли.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан