Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Кўчада бемақсад юриш нима дегани? Бунга қандай жавобгарлик бор?
19.04.2020 22:56,  
1626

Айрим фуқароларда кўчада бемақсад юриш нима ўзи ва бунга риоя қилмаса қандай жавобгарлик мавжуд деган саволлар туғилмоқда. Бу ҳақдаги саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Сардорбек Сотиволдиев жавоб берди.

Маълумки, Республика махсус комиссияси қарорига асосан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари, Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида фуқароларнинг уйдан кўчага бемақсад ва сабабсиз чиқмасликлари учун мажбурий равишда ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилган.

Белгиланган тартибга кўра, “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзида кўчага фақат қуйидаги сабаблар билан чиқиш мумкин:

биринчидан, ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун. Бунда шахс фақат ўзининг яшаш ҳудудидаги дўкон ёки дорихонага бориши назарда тутилади;

иккинчидан, шифокор кўригига мурожаат этиш учун;

учинчидан, иш жойига бориш ва келиш учун.

Шунингдек, Махсус комиссия қарори билан Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида уй ҳайвонлари (уй итлари)ни уйдан 100 метр атрофида кунига бир маротаба сайр қилдиришга рухсат берилди.

Ушбу ҳолатлардан ташқари бошқа мақсадларда кўчага чиқиш бу бемақсад кўчага чиқиш сифатида қаралади ва карантин қоидаларини бузиш ҳисобланади. Мисол учун, сайр, спорт билан шуғулланишга ёки шунчаки яқин қариндошини кўришга чиқиш ҳам бемақсад кўчага чиқиш деб топилади.

Хорижда бу бўйича амалиёт қандай?

Аксарият хорижий давлатларда ҳам ўзини яккалаш ҳаёт тарзи жорий этилган ва кўчада бемақсад юрганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Хорижий давлатларда ҳам бизга ўхшаш, яъни карантин вақтида озиқ-овқат ва дори-дармон харид қилиш каби биринчи галдаги ҳаётий зарур эҳтиёжлар учунгина кўчага чиқишга рухсат этилади. Ҳатто ушбу давлатларда кўчага чиқиш учун алоҳида ҳужжатлар ёки рўйхатдан ўтиш ҳам талаб қилинади.

Масалан, Франция ва Италияда уйдан кўчага чиқиш сабабини тушунтирувчи алоҳида маълумотнома, Грецияда кўчага чиқиш сабаби кўрсатилган ариза, Қирғизистонда шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва йўналиш варақаси, Россия (Москва)да шаҳар мэрлиги сайти орқали махсус QR-код, Кипрда эса кунига бир маротаба Ҳукумат томонидан махсус СМС-хабар юборилгандан сўнг кўчага чиқишга рухсат этилади.

Ёки Украинада уйни тарк этишга фақат магазин, дорихона ва тиббиёт муассасаларига бориш мақсадларида рухсат берилади. Карпаторти, Волинь, Черновицк вилоятларида 11 апрелдан 13 апрелгача фуқароларга ўз уйларини ҳар қандай мақсадларда тарк этиш тақиқланди, уларга олдиндан биринчи зарурат маҳсулотларини сотиб олиш тавсия этилди, холос.

АҚШда эса турли штат губернаторлари фармойишига биноан бир қатор чекловлар, хусусан фуқаролар ўз уйларини магазинга ёки врач олдига бориш учун тарк этиши мумкинлиги тўғрисида чекловлар ўрнатилди.

Испанияда дўкон ва дорихонада харидни амалга ошириш заруратидан ташқари, бошқа ҳар қандай ҳолатда кўчага чиқиш тақиқ остига олинган. Барселонада эса кўчага чиқишни хоҳлаган шахснинг ёнида Ҳукумат томонидан бериладиган йўл қоғози бўлиши шарт.

Бельгияда эса 18 мартдан бошлаб қаттиқ карантин режими амалда бўлиб, зарур ҳоллардан ташқари уйни тарк этиш тақиқланиб, тарк этган ҳолда эса ўзаро масофани сақлаш лозимлиги ва гуруҳ бўлиб йиғилмаслик белгиланди.

Деярли барча давлатлар кўчаларда бемақсад юриш ҳолатлари бўйича қатъий жазо чораларини белгилашган. Масалан, бундай ҳуқуқбузарликлар учун Францияда 130 евро, такроран содир этилса 1500 евро жарима, Италияда 200 еврогача жарима ёки 3 ойгача озодликдан маҳрум қилиш, АҚШнинг айрим штатларида изолаяция режимини бузганлик учун 2000 доллар жарима, айрим штатларида 10 000 долларгача жарима ва бир йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Сабабсиз кўчага чиққан шахсларни ким ва қандай аниқлайди?

Амалдаги қонунчиликда ва махсус комиссиянинг қарорлари билан ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга карантин қоидаларини бузиб, бемақсад кўчада юрган фуқароларга қатъий чоралар кўриш ваколати берилган.

Ушбу орган ходимлари кўчага чиққан фуқароларни тўхтатиб, уларнинг нима мақсадда кўчада юрганликларини сўраши ва асл ҳолатни аниқлаш, бемақсад кўчага чиққан фуқароларга нисбатан тегишли чоралар кўриш масаласини ҳал қилиш ҳуқуқига эга.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан