Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳа давлат Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари қуйидаги мазмундаги 42 кичик банд билан тўлдирилади:
“Товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) ер ости йўлларида, кўприкларда, автомобиль йўлларининг қатнов қисмларида, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида сотиш тақиқланади”.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларининг 13-банди қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилади:
“товарлар (маҳсулотлар) ва хизматларни бозорга кириш ва чиқиш йўлакларида, бозор ҳудудидаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида сотиш тақиқланади”.
Лойиҳа билан тўлиғича regulation.gov.uz порталида танишиб, ўз фикр мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.