Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Кўр ҳассасини бир неча марта йўқотадими? (1-мақола)
16.11.2019 11:14,  
1212

21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз йил тўлди. Тилимиз мақомга эга бўлди, лекин, таъбир жоиз бўлса, шоҳ бўлди-ю, тахтга чиқолмади. Совет даврида тилимиз маиший тил даражасига тушиб қолганди. Ким билади, агар собиқ иттифоқ тарқаб кетмаганида эди, ҳозир сиз-у бизнинг набираларимиз она тилида бир луқма айтишни ҳам эплолмайдиган даражага тушиб қолган бўлур эдими...

Турк халқлари алифболарини лотин ёзувига ўтказиш масаласи 1920-йиллар бошларидан кун тартибига келган. Лойиҳанинг илк кўриниши айнан Туркистонда яратилганини кўпчилик билмайди. Шунинг учун, гап ушбу ёзув ҳақида кетганида кирил алифбоси тарафдорлари "бу алифбо туркларники, биз уларга қараб ислоҳ қилишимиз шарт эмас" деган ғалати баҳона келтиришади.

Қизиғи шундаки, улар ўзлари яшаётган тупроқлар нега "Туркистон" деб аталгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Лотин алифбоси илк бор 1928 йил октябр ойида Туркияда амалга киритилган ва атиги бир йил ичида мамлакатда иш юритиш тўлиқ янги алифбога ўтказилган.

Ўзбекистонда эса лотин алифбоси илк кез 1929 йилда амалга киритилган. Лекин, турк халқлари бир-бири билан яқинлашиб кетишидан чўчиган Сталин ҳукумати 1940 йилда алифбони кирил алифбоси билан алмаштирган.

Кирил амалга киритилиши билан тилимизни форслаштириш даражаси мисли кўрилмаган тус олди. Ўзбек тилида халқ томонидан ишлатилаётган кўплаб сўзлар адабий тилдан чиқарилиб, форсча муқобиллари билан алмаштирилди. Кўп ҳолларда турк тилларига хос "а" товуши форсча "о" билан алмаштирилиб, гўёки, тилимиз "маданийлаштирилди".

"нг" дифтонгини ифодалаш учун иккита "нг" ("нг") ҳарфи қўлланилиши эса тилимиз бузилишига олиб келди. Бўғин кўчириш қоидасига кўра "нг" иккига ажратилиши оқибатида дифтонг талаффузда иккита товушга айланди. Шу тариқа, "бори-нгиз, кели-нгиз" дейиш ўрнига, "борин-гиз, келин-гиз" деб, бузиб талаффуз қилиш адабий тил нормасига айлантирилди.

1980-йиллар сўнггига тўғри тилимиз маиший тил даражасида қолган ва рус тилининг оёғи остида эди. Ўша пайтларда қўрқмас ойдин-зиёлиларимиз бошлаган катта ҳаракат натижасида 1989 йили ўзбек тили давлат тили мақомини олди. Жуда хурсанд бўлгандик.

Кейинчалик, 1993 йили лотин ёзуви тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Алифбонинг бу кўриниши 1929-1940-йилларда юртимизда амалда бўлган лотин алифбосига, хусусан Туркияда амалда қўлланилаётган алифбога жуда яқин эди.

Бироқ, қардош халқ билан битта масалада келишмовчилик юзага келиши алифбонинг қайта кўриб чиқилишига олиб келди. Айтишга арзимайдиган сабаб билан Туркия алифбосига хос ö, ğ, ş, ç ҳарфлари ўзгартирилди. 1995 йили алифбо ислоҳ қилиниши оқибатида лотин алифбоси бошқа туркий халқлар алифбосидан узоқлашиб, бесунақай тус олди.

Иш юритишни давлат тили ва лотин алифбосига тўлиқ ўтказиш ҳақидаги қонунларни ҳукуматнинг ўзи бойқот қилди. Бундай кескин фикр билдиришимизнинг сабаби – бу иш дастлаб 2000 йилдан амалга ошиши керак эди. Лекин вақти-соати келганида мазкур муддат 2005 йилга узайтирилди.

2005 йил келганда эса, ҳукумат ҳеч нарса бўлмагандек иш юритишни чет тили ва кирил алифбосида давом эттираверди. Ўзбекистон халқи номидан қабул қилган қонунлар амалда қўлланилиши таъминланмади! Республика Бош прокуратураси ва Конституциявий суд бу масалани кўриб чиқмади.

“Катта арава қаёққа юрса, кичигиям ўша ёққа юради” дейди доно халқимиз. Ўша даврлардаги давлат бошлиғи Москвада чиқадиган бир ўрис газетасига берган интервюсида ўрисча она тили эканлиги ва олдин шу тилда ўйлаб, кейин ўзбекчага ўгириб гапиришини айтган. Аҳвол шундай бўлгач, иш юритишни ҳам чет тилида олиб борган. Олий Мажлисдаги нутқлари ва Ўзбекистон телеканалларига берган интервюларида ўзбекча ишлатиш билан чекланган. Бунинг аччиқ асоратлари ҳозирги кунда ўзини кўрсатиб турибди.

Анчагина одам ҳалигача алифбони ўрганолмагани (аслида ўрганишни истамаётгани) эса бошқа халқлар бизнинг IQ даражамиз яхши эканига шубҳа билан қарашларига сабаб бўлмоқда.
Ҳукуматнинг таълим соҳасидаги сиёсати ҳам кутилган натижа бермади. Буни қуйидаги фактларда кўриш мумкин.

Бугунги кунга келиб, ўзбеклар, одатда, Ўзбекистондаги таълим рус тилида олиб бориладиган мактаб ва синфлардаги ўқувчиларнинг асосий қисмини ташкил қилмоқда. Айрим жойларда бу кўрсаткич 90 фоизгача етган! Аҳолининг бир неча миллиони тирикчилик учун Ўрусияда ишлаб юрган юртда бу ҳолат гўёки табиий ҳолдек кўринади.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, дунёда кенг тарқалган айрим тилларни ҳисобга олмаганда, ҳар қандай тил, одатда, у ёки бу даражада ҳимоя қилинишга муҳтож бўлади. БМТнинг бешта расмий тилларидан бири бўлишига қарамай, ҳатто Францияда француз тилига давлат даражасида эътибор қаратилиб, вақти-вақти билан уни чет тиллар таъсиридан асраш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Канадада француз тили инглизча билан тенг ҳуқуқли давлат тили саналади. Бироқ, асосан французлар яшайдиган Квебек провинциясида инглиз тилини амалда қўллаш чеклаб қўйилган. Кўча-кўйлардаги лавҳалар фақат француз тилида берилади. Агар инглизчаси ҳам ёзиладиган бўлса, французча ҳарфлардан кичик бўлиши шартлиги қонун билан белгилаб қўйилган.

Энди Ўзбекистонда, хусусан, бошкент Тошкентда бу борадаги аҳвол қанчалик аянчли эканини тасаввур қилган бўлсангиз керак.

Ўзбеклар “кўп тил билиш яхши” дейишади. Албатта, бу гапга юз фоиз қўшиламиз. Лекин, масаланинг иккинчи ва хавфли томони шундаки, бошқа тилларни ўрганиш ўзбек тили ва давлат тили ҳисобига амалга ошириляпти. Аҳолининг катта қисми ўзбек тилида на тўғри ёза олади ва на равон гаплаша олади.

Русча аралаштириб гапириш удумга айланиб бўлди. Ҳатто, кўприк, бурилиш, буйрак, саримсоқ, ўрмон каби оддий сўзлар ҳам муомаладан деярли чиқиб кетди. Бугунги кунда ўзбек тили ҳимоя қилинишга муҳтож вазиятга тушиб қолди.

(давоми бор)

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан