Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Кўр ҳассасини бир неча марта йўқотадими? (2-мақола)
18.11.2019 23:13,  
1807

Лотин ёзувини ислоҳ қилиш масаласи илк бор кенг жамоатчиликка бундан икки йил олдин олиб чиқилди. Лекин, Ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан 2017 йили киритилган таклиф талабга жавоб бермайди. Лойиҳа билан танишгач, менда "лойиҳани Ўзбекистондан ташқарига чиқмаган, турк дунёси ҳақидаги тушунчани эшитмаган ва лотин алифбоси тўлиқ қўлланилаётган қардош туркий давлатларга бормаган кишилар тайёрлаган" деган фикр туғилганди.

Мазкур мақоланинг илк қисмида ўзбек тилини форслаштириш йўналишида ҳайбаракаллачилар олиб борган иш аянчли оқибатга олиб келгани, ўзбек тили бошқа қардош турк тилларидан узоқлашиб, сунъийлик томон кетганини таъкидлаб ўтгандим.

Юқоридаги лойиҳани қисман қўллаган ҳолда, анчагина янги ҳарфлар киритилишини таклиф қилгандим:

1) Янги Ää ҳарфи киритилиши зарур: 1) äta-äna, bäla, Äzarbäyjän;
2) Янги қаттиқ Iı ҳарфи: 1) ırmäq, ikkı, bırlik, ırım;
3) Янги Üü ҳарфи: üzüm, üç (рақам);
4) Янги Öö ҳарфи: Özbekistän, ötmäq;
5) Оо ҳарфи: ormän, ortäq;
6) “НГ” дифтонги учун Ññ ҳарфи: bızniñ, yañräq;
7) “Ш” ҳарфлар бирикмасини ифодалаш учун Şş ҳарфи: Şıräq, äşhäna;
8) “Ч”ни ифодалаш учун Çç ҳарфи: çıräq çumçuq;
9) Қаттиқ “Х” ҳарфи бошқа тилларда “икс” деб талаффуз қилинади. Битта “Ҳ” ҳарфини олиб қолиб, “Х”ни алифбодан чиқариш зарур.

Ää, Üü, Öö ҳарфлар устидаги икки нуқта ўрнига Ññ ҳарфидаги каби устида "қалпоғи" бор кўринишини қабул қилса ҳам бўлади.

Cc ҳарфини русчадан кирган цирк, циркуль, цивилизация, механизация каби сўзлар учун қабул қилиш таклифини умуман қувватламайман.

Русларнинг ўзида ҳам бу ҳарф асосан инглиз ва лотин тилларидан ўзлаштирилган сўзлар учун ишлатилиб, ўша тилларда ц деб талаффуз қилинмайди. Масалан, инглиз тилида cивил сўзи - сивил, цирк сўзи - сёркус, циркуль эса - сёркл деб талаффуз қилинади. Русча сўзлар учун ўзбек алифбосида алоҳида ҳарф ажратилиши кулгили бўлур эди.

Ҳозиргача эълон қилинган лойиҳаларда Х ва Ҳ ҳарфлари сақлаб қолинган. Лойиҳа муаллифлари иккита бир-бирига яқин товушларни ҳимоя қилган ҳолда, "кўплаб имло хатоларига йўл очади" деб, иккитадан юмшоқ ва қаттиқ Уу, Ии ва О ҳарфларига қарши чиқаётганини англаш қийин. Ахир, бу ҳарфлар ўзбек тилининг сингармонизми, яъни уйғунлигига хизмат қилади-ку?!

Араб алифбосида учта Ҳ ҳарфи бор, лекин улар ўзбек тилига хос эмас. Битта Ҳҳ ҳарфини қолдирсак етади.

Қардош халқлар алифболарида ж ҳарфини ифодалаш учун c ҳарфи қўлланилади: Türkiye Cumhuriyeti. Бизда ҳам шундай бўлишини истасам-да, кенг жамоатчиликка қабул қилдириш ўта қийин бўлишини назарда тутиб, журъат қилолмагандим. Лекин, яқинда бўлиб ўтган алифбони ислоҳ қилиш бўйича йиғилишда "c"ни алифбога киритиш таклиф қилинганида кўзларимга ишонмадим ва жуда хурсанд бўлдим.

Янги ҳарфларни компютер клавиатурасига киритиш билан Windows ва Microsoft шуғулланади.

Компютерда кўп тилларда ёзаётганда имло хатолар автоматик тузатилади. Ўзбек тилида бундай имкон йўқ, бунинг учун ўзбекистонлик дастурчилар тер тўкишига тўғри келади. Шунда, ҳар бир сўзнинг тўғри ёзилиши шу тариқа таъминланиши, эски алифбодаги турли матнлар янги алифбога қулайгина ўтказилиши мумкин.

Шу ўринда, миллатни бошқа миллатлардан ажратиб турадиган от ва фамилиялар ёзилишига диққатингизни қаратмоқчиман.

Ҳаммамизга маълумки, шўролар даврида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар ёзиб бериладиган давлат идораларида ўзбек тилини билмайдиган кишилар ишлашган. Улар от, фамилия ва ота исмларини ҳужжатларга бемалол русча талаффузда ёзиб бераверишган. Бизникилар эса "бизга теккани шу экан" деб, эътироз билдиришга ҳам жазм қилолмай, кетаверишган.

Паспорт берилаётган пайтда шахснинг от ва фамилияси туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада қандай ёзилган бўлса, вояга етган шахларнинг асосий ҳужжатларига ҳам шудоққина ўтказиб берилаверган. Натижада Тўқсоновлар - Таксанов, Ҳолтўралар - Халтура, Жўралар - Джура бўлиб кетган. Энг ёмони - халқимиз шунга кўниккан.

Ҳозирги пайтда от ва фамилиялар паспортларда лотин алифбосида ёзилмоқда. Лекин, афсуски, паспортларнинг Ўзбек тилидаги бетида бир кўринишда, инглизча бетида эса бошқа кўринишда ёзилмоқда. Ҳаммадан ёмони – ўрисча талаффуздаги хатолар тўғриланмасдан, лотин ёзувига ҳам айнан "кўчиб ўтмоқда".

Мен тилмочлик билан шуғулланиб, турли кишиларга Ўзбек тилида тилмочлик қиламан. Шимолий Америкада яшаётган юртдошларимиз паспортларида бузилиб, ўрисча талаффузда ёзиб берилган от ва фамилияларга қанчалик ўрганиб қолишганини кўриб, хайратдан ёқа ушламай иложи йўқ.

Дунёда лотин алифбоси қўлланиладиган мамлакатларда қабул қилинган қоидага кўра, бу ёзувдаги от ва фамилиялар инглиз тилига ўгирилмай, асли каби ёзилади. Биздаги азаматлар эса паспортнинг ушбу маълумотлар инглиз тилида бериладиган бетида "ҳ" ҳарфини kh -"кх" тарзида ёзишгани мутлақо янглишдир.

Мен тилмоч ўлароқ иш фаолиятим давомида "Qahhorov" деган фамилия "Kakhkharov" деб ёзилганига гувоҳ бўлганимда кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим. Ундан-да ёмони, америкаликлар уни “Kakkarov” деб талаффуз қилишади.

Америкада дунёдаги ҳамма миллат ва элат вакиллари яшайди. Табиийки, уларнинг насл-насаблари лотин алифбосида ёзилгани билан, талаффузи турлича бўлади. Буни жуда яхши англаган америкаликлар янги одам билан илк бор кўришганида улардан от ва фамилиялари қандай талаффуз қилинишини албатта сўраб олишади. Нотўғри талаффуз қилгудек бўлса, олдиндан кечирим сўраб қўйишади.

Иш тажрибамдан бир мисол келтирай.

Мактабда бир ўқувчининг отаси ва ўқитувчилар йиғилишига тилмочлик қиляпман. Бошида ўқитувчи икки-уч марта “касан” деган сўзни ишлатди, мен ҳам “касан” деб ўгиравердим-у, у нима эканлигини билолмадим. Шунда ўқитувчидан “касан”нинг нима эканлигини сўрагандим, “oh, he is the student, his name is Kasan” (Вой, у ўқувчи бўлади, оти Касан) деб жавоб берди.

Мен боланинг онасидан “ўғлингизнинг оти Ҳасанми?” деб сўрашга мажбур бўлдим. Онаси “ҳа, Ҳасан” деди. Мен “нега ўқитувчиларга болангизни Касан деса ҳам, оти Ҳасан деб тўғрилаб қўймаяпсиз?” деб сўрасам, “паспортида Кхасан деб ёзилган, шунинг учун” деб жавоб берди.

Юқоридаги мисол кўпчилик ўз она тили бўлган Ўзбек тилига қанчалик ҳурматсиз бўлиб қолганининг ачинарли далилидир.

Ислоҳ қилинган лотин алифбосини амалга киритишдан олдин ўзбек отлар, фамилиялар ва ота отларини тўғрилаб ёзиш тўғрисида алоҳида қонун қабул қилиниши зарурлигини ҳаёт кўрсатиб турибди.

1970-йилларда "Ўзбекистон маданияти" газетасида бир олимимиз 1930-йиллар охирларида қўшни республикалар кирил алифбосига ўтиш учун лойиҳа тайёрлашаётганида бошқа туркий республикалар билан бамаслаҳат иш қилишмагани оқибатида алифбо ва қардош туркий тиллар бир-биридан узоқлашиб кетгани ҳақида куйиниб ёзганди.

Айрим кишилар “шу тўртта ҳарф ўзгартилса ҳам майли” деб, озига шукр қилишга уринишяпти. Ош пиширишни янги ўрганаётган одам “ҳа, бу сафар ошим ўхшамади, кейинги сафар яхшироқ пишираман” дейиши мумкин. Лекин, алифбо ош эмас, вақти-соати келганида янада яхшироқ ислоҳ қилинишини кутиб бўлмайди.

Лотин алифбосини юқоридаги таклифларни инобатга олган ҳолда ислоҳ қилиш тарафдориман. Алифбо ислоҳотини от, фамилия ва ота исмларини ислоҳ қилиш билан бирга комплекс олиб бориш зарур.

"Кўр ҳассасини бир марта йўқотади" дейди доно халқимиз. Биз эса уни шунчалик кўп йўқотдикки, энди қўлимизга беришаётганида ўша ҳасса билан бошимизга битта туширишлари зарурга ўхшайди.

Ажабмас, таъсир қилса…

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан