Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирус инқирози: Ўзбекистон ундан қандай чиқади?
12.03.2020 19:42,  
3131

Келинг, сўзимизни франциялик шам ишлаб чиқарувчиларнинг депутатлар палатасига ёзган петициясидан бошласак. Петициянинг мазмуни тахминан шундай: “Ҳурматли жаноблар, сизларга франциялик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни, хусусан, шам ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида ажойиб таклиф бермоқчимиз. Бугунги кунда сизлар ҳамма ишлаб чиқарувчиларга бирдек имкониятлар бериш устида бош қотиряпсизлар ва албатта, бу тўғри. Лекин бизга шундай бир рақобатчи пайдо бўлдики, у пайдо бўлиши билан бизнинг бутун савдомиз тўхтаб қолади. Бу қандай рақобатчи, дерсиз? Бу энг катта рақобатчи – қуёшдир. Сизлардан илтимос, шундай қонун чиқарингки, унга кўра, фуқаролар ҳар қандай қуёш нури тушиши мумкин бўлган тирқишни беркитсин. Шунда шам ишлаб чиқариш учун шунча кўп чўчқа ёғи ишлатилади. Бу дегани мамлакатда чўчқа, мол, қўй ва эчкилар сони шунча кўпаяди, мамлакат бозорлари арзон гўшт, тери ва жунга тўйинади. Энг муҳими, мамлакатнинг бойлиги бўлган қишлоқ хўжалиги арзон ва табиий ўғит билан таъминланади. Минглаб кемаларимиз кит овлаш учун отланади, пировардида эса, мамлакат кучли флотга эга бўлади. Наҳотки, ватанпарвар сифатида сиз буни истамайсиз”.

Юқоридаги петициянинг мавзумизга нима дахли бор, дерсиз? Айтиш мумкинки, иқтисодиёт воқеа ва ҳодисаларнинг бир бутунлигини, уларнинг яхлит тизим эканлигини ифода этувчи жараён ва муносабатлар йиғиндисидир. Бугунги кунда иқтисодий жараёнларнинг тобора чуқурлашиб бораётганлиги, бир иқтисодий жараённинг иккинчи бир жараённи келтириб чиқаришини тақозо этади. Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда коронавирус эпидемияси глобал иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда: фонд бозорларининг индекслари тушиб бормоқда; компаниялар маблағларни тежаш мақсадида ўз бюджетларини қисқартирмоқда; корхоналар қисқартилган иш тартибига ўтмоқда.

Дунё мамлакатларида короновирус эпидемиясининг тарқалиши

 

Дунё фонд биржаларида бундай кескин пасайиш ўн йиллардан буён кузатилмаётган эди. Reuters агентлигининг ҳисоб-китобларига феврал ойининг охирги ҳафтаси 2008 йилда бошланган молиявий инқироз давридан буён кузатилган иқтисодий ва молиявий жиҳатдан энг нохуш ҳафта бўлди. Бутун дунёда инвесторлар ваҳима остида акцияларни сотишга тушдилар, ривожланаётган бозорга эга бўлган мамлакатларнинг валютаси, хом ашё контрактлари нархи кескин қадрсизлана бошлади. Коронавирус ваҳимаси ортида охирги кунлар  ичида жаҳон фонд биржаларида 10 триллион доллар йўқотилди. Акциялар нархи нафақат АҚШ фонд биржаларида, балки Европа ва Осиёда ҳам тушиб кетган. Япониянинг таянч индекси Nikkei 225 6 март куни 2,7 фоизга, Жанубий Корея индекслари 2,2 фоизга, Ҳонгконг биржаси индекси 2,3 фоизга, Хитойнинг SHCOMP индекси 1,3 фоизга тушиб кетган. Европадаги фонд биржалари Европа давлатларида коронавирус жадал тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан 3-3,6 фоизга пасайган. Осиё фонд биржаларида ҳам 9 март ҳолатига кўра кескин пасайиш кузатилди.

Осиё мамлакатлари фонд бозорида индексларнинг пасайиши

 

2008 йил ҳақида сўз борар экан, бу ўз навбатида “Наҳотки дунё иқтисодиёти короновирус эпидемияси туфайли кенг қамровли иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолган бўлса?” – деган саволни уйғотиши табиий. Яқин-яқингача халқаро экспертлар короновирус эпидемияси келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида гапиришга ҳали эрта, деб ҳисоблаб келдилар. Бироқ, феврал ойининг охири ва март ойининг бошларида “рецессия” тушунчаси кўп ишлатила бошланди ва иқтисодий ривожланишнинг бўлғуси кўрсаткичлари борасида пессимистик башоратлар турли иқтисодий нашрларнинг биринчи саҳифасида қайд этилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти экспертларининг таҳлилларига кўра, Ҳиндистон иқтисодиёти 1,1%, Хитой иқтисодиёти 0,8%, АҚШ иқтисодиёти 0,1%, Франция иқтисодиёти 0,3%, Буюк Британия иқтисодиёти 0,2%, Германия иқтисодиёти 0,1%, Япония иқтисодиёти 0,4%, Италия иқтисодиёти 0,4%гача пасайиши кутилмоқда.   

Deutsche Bank’нинг бош иқтисодчиси ва DB Research таҳлил марказининг раҳбари Давид Фолькертс-Ландау(David Folkerts-Landau)нинг фикрича, короновирус туфайли Германия ва Европа Иттифоқида ва айниқса Италия иқтисодиётида кучли рецессия ҳолатлари кузатилади. Шу сабабли Италия ҳукумати короновирус туфайли иқтисодиёт тармоқ ва соҳалари кўриши мумкин бўлган зарарни қоплаш мақсадида 3,6 миллиард евро ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, сал аввалроқ Италия ҳукумати короновирусдан катта зарар кўрган ҳудудларга 900 миллион евро ажратилганлигини маълум қилган эди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда Италиядаги вазият қаттиқ ташвиш уйғотади: 12 март, пайшанба тонгига келиб 12 500 га яқин инсон коронавирусдан зарарланган, улардан 827 киши вафот этган, 1 045 киши эса тузалиб кетган.  Маълумотларга кўра, Италияда касалликка чалинганларнинг қарийб 6,64%и ўлим ҳолати билан якун топмоқда.

Эронда короновирус билан касалланганлар сони 10 075, вафот этганлар эса 429 кишини (4,26%ни) ташкил этди. Касалликдан вафот этганлар сони бўйича учинчи ўринда Хитой (3,91%), тўртинчи ўринда эса АҚШ (2,87%) қайд этилган.Ҳар миллион кишига нисбатан короновирус билан касалланганлар сони борасида Жанубий Корея биринчи ўринда (142,1), Италия иккинчи ўринда (121.9), Эрон учинчи ўринда (80.9), Хитой эса тўртинчи ўринда (58.3) қайд этилган.

Шу билан бир қаторда, банк мутахассисларининг таҳлилларига кўра, дунё иқтисодиётининг секинлашиши унчалик катта бўлмасада, бутун дунё миқёсида глобал рецессия ҳолатлари кузатилади. Тақдим этилаётган сценарийга кўра, короновирус билан дунё бўйлаб 3 миллионга яқин одам касалланса, ундан вафот этганлар сони тахминан 30 мингтани ташкил этади. Айни пайтда эпидемия қурбонларининг расмий сони 4 200 дан ошиқроқдир. Бу маълумотлар кун сайин  янгиланиб бораётгани катта ташвиш уйғотади. 

ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева 4 март, чоршанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида коронавирус эпидемияси туфайли халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) жаҳон иқтисодиёти учун 2020 йилга мўлжалланган аввалги прогнозини қайта кўриб чиқишини маълум қилди. Унинг фикрича, воқеалар ривожининг салбий тус олишига тайёргарлик кўриш керак ва коронавируснинг дунё иқтисодиётига нохуш таъсири тезда бартараф бўлишини кутмаслик лозим. “Агар вирус тезда жиловланган тақдирда ҳам унинг салбий оқибатлари дунё ва Хитой иқтисодиётидаги ўсишга таъсир қилади. Табиийки, биз вазиятнинг тезда ўнгланиб олишидан умидвормиз. Аммо ҳозирги вақтдаги ноаниқликни ҳисобга оладиган бўлсак, воқеалар ривожининг жуда нохуш тус олишига тайёр туришимиз шарт”, деди у.

Ҳозирги кунда дунё молиявий бозорларида битимлар камаймоқда. Чегараларнинг ёпилиши, аҳоли қатновининг тўхташи натижасида истеъмол ҳам, ишлаб чиқариш ҳам пасаймоқда. Бу биринчи навбатда жаҳон савдоси суръатларининг пасайишини англатади. Шу муносабат билан бугунги кунда ХВЖ ва Жаҳон банки короновирусга қарши курашиш мақсадида ривожланаётган ва камбағал мамлакатларга салкам 50 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит малағлари ажратиш борасида қарор қабул қилди. АҚШ 2008 йилдан буён биринчи маротаба “короновирус инқирози” оқибатларини минималлаштириш мақсадида фоиз ставкасини бирданига 0,5 пунктга пасайтирди.

Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, Хитойда аниқланган ва бугунги кунга келиб дунёнинг 100дан ошиқ мамлакатларини қамраб олган короновирус пандемияси дунё иқтисодиётига қуйидагича таъсир кўрсатиш механизмига эга бўлади:

1. Короновирус тарқалиши хавфининг ортиши оқибатида мамлакатлар чегараларни вақтинча ёпишга, кириш-чиқиш тизимини қаттиқ назорат қилишга мажбур бўладилар, бу эса ўз навбатида йўловчи ва юк ташиш борасида транспорт-логистик хизмат кўрсатувчи компанияларнинг молиявий ҳолатига катта салбий таъсир кўрсатади ва катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, мазкур компанияларнинг каттагина қисми инқирозни бошидан кечиради.

Фикримизнинг тасдиғи сифатида шуни айтишимиз мумкинки, сўнгги бир ой ичида авиаташувлар қуввати Тайванда 90,4%, Гонконгда 85,6%, Вьетнамда 85,9%, Таиландда 76,2%, Малайзияда 75,2%, Японияда 74,6%, Жанубий Кореяда 69,3 %, Россия Федерациясида 67,4%, Канадада 58,2%, Камбоджада 45,5%гача пасайган.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси – IATA’нинг маълумотларига кўра, пандемиянинг тарқалиш шиддатидан келиб чиққан ҳолда,  дунё  авиакомпанияларининг  2020 йилдаги йўқотишлари 63 миллиард доллардан 113 миллиард долларгачани ташкил этиши мумкин. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси учун ҳам бу ҳолат хосдир.

Дунёнинг айрим мамлакатларида авиташувлар қувватининг пасайиши, % ҳисобида

 

2. Короновирус пандемиясининг дунё мамлакатлари бўйлаб кенг тарқалиши асносида сайёҳик хизматлар бозори жуда катта инқирозни бошидан кечиради. Хусусан, Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра Хитойга ҳар йили 60 миллиондан ортиқ, Францияга 86,9 миллион, Испанияга 81,8 миллион, АҚШга 76,9 миллион, Италияга 58 миллиондан кўпроқ сайёҳ ташриф буюради.

Туризм соҳаси ривожланаётган мамлакатлар учун бандлик, валюта ва солиқ тушумларининг асосий манбаи ҳисобланади. Ривожланаётган мамлакатларда сайёҳик даромадларнинг валюта оқими хорижий донорлардан олинадиган барча ёрдам оқимларидан анча катта. “World Travel & Tourism Council” маълумотларига кўра, саёҳат ва туризм учун сарфланган ҳар бир доллар уч доллардан ортиқ иқтисодий даромад келтиради. Дунё бўйлаб ушбу соҳада 100 миллиондан ортиқ ишчи ишлайди, юқори сифатли меҳмонхоналар бюджет меҳмонхоналаридан икки баробар кўп иш ўринлари яратади.

Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) томонидан сайёҳлар сони 2020 йилга бориб йилига 1,6 миллиард кишига кўпайиши, бу эса халқаро туризмдан нақд пул тушуми 2020 йилга бориб 2 триллион АҚШ долларидан ортишига олиб келиши прогноз қилинган бўлса, бугунги кунга келиб, жаҳон сайёҳик хизматлар бозоридаги вазият салбий тус олиши аниқ бўлиб қолди.2018 йилда 150 миллион Хитой фуқароси дунё мамлакатларига сайёҳ сифатида чиққан ва ва 277 миллиард доллар маблағ сарфлаган.

Бугунги кунга келиб, хорижий сайёҳларни кўп қабул қилувчи Европа Иттифоқи мамлакатларидан бири бўлган Италия сайёҳлик бизнес вакиллари уюшмасининг раҳбари Витторио Мессинанинг сўзларига кўра  короновирус туфайли 1,6 миллиард евро ва 13 миллиондан кўпроқ сайёҳларни йўқотиши мумкинлиги башорат қилинмоқда. “Туризм ва сайёҳлик бўйича бутун жаҳон ташкилоти” (WТТC) Президенти Глория Гевара “Еl Mundo” газетасига берган интервюсида Oxford Economics билан биргаликда ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра коронавирус эпидемияси туфайли дунё туризм бозори 22 миллиард доллар йўқотиши ва жараёнлар яна салбий тус олса, бу кўрсаткич бир неча баробарга ошиши  мумкинлигини билдириб ўтди.

3. 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози асосан иқтисодиётнинг реал ва молиявий секторини қамраб олган бўлса, короновирус туфайли дунё иқтисодиётидаги пасайишлар ва айтиш мумкинки, “короновирус инқирози” мамлакат ичида ва мамлакатлар ўртасидаги ижтимоий-маданий алоқаларнинг чекланишига ҳам олиб келмоқда.

Дунёнинг барча мамлакатларида яқин кунлар ва ойлар ичида ўтказилиши режалаштирилган турли хил ижтимоий-маданий ва спорт  тадбирларини кейинроққа суриш ёки бекор қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) одамлар кўп тўпланадиган жойларга имкони борича бормаслик, зарурат туғилмаса жамоат жойларида бўлмасликни тавсия қилмоқда. Бугунги кунда Хитой короновирус туфайли онлайн ўқитишни кенг жорий этишга киришди.

Яқинда қизиқ бир ҳолат кўзга ташланди: Италияда бўлиб ўтган футбол ўйинларидан бирида маҳаллий Пескара футбол клубининг ўйинчилари майдонга юзига ниқоб таққан ҳолда тушди, бу ўз навбатида инсонлар ўртасида “коронафобия” авж олганлигини кўрсатади. 2020 йил ёз мавсумида иккита катта спорт мусобақаси, хусусан, футбол бўйича Европа чемпионати (Европанинг 12 та шаҳрида) ва Токио шаҳрида Ёзги олимпиада ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Тиббиёт соҳаси мутахассисларининг тахминларига кўра, коронавирус тарқалиши 2020 йилнинг ёз ойларига бориб сусайиши тахмин қилинаётганлигини ҳисобга олсак, бу каби кенг миқёсли тадбирларнинг ўтказилиш вақти шубҳа остида қолади.

4. Бугунги кунда Хитой АҚШдан сўнг, иккинчи кучли иқтисодга эга бўлган мамлакат ҳисобланади. 2019 йил маълумотларига кўра, Хитойнинг ЯИМи 13,61 триллион долларни ташкил этди. Шу билан бир қаторда, Хитой энг катта энергия ва хомашё истеъмолчиси ҳисобланади.

Бугунги кунда Хитой дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган цементнинг 59 фоизини истеъмол қилади, бундай даражада кўп цемент истеъмол қилиниши бинолар, йўллар, кўприклар, муҳандислик иншоотларининг бунёд қилиниши билан боғлиқ. Биргина, 2017 йилда Хитойда дунёдаги 144 та осмонўпар бинодан 77 таси қуриб битказилган. (Биноларнинг баландлиги 200 метрдан ошиқ!) Хитой дунёдаги никелнинг 57%идан фойдаланади. Мазкур металлдан зангламайдиган пўлат, турли саноат қотишмалари ишлаб чиқариш, электр батареялар ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилади. Ушбу металлдан фойдаланиш даражаси сўнгги бир неча йил ичида жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Дунё бўйича эритилган пўлатнинг қарийб 50%и Хитойда истеъмол қилинади.

Дунё бўйича қазиб олинувчи миснинг қарийб ярми Хитой корхоналари томонидан истеъмол қилинади ва бу металлга талабнинг ўсиб бориши электроника, машинасозлик, автомобилсозлик ва электр тармоқларини барпо этишнинг ривожланиши билан узвий боғлиқ. Қазиб олинган кўмирнинг салкам 50 фоизи Хитойда ёқилади, бугунги кунда мамлакат  энергетика балансида кўмирнинг улушини пасайтиришга ҳаракат қилаётган бўлсада, буни тезкор амалга оширишнинг имкони йўқ. Бугунги кунда Хитой ўзи истеъмол қилаётган энергиянинг 65%ини кўмирни ёқиш ҳисобига олади. Хитой бугунги кунда йилига қарийб 200 миллиард куб метр газ истеъмол қилади ва бу мамлакат энергия балансининг 5%ини ташкил қилади.

Бундан ташқари, нефт истеъмолининг 14%и, алюминийнинг 47%и, олтиннинг 27%и, маккажўхорининг 23%и, гуручнинг 31%и, пахтанинг 33%и Хитой улушига тўғри келади. Короновирус туфайли Хитой ишлаб чиқарувчилари энергия ва хомашё   ресурсларига талабни қисқартирмоқда, бу эса ўз навбатида дунё бозорларида энергия ва хомашё ресурсларига бўлган нархнинг пасайишига олиб келади.

5. Бугунги кунда Хитой кўплаб саноат ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи дунёдаги йирик компаниялар учун асосий бутловчи ва эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи “йирик фабрика” вазифасини бажариб келмоқда. IHS Markit таҳлилларига кўра, бугунги кунга келиб, дунё автомобил ишлаб чиқарувчиларининг йўқотишлари салкам 1,7 миллион донагача етиши башорат қилинмоқда. Жаҳондаги Hyundai, Toyota, Tesla, General Motors ва Volkswagen каби йирик автомобил ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқаришда жиддий муаммога дуч келишмоқда. Бугунги кунда Хитой дунё автомобилсозлик корхоналарига эҳтиёт қисмларнинг 28%дан ошиқроқ қисмини етказиб беради.

Худди шундай ҳолатни чакана савдо, қимматбаҳо товарлар истеъмоли, электроника ва АКТ соҳаларида ҳам кузатиш мумкин. Буларнинг барчаси ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар учун зарурий маҳсулот, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, товар ва хизматларни ўз вақтида етказиб бериш борасида узилишларни келтириб чиқаради. Хусусан, бугунги кунда Хитой фармацевтика саноати учун субстанцияларни етказиб берувчи йирик таъминотчи ҳисобланади. Европа савдо-саноат палатасининг Хитойдаги ваколатхонаси Президенти Йорг Вутткенинг сўзларига кўра, короновирус туфайли Европа фармацевтика саноати жиддий синовларга дуч келиши мумкин. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

6. Короновируснинг дунё бўйлаб тобора кенг ёйилиши мамлакатлар аҳолиси ўртасида ҳукуматларга бўлган ишончсизликнинг ортиб боришига ва бу эса кейинчалик мамлакат ичида турли хил сиёсий қарама-қаршиликларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Юқорида тилга олиб ўтилган жиҳатларнинг барчаси 2020 йилда бутун жаҳон иқтисодиёти учун иқтисодий пасайиш хавф солаётганлигини кўрсатади. Иқтисодий таҳлил ва башоратлаш борасида етарлича нуфузга эга бўлган Oxford Economics’нинг таҳлилларига кўра, 2020 йилда дунё иқтисодиётининг ўсиши 1,3%гача секинлашади ва йўқотишлар ҳажми 1,1 триллион доллардан ошиқроқни ташкил этади. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, буларнинг барчаси ҳали башоратлар, холос.

Хўш, бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг биринчи саҳифасидан тушмаётган, таҳлилчилар бу борада турли башоратларни илгари сураётган короновирус эпидемиясининг тарқалиши Ўзбекистон иқтисодиёти учун қандай хавф ва имкониятларни тақдим этади. Шу ўринда “Дунё мамлакатлари иқтисодиётида пасайиш кутилаётган бир пайтда, имкониятлар ҳақида қандай сўз бўлиши мумкин?” – деган ҳақли савол туғилиши табиий.

Дастлаб, короновирус пандемияси оқибатида дунё мамлакатларида кузатилаётган иқтисодий пасайиш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай салбий таъсир кўрсатишини кўриб чиқамиз.

Иқтисод фанлари доктори, БМТ Ривожланиш дастурининг Ўзбекистондаги эксперти Сергей Воронин коронавирус тарқалишининг дунё ва Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири юзасидан Kun.Uz сайтида эълон қилган мақоласида бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтилган. Хусусан, мазкур мақолада Ўзбекистоннинг экспорт ва импорт ҳажмининг пасайиши, мамлакатимизга кириб келаётган сайёҳлар оқимининг камайиши,  узоқ муддатли даврда Хитойга газ етказиб бериш ҳажмининг камайиши мамлакатимиз иқтисодиёти учун катта хавф туғдириши, жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳажмининг ўтган йилларга нисбатан паст даражада бўлиши ҳақида атрофлича сўз юритилган.

Лекин шу ўринда эътиборга олишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат бор. Бугунги кунда Россия Федерациясида 2,5 миллион нафардан зиёд Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари меҳнат қилади ва улар ҳар йили ўрта ҳисобда мамлакатимизга 7 миллиард доллардан ошиқроқ пул маблағлари жўнатади. Бугунга келиб, дунё нефт бозорида нефт нархининг кескин пасайиши (Brent маркали нефтнинг 1 баррели нархи 31,27 долларгача тушди, АҚШда WTI маркали (Ғарбий Техас) нефт нархи эса 27,34 долларгача тушган) натижасида рубл курсининг долларга нисбатан кескин пасайиши кузатилмоқда (12 март ҳолатига 1АҚШ доллари 75,155 рублни ташкил этмоқда).

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу вазият яқин ойлар ичида ижобий томонга ўзгариши амри маҳол. Вазиятнинг бундай тус олиши меҳнат муҳожирларининг мамлакатга жўнатаётган пул ўтказмаларига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Маълумки, меҳнат муҳожирлари ҳисобига мамлакатимиз меҳнат бозоридаги вазият бир оз бўлсада, мувозанатлашгандир. Узоқ муддатли истиқболда вазият ўнгланмаса, меҳнат муҳожирларининг ёппасига ватанга қайтиши меҳнат бозорида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши тайин.

Мана шундай вазиятда биз қандай йўл тутганимиз маъқул?

Бизнингча, короновирус туфайли мамлакатимиз иқтисодиёти кўриши мумкин бўлган зарарларни имкон даражасида камайтириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим:

1. Мао Цзедуннинг “Ўзгаришлар шамолини ҳис қилган одам, шамолдан ўзини паналаши эмас, аксинча, шамол тегирмонини қуриши лозим”, деган машҳур иборасига амал қилган ҳолда, иқтисодиётдаги соҳа ва тармоқларни модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш дастурларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган давлат дастурини ишлаб чиқиш лозим. Бунда маҳаллий тадбиркорларимиз мазкур вазиятни ўзига хос имконият сифатида қабул қилишлари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги бозорлар излаб топишга катта эътибор қаратишлари лозим.

2. Бугунги кунда дунёда юз бераётган глобаллашув ва интеграция жараёнларини табиий жараён сифатида қабул қилиш асносида, мамлакатимизнинг яқин қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашимиз талаб этилади.

3. Ҳозирда таркиб топган вазият озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакат аҳолисининг бирламчи эҳтиёжларини қондириш борасида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни ишлаб чиқишни тақозо этади.

4. Аҳоли, айниқса ёшларимизнинг иқтисодий тафаккурини ўзгартириш, тиббий маданиятни ошириш, ижтимоий ҳамжиҳатликни яхшилаш орқали иқтисодий фаолликни кучайтириш.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истар эдикки, ўзбек халқининг ўзига хослиги унинг ҳамиша яхши ният, яхши ўй билан яшашидадир. Биз бир бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, ҳар қандай офату бало-қазоларни албатта енгиб чиқамиз.

 

Акмал Абдувоҳидов
Гулистон Давлат Университети “Иқтисодиёт“ кафедраси катта ўқитувчиси

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан