Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирус пандемияси: АҚШда чегаралар, Италияда эса дўконлар ёпиляпти, Эрон ҳукуматида ниқоблилар мажлиси
12.03.2020 15:49,  
618

Тиббиёт соҳасидаги мутахассислар анчадан бери баҳслашиб келган воқеа кеча юз берди: 2020 йил 11 март куни Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) Covid-19 коронавируси хавфини эпидемиядан пандемия даражасига кўтарди. 

Пандемия (грекча πανδημία – “бутун халқ” сўзидан) – юқумли хусусиятга эга бўлган касалликнинг ноодатий равишда ўта кенг тарқалиши, эпидемия даражасидан ўтиб кетиши. Бунда муайян касаллик бир мамлакатнинг бутун ҳудудида, унга қўшни мамлакатлар ҳудудида, баъзида эса дунёнинг аксар давлатларида тезлик билан ёйилади.

2019 йил охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида пайдо бўлган ва кейинчалик Covid-19 номи берилган янги турдаги коронавирус ҳам айни пайтда шу даражага чиқди. ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесуснинг маълум қилишича, шу кунгача 114 та давлатда коронавирусдан 118 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати қайд этилган, улардан 90%и 4 та давлатга тўғри келади: Хитой, Жанубий Корея, Италия ва Эрон.

Бу кечаги маълумот эди. Бугунги янгиланишларга кўра, 116 та давлатда 126 443 та касалланиш ҳолати расман тасдиқланган. 

Айни пайтда коронавирус билан боғлиқ сўнгги вазият қандай?

АҚШ Европа учун ўз чегараларини ёпяпти

Трамп Буюк Британиядан бошқа истисно қилмади/GETTY IMAGES

Пайшанбага ўтар кечаси президент Доналд Трамп ўзининг халққа мурожаатида жума кунининг тун ярмидан бошлаб АҚШ Европа мамлакатларидан келувчилар учун ўз чегараларини ёпишини билдирди. Фақат Буюк Британия учун истисно қилинади.

Шунингдек, Трамп Covid-19 коронавируси туфайли касаллик таътилига чиққан ишчиларга молиявий тўлов қилинишига ваъда берди. Ҳозирда АҚШда коронавирус билан касалланганлар сони 1 135 киши, ундан вафот этганлар сони эса 38 нафар. 

Эпидемиядан пандемияга

ЖССТ ниҳоят яна пандемия атамасини қўллашга қарор қилди/EPA

ЖССТ коронавирус хавфини эпидемиядан пандемия даражасига кўтарар экан, бу ҳолат коронавируслар тарихида биринчи марта бўлаётганини эътироф этди. Бунгача ўтган MERS ёки SARS каби коронавирус турлари эпидемия даражасида қолган. 

Ҳали 2020 йил феврал ойи ўрталарида Би-Би-Сига интервю берган ЖССТ вакили “ташкилот бу атамадан энди фойдаланмаслиги, у ўтмишда қолиб кетган тушунча эканлиги, бунинг ўрнига касалликлар тарқалишининг олти баллик ўлчовидан фойдаланишларини” маълум қилган эди

Шунга кўра, ЖССТ Covid-19 вирусини шу пайтгача эпидемия деб атаб келди. Эндиликда у ОИВ (одам иммун танқислиги вируси) билан бирга сайёрамиздаги иккинчи фаол пандемияга айланди. 

Италия дўконларни ёпяпти

Италияда озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан ташқари барча савдо нуқталари ёпилади/EPA

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турган Италияда шу пайтгача мисли кўрилмаган чеклов чоралари ўрнатиляпти. Мамлакатда озоқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан ташқари барча савдо нуқталари ёпиляпти. Бош вазир Жузеппе Контенинг эълон қилишича, ушбу қарор пайшанба кунидан кучга киради ва 25 мартгача амалда қолади. 

Шунингдек, Италиядаги барча бар, ошхона, сартарошхона ва аксар идоралар ёпилади. Егулик ва маҳсулотларни уйларга етказиб бериш тақиқланмаган. 

Мактаблар, спорт заллари, тунги клублар ва бошқа кўнгилочар марказлар карантин меъёрлари доирасида аллақачон бутун мамлакат бўйлаб ёпилган. 

Италияда пайшанба тонгига келиб 12 500 га яқин инсон коронавирусдан зарарланган, улардан 827 киши вафот этган, 1 045 киши тузалиб кетган. 

Германиянинг 70% аҳолиси хавф остида

Меркелнинг баёноти анча хавотирли чиқди/REUTERS

Германия канцлери Ангела Меркел Германия аҳолисининг 70%и коронавирусга чалинишидан огоҳлантирди. Бу 58 миллион киши дегани. 

“Бу – бизнинг ҳамжиҳатлигимиз, соғлом фикрлашимиз ва бир-биримизга ғамхўрлик қилишимиз учун синов. Умид қиламанки, биз ундан ўтиб оламиз”, деди у. 

Фигурали учиш бўйича 2020 йилги Жаҳон чемпионати қолдирилди

Канаданинг Квебек провинцияси ҳукумати фигурали учиш бўйича 2020 йилги Жаҳон чемпионатини Covid-19 вируси тарқалиши хавфи туфайли бекор қилди. Чемпионат Монреал шаҳрида 18-22 март кунлари бўлиб зтиши керак эди. 

Халқаро конкичилар уюшмаси чемпионат 2020 йилнинг ўзида, аммо энг камида октябрдан кейин ўтказилиши ҳақида баёнот берди. Ҳозирда Квебекда коронавирусга чалинганлар сони 7 кишига етган, Монреал шаҳрида бир кишида ушбу касаллик аниқланган. 

Европа бўйлаб ваҳима, дўкон пештахталари бўшаб қоляпти

Коронавирус тарқалиши тезлашиб, Европанинг тобора кўпроқ мамлакатларида унга чалинганлар сони ортар экан, одамлар ўртасида ваҳима кучайиб боряпти. Одамлар узоқ муддатли карантин учун керакли маҳсулотлар ва гигиена буюмларини ғамлаб қўйишга киришиб кетди

Полша пойтахти Варшавадаги йирик супермаркетлардан бири
Полша пойтахти Варшавадаги дорихоналардан бири

Эронда ҳукумат йиғилишига расмийлар ниқоб тақиб келди

Феврал ойи охирида Эроннинг Қум шаҳри Яқин Шарқдаги коронавирус ўчоғига айланган, дастлаб матбуотдан яширилган рақамлар кейинчалик ошкор бўлгач, бу мамлакатда касаллик кўлами жуда кенг эканлиги маълум бўлганди. 

Гарчи охирги ҳафтада вирус тарқалиши бўйича Италия “олдинга ўтиб кетган” бўлса ҳам, Эрондаги вазият ҳали ҳам хавотирли: бугун эрталабки маълумотларга кўра бу мамлакатда 9 000 киши коронавирус билан зарарланган, улардан 354 киши вафот этган, 2 959 нафари эса тузалиб кетган. Аммо баъзи мутахассислар бу рақамлар тўғрилигига шубҳа билан қарайди, ҳақиқий рақамлар яширилаётганига ишонади.

Чоршанба куни Эрон ҳукумати йиғилишига ҳозир бўлган амалдорлар ниқоб тақиб келган. Чунки мамлакат раҳбарияти ва юқори лавозимли расмийлар орасида ҳам вирус билан касалланиш ҳолатлари етарлича.    

Эрон расмийлари дастлаб карантин чораларини қўллашдан бош тортганди
Энди эса ҳукуматдагилар ҳам ниқобда юрибди

Вирусни қандай қилиб секинлаштириш мумкин?

Covid-19 коронавируси бутун дунё бўйлаб тарқалар экан, ҳукуматлар ва шифокорлар унинг тезлик билан тарқалиб кетмаслигига ҳаракат қиляпти. Бунда касаллик тарқалишига нисбатан ишлатиладиган “чўққини текислаш” ёки “эгри чизиқни текислаш” ҳаётий муҳим аҳамиятга эга. Буни қандай қилиш мумкин?

Коронавирусга қарши кураш ундан зарарланганларнинг умумий сонини камайтириш билан бирга ўсиш суръатларини секинлатишни ҳам ўз ичига олиши керак. Бу профессионал доираларда одатда “тўхтатиш ва ушлаб туриш” деб аталади.

Касаллик тарқалишининг чўққига чиқиши – вазият даҳшатли тусга кирганини англатади. Бундай ҳолатда соғлиқни сақлаш тизими муаммога қарши туриш имкониятини йўқотади, натижада ҳар бир беморга ёрдам кўрсатиш сифати бузилади. 

Дезинфекция чоралари коронавирусга қарши асосий қуроллардан бири саналади/GETTY IMAGES
 

Covid-19 коронавирусига қарши кураш жараёнида Хитой ўзининг улкан меҳнат ресурслари ёрдамида саноқли кунлар ичида бўш ерда йўқ жойдан касалхоналар қуришга муваффақ бўлди. 

Италия ҳукумати эса бунга ўхшаш ишни қилиб кўришга урингани ҳам йўқ – оқибатда мавжуд клиникалар тўлиб-тошиб кетди. Хабар берилишича, вирусдан энг кўп зарарланган шимолий Ломбардия вилоятида касалхоналарда жой етмаяпти. 

Яна бир муаммо – тиббиёт ходимларининг етишмаслиги. Феврал ойида Хитой Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси касалларга қараётган 1 700 дан ортиқ тиббиёт ходимлари ҳам вирус билан зарарланганини хабар қилганди. 

Касаллик тарқалишининг энг юқори чўққисида барча беморлар ҳам етарлича ёрдам ололмагани учун ўлим даражаси ҳам ошиб кетади.  

Ироқ фуқаро мудофааси хизмати ходимлари Куфадаги жоме масжидни дезинфекция қиляпти/
Фото: Getty Images 

Юқорига қараб ўсувчи эгри чизиқни қандай тўғрилаш мумкин?

Бунинг учун одамларнинг вирусга чалиниш даражасини пасайтириш керак. 

Бир томондан қараганда бу гапиришга осон, қилишга қийин ишга ўхшайди. Аммо умуман олганда буни бажариш мумкин.

Ҳукуматлар одамларни уйдан кўчага чиқишини тақиқлаши ва қўшимча молиявий манбалар ажратиши орқали бунга эришса бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, бундай ҳолатда ҳаракатлар ва харажатларни қатъий мувофиқлаштириш талаб этилади. 

Бу ўринда яна Италияни мисол қиламиз: ҳукумат 9 март куни бунгача фақат шимолий “қизил ҳудуд”дагина амалда бўлган карантин меъёрларини бутун мамлакатга қўллади. 

“Бизда вақт қолмади. Касалланаётган, жонлантириш бўлимига тушаётган ва ҳалок бўлаётган одамлар сони жиддий равишда ўсиб кетди”, деб изоҳлади ўз қарорини Италия бош вазири Жузеппе Конте. 

Хитойда ҳаракатланиш ва саёҳат қилишга қатъий чекловлар ўрнатилгани вирус тарқалишини секинлаштирди ва ЖССТнинг мақтовига сазовор бўлди. 

“Кўпсонли маълумотлар кўрсатяптики, эпидемия турғунликка қараб кетди. Бу албатта кўрилган чора-тадбирларнинг натижасидир”, деди ЖССТ Бош директорининг ёрдамчиси Брюс Эйлворд Пекиндаги матбуот анжуманида. 

Сешанба куни Хитойда энг кўп зарарланган Ҳубей вилоятидан ташқари мамлакатнинг бирон ерида коронавирус билан касалланиш қайд этилмагани ҳақида хабар берилди. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан