Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирус қатағони: Европа мамлакатлари ўз фуқароларини уйда ўтиришга қандай мажбурлаяпти?
26.03.2020 17:10,  
742

Европа давлатлари коронавирус пандемиясига қарши кураш жараёнида бирин-кетин шу пайтгача мисли кўрилмаган, бажарилмаган тақдирда қаттиқ жазо кўзда тутилган чораларни қўллаяпти; фуқароларга қатъий зарурат бўлмаса, уйдан чиқмаслик буюриляпти.

Дастлаб аксар Европа давлатларида одамларга кўчага камроқ чиқиш ва атрофдагилар билан мулоқотдан қочиш тавсия қилинди. Аммо охирги кунлар ва ҳафталарда вазият кескин ўзгариб, тавсиядан таҳдидга ўтилди

Чегараларни ёпиш ва оммавий тадбирларни тақиқлаш нисбатан енгил чоралар бўлиб, ҳар бир одамнинг ўзига бевосита таъсир қиладиган чораларни бажариш муҳим. Масалан, Британия ҳукумати бир кунда фақат бир марта сайр қилиш учукн кўчага чиқишга рухсат берди. Аммо буни назорат қилиш имконсиз. Шунинг учун ҳукуматлар, жумладан, демократик давлатларнинг ҳукуматлари, фуқаролар соғлом ақл билан, ҳеч қандай қатағон чораларисиз қоидаларга риоя этишига умид қиляпти. 

Кўчада юрганлик учун жарима

Италия 

“Даставвал одамларга “Илтимос, тўпланманглар” деб оддий мурожаат қилишни бошлагандик. Ҳозир эса одамлар кўчада бирон шубҳали кишини кўриши билан “Уни текширинглар”, деб ўзлари полицияга қўнғироқ қиляпти. Кўринишидан бундай кишиларда кўчага чиқиш учун рухсатнома бўлмайди. Кўчада полиция ва карабинерлар (ҳарбий полиция) навбатчилик қиляпти. Ҳаммани текширишяпти”, деб ёзади WhatsApp ижтимоий тармоғидаги ёпиқ профессионал гуруҳ аъзоси, Триест шаҳридан бўлган Андреа Сауле. 

Италия бугунги кунда дунёда коронавирусдан энг кўп зарарланган мамлакатга айланди. Шунга мос равишда карантин чоралари кескинлашиб боряпти. Озиқ-овқат дўконларидан ташқари барча муассасалар ёпилди, йирик шаҳарлар бир неча кундан бери ҳувиллаб қолган. Фуқаролар кўчага чиқишдан олдин қўлларига нима учун чиқаётганлари ёзилган қоғоз оволишлари керак. Карантин режимини бузганлик учун 300 евродан 4 000 еврогача жарима тўланади. Агар кўчада коронавирусга чалинган одам қўлга олинса, унга 5 йилгача бўлган қамоқ жазоси хавф солади.

Испания 

“Полиция кўпчиликни текширяпти. Ишга бориш учун ёзма рухсатномаси бўлмаган кишига жарима ва ҳатто қамоқ жазоси берилиши мумкин”, деб ёзади Испаниядан Рамон Виларо Гиралт.

Испанияда 14 мартдаёқ карантин тартиби ўрнатилганди. Полиция дронлар воситасида одамларни денгиз соҳиллари, майдонлар ва одам кўп тўпланадиган бошқа жойларни бўшатиб қўйишга чақирди. Бир оиладан фақат бир киши дўкондан зарурий нарсаларни олиш учун кўчага чиқиши мумкин бўлди. 

Карантин режимини бузганлик учун қатъий жазо ўрнатилди: 30 000 еврогача жарима тўлаш, муайян ҳолатларда эса бир йилгача бўлган қамоқ. 

Масалан, 23 март куни полиция Каталониянинг Тортоса шаҳрида бир аёлни ҳисбга олди. У Интернетда бир йигит билан танишиб, у билан учрашувга чиққан бўлган. 

Германия 

“Агар кимдир бирон йиғин уюштирса, ёки икки кишидан кўп одам бир ерда тўпланса, 200 евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Ҳожатхона қоғозини ғамлаб қўймоқчи бўлганларга қийин, энди битта қўлга бир қадоқ қоғоз бериляпти”, деб ёзади Германиядан Штефани Вайнбергер. 

Германияда 23 мартадан бошлаб федерал даражада янги қатъий қоидалар жорий этилди. Одамларга бир уйда яшайдиганлардан ташқари бир жойда икки кишидан ортиқ тўпланмаслик буюрилди, бу талабларга риоя этилишини полиция кузатадиган бўлди. 

“Бутун Германияга тааллуқли жарималар миқдори бўйича ҳеч қандай кўрсатма йўқ. Буни ҳар бир федерал ер (маъмурий бирлик) ўзи мустақил ҳал қилади. Масалан, Шимолий Рейн-Вестфалия ва Рейнланд -Пфалцда карантин қоидаларини бузганлик учун 25 000 еврогача жарима белгиланган”, деб аниқлик киритади Spiegel газетаси. 

Германияда икки кишидан ортиқ одамнинг бир жойда тўпланиши мумкин эмас. Айни қоида бошқа кўплаб Европа мамлакатларида ҳам ўрнатилган/GETTY IMAGES

 

Чехия 

Чехия 13 март куниёқ мамлакат ҳудудида фавқулодда вазият эълон қилиб, қатъий тақиқларни киритган. Кўчага ўта зарур ҳолларда ва албатта ниқоб тақибгина чиқишга рухсат берилади. 

Иккинчи талабни бажармаганликни назорат қилиш осон. Шунинг учун 19 март куни чех полицияси кўчага ниқоб тақмай чиққан 1 316 кишини тўхтатиб огоҳлантиргани ажабланарли ҳол эмас. Аммо уларга жарима солиш учун аввал ишини судда кўриб чиқиш керак бўлади. Шунинг учун фақат 14 киши жиримага тортилган, қолганлар эса оғзаки огоҳлантирилган.  

21 март куни Чехиянинг бир шаҳридаги полиция икки фуқарога ниқоб тақмагани учун 10 000 кронадан жарима солди. Айтиш керакки, улар жамоат жойида спиртли ичимлик ичиш билан айбини оғирлаштирган. 

Умуман олганда, Чехияда карантин қоидаларини менсимаслик 3 миллион кронагача жаримага олиб келади. Аммо бу бир кишига карантинда ўтириш буюрилган бўлиб, ўша буйруқни бузганидан кейингина содир бўлади.   

Полша

Полша ҳукумати бошида кўчада беҳуда юрмасликни тавсия қилганди, 24 мартдан бошлаб эса бир жойда икки кишидан кўп одамнинг йиғилишини тақиқлади. 

Ҳатто черковдаги ибодат маросимларида ҳам бир вақтнинг ўзида 5 кишидан ортиқ одам тўпланиши мумкин эмас.  

Бу тақиқ камида 11 апрелгача амал қилади, уни бажармаганлар эса 5 000 злотийгача жарима тўлайди.

Британия полициячилари кўчада юрганларни ҳозирча оғзаки огоҳлантиряпти, аммо тез орада жарима солиш бошланади/GETTY IMAGES

 

Буюк Британия

Британия ҳукумати 23 март кунидан аввалги тавсияларни тақиққа айлантирди. Шу кундан бошлаб мамлакатда кўчага чиқиш ман этилди, фақат озиқ-овқат, зарурий ҳаётий эҳтиёжлар, дори-дармон ва ишга бориш учунгина остона ҳатлашга рухсат берилади. 

Бундан ташқари, британияликларга бир кунда бир марта сайр учун ташқарига чиқишга изн берилган. Шунда ҳам икки кишидан кўп одам бир жойда йиғилиши мумкин эмас.

Ҳукумат матбуот хизмати бу талабларни бузган киши пайшанба кунидан бошлаб полиция томонидан жаримага тортилишига ваъда берди. Жарима миқдори 30 фунт. 

Полициянинг айтишича, бунда биринчи навбатда жарима ундириш эмас, одамларнинг вазиятни тушуниши ва қонунларга итоат қилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга кунига бир марта кўчага айланиш учун чиқиш тартибини полиция умуман назорат қила олмаслигини полициячиларнинг ўзлари тан олган. 

“Тўғри, полиция икки кишидан кўп, гуруҳ бўлиб йиғиладиган одамлар билан шуғулланади. Аммо бир киши дўконга неча марта чиқиб келаётганини текшириш – бу мутлақо имконсиз”, деган Англия ва Уэлс полициячилари касаба уюшмаси раҳбари Жон Алтер. 

Қолган мамлакатлар

Бир гуруҳ Европа давлатлари коронавирусга қарши кураш жараёнида ҳали бу қадар кескин чекловларга – фуқароларни юмшоқ уй қамоғига ўтказиш даражасига етиб бормаган. Булар Белгия, Люксембург, Нидерландия, Болтиқбўйи давлатлари, шунингдек, Финландия, Швеция ва Норвегиядир.

Бу мамлакатлар худди барча қўшнилари каби хорижликлар учун чегараларни ёпган, таълим ва кўнгилочар масканлар эшигига қулф урган, оммавий маросим ва йиғинларни тақиқлаган. Аммо ҳали кўчага чиқиш учун тақиқ ўрнатилмаган. 

Шунга қарамай, вазиятга қараб кўчага чиқиш ҳам тақиқланиши мумкин. 

“Баъзилар карантинни худди кутилмаган хурсандчилик таътилидек қабул қиляпти. Кўпчилик бўлиб савдо марказларига боряпти ва ҳоказо. Огоҳлантириш, илтимос ва тавсиялар, афсуски, деворга гапиргандек бўлиб қоляпти. Шунинг учун бошқа йўлларни қўллаш керак”, деб ёзди 23 март куни Литва Бош вазири Саулюс Сквернялис Фейсбук ижтимоий тармоғида.

25 мартдан бошлаб Литвада кўчада икки кишидан ортиқ бўлиб тўпланиш ман этилди. 

Украина пойтахти Киевда жамоат транспортидан фойдаланиш учун махсус рухсатнома талаб этилади/UKRINFORM/BARCROFT MEDIA

 

Алоҳида карантин

Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида коронавирусга қарши турли хил муносабат билдириляпти: кимдир жамоат транспортини тўхтатяпти, кимдир бутун мамлакатда бир ҳафтага таътил эълон қиляпти. 

Қозоғистон ҳукумати фақат ҳудудий эмас, алоҳида, чекланган минтақа бўйича ҳам карантин жорий қилди.     

Мамлакатнинг икки пойтахти – Нурсултон ва Алматида карантин эълон қилинди, бу икки шаҳарга кириш ва чиқиш йўллари ёпилди, шаҳарлардаги барча дўконлар, савдо марказлари ва ошхоналар беркитилди. 

Бундан ташқари, Қозоғистонда коронавирусга чалингани тасдиқланган ёки гумонланган инсон яшаган бутун бошли кўпқаватли уйлар ҳам карантинга олиняпти. 

“19 март куни аввал полициячилар, кейин миллий гвардия аскарлари келди, ҳовлида ўзларига биоҳожатхоналар ўрнатди, кириш-чиқиш жойларида панжарали девор қуришди. Энди ҳеч кимни чиқаришмаяпти ва кирғизишмаяпти. 15 кун карантин ўтириш керак экан”, дейди Алматида яшовчи Полина. 

У мана шундай “карантинга олинган” 22 қаватли уйга қўшни бўлиб яшайди.

Алмати ҳокимиятига кўра шаҳарда ҳаммаси бўлиб 15 та шундай бино ташқи дунёдан иҳоталанган. Ҳокимиятдагилар бу биноларни “зарарланиш ўчоғи” деб номлаган ва март ойи охиридан бошлаб уларга нисбатан ўрнатилган чекловларни секин-аста олиб ташлашга ваъда берган.      

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан