Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Коронавирусни даволашда зарарли деб топилган дорини қўллашга қарши чиққан шифокорга таҳдид қилинди (видео)
25.07.2020 12:58,  
1498

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 4 июль куни гидроксихлорохин моддаси коронавирус терапиясида зарарли экани ҳақида баёнот эълон қилган эди. 13 июлда бу дори Ўзбекистондаги даволаш протоколидан ҳам чиқарилди. Аммо маълум бўлишича, муайян шахслар препаратни протоколга қайтаришни истамоқда.

«Тез ёрдам» дастурининг навбатдаги сонида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова гидроксихлорохин препаратини коронавирусдан даволашда ишлатиш зарарли экани ҳақида сўз юритди.

Клара Ёдгорованинг таъкидлашича, гидроксихлорохин бошқа дорилар сингари дастлаб Хитой тажрибасида қўлланилган. Март ойида ЖССТ қўлланилаётган препаратларнинг самарадорлиги бўйича далиллар олиш учун «Халқаро ҳамдўстлик тадқиқоти»ни ўтказган. Унда коронавирусга чалинган 96 минг беморнинг маълумотлари жамланиб, АҚШнинг Ҳарвард ва Швейцариянинг Сюрих университети олимларига тақдим қилинган.

«Ўрганишлар натижасида гидроксихлорохиннинг коронавирусга қарши нафақат самарасиз экани, балки ўлим хавфини оширувчи экани ҳам тасдиқланган. Буларни ҳисобга олиб, ЖССТ 27 май куни янги вақтинчалик қўлланма чиқариб, барча давлатларга шунинг асосида ўз даволаш стандартларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилган. 4 июлда эса гидроксихлорохин ва бошқа айрим дориларнинг зарарли экани ҳақида ЖССТнинг баёноти эълон қилинди», – деди Миллий палата вакили.

Клара Ёдгорованинг сўзларига кўра, Миллий палата экспертлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи биргаликда 30 июнь куни иккита янги қўлланма – COVID-19ъни енгил шаклда ўтказиб, уйда даволанаётганлар ва оғир формада стационарда даволанаётганлар учун қўлланмалар ишлаб чиққанини, улардаги маълумотлар 13 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тасдиқланиб, чоп этилганини ва мазкур қўлланмадан гидроксихлорохин олиб ташланган.

«Айни пайтда бу протоколга амал қилиш шифокорлар учун жуда муҳим ҳисобланади. Чунки бу ерда гап ҳар бир инсон ҳаёти ҳақида кетяпти. Биз ЖССТнинг қўлланмалари асосида ишлашимиз лозим, ҳеч қайси давлат биз учун намуна эмас. Биз ҳам ЖССТнинг аъзо давлати сифатида даволаш тизимимизга энг янги қўлланмаларни киритишимиз лозим», – деди мутахассис.

Шунингдек, Клара Ёдгорова дастур бошловчиси – Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжоновнинг саволларига жавобан, кўрсатувнинг олдинги сонларидан бирида гидроксихлорохиннинг самарасиз экани ҳақида фикр билдиргани учун таҳдидга учраганини маълум қилди.

Комил Алламжонов эса жонли эфирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан Клара Ёдгоровани ҳимоя қилишни сўради.

Блогерлар, жумладан, Bakiroo каналида фикр-мулоҳазаларини билдириб борадиган иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур видеодаги гап-сўзларни Алишер Шодмоновнинг «Qalampir.uz» нашрига берган интервьюсида мухбирга қарата «Сиз, фармацевтмисиз?» деб жавоб қилгани ҳамда дорилар беморларнинг ҳолатига қараб қарши кўрсатмалар бўлмаса ва ижобий самара берса, протоколга қайта киритилиши мумкинлигини айтиб ўтганига эътибор қаратган.

Видеони биринчилардан бўлиб Telegram'га юклаган YouTube'даги «Улар» лойиҳаси муаллифи Лазиз Ҳамидов қуйидагича пост қолдирган.

 

 

 

Жуда ғалати, «Тез ёрдам» дастурида тиббиёт фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ёдгорова Клара Тоҳировна билан суҳбат кетяпти.

Қуйидаги икки қисмга эътибор беринг, унда умумий қўлланиш протоколига умуман фойдаси йўқ ва бутун дунё стандартидан олиб ташланган дорилар мажбуран киритилаётгани, агар Клара опа қандайдир мажбуриятларга бўйсунмаса, унга таҳдид қўнғироқлари бўлаётгани ҳақида гап кетяпти. Қанчалар кучли манфаатлар ётганини ўзингизга тасаввур қиляпсизми?


Аввалроқ, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Феруза Ҳамробоева ҳам гидроксихлорохиннинг салбий таъсири ҳақидаги фикрларга қўшилишини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, таркибида гидроксихлорохин сақловчи «Плаквенил» препарати Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб, уйида даволанаётган беморларга тарқатиладиган бепул дори-дармонлар рўйхатига киритилган эди. Кейинчалик ушбу дори рўйхатдан чиқарилгани айтилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан