Литва Ташқи ишлар вазирлиги Белорус Президенти Александр Лукашенко ва республиканинг бошқа 117 мулозимини санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Литва ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Расу Якилайтене баёнотига асосланиб, ТАСС хабар бермоқда.
Таъкидланишича, янгиланган рўйхат аллақачон Болтиқбўйи мамлакати Ички ишлар вазирлигига юборилган.
Илгари Литванинг санкциялар рўйхатига 32 киши киритилган эди, Вилнюсга кўра, улар Белорусда бўлиб ўтган президент сайловлари натижаларини қалбакилаштириш ва намойишчиларга қарши асоссиз куч ишлатиш билан боғлиқ.
9 август куни Белорусда президент сайловлари бўлиб ўтди. Республикадаги сайлов участкалари ёпилгандан сўнг натижаларнинг сохталаштирилганига қарши оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойиш пайтида хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ, шовқинли гранаталар ва резина ўқлардан фойдаланган.
Кейинчалик мамлакатда йирик саноат корхоналарида иш ташлашлар бошланиб, ишчилар янги сайловлар ўтказишни ва намойишчиларга нисбатан шафқатсиз муносабатни тўхтатишни талаб қилдилар. Мухолифат номзодларининг барча штаб-квартиралари расмий натижаларни тан олмаганликларини эълон қилишди.