Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Мақсад фойда келтиришми ёки халқни соғин сигирдек соғишми?»
30.11.2019 09:54,  
3848

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг телефонларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Айрим ислоҳотларни кўриб, мақсад фойда келтириш эмас, балки халқни соғин сигирдек соғишмикан, деб ўйланиб қолади одам.

Масалан, телефонларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизимидан балки эзгу мақсадлар кўзлангандир, аммо уни амалга ошириш тартиби халқни қийнашдан нарига ўтмади. Жумладан:

Биринчидан, барча мобил қурилмаларни автоматик рўйхатдан ўтказиш учун жуда қисқа вақт берилди. Гарчи ҳамма ёқда 1 апрелдан 1 ноябргача дейилган бўлса-да, лекин аслида IMEI-кодларни рўйхатга олиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси 17 сентябрда тасдиқлади. Яъни 1 ноябрь деган муддат халққа салкам октябрда маълум бўлди. ОАВларда асосий тарғиботлар ҳам октябрдан бошланди.

Бу дегани, халққа ишлатилмаётган телефони ёки иккинчи сим-картасини автоматик рўйхатдан ўтказиш учун тахминан 1 ой вақт берилди. Бу ноинсофлик!!!

Иккинчидан, 1 ноябрдан ариза орқали рўйхатдан ўтишда жуда кўплаб муаммолар пайдо бўлмоқда. Айниқса, 2 та сим-картали телефон ишлатадиган жуда кўпчилик янгиликлардан кеч хабар топганининг эвазига (тайинли тарғибот ҳам қилишмади) ҳозир боши қотган.

Сабаби 1 ноябрдан кейин иккинчи слотни рўйхатдан ўтказиб бўлмаяпти, гарчи 1та IMEI-код базада бўлса ҳам, рад жавоби келмоқда. Рўйхатдан ўтиш учун хорижга чиқиб келиш керак эмиш. “Ҳеч бўлмаса Қозоғистонга чиқиб келинг, кейин рўйхатдан ўтказамиз” дейишмоқда.

Бу нима аҳмоқгарчилик? Нега бу ҳақида аввал огоҳлантирилмаган?

Учинчидан, рўйхатдан ўтказиш рад этилаётганига сабаб — божхонани четлаб ўтиб, яширин йўллар билан олиб кирилгани бўлса, унда нега бунинг жабрини халқ тортиши керак?

Чегарачилар, божхоначилар ёки яширин йўлларга шароит яратиб берган коррупсионерларга ҳеч нарса бўлмасдан, яна оддий халқ сарсон бўлиши керакми?

Ахир ўша телефонларни пешона тери билан топган пулларига расмий ишлаб турган дўконлардан сотиб олишган-ку. Нега шунча пайт дўконларда ноқонуний телефонларни сотишга йўл қўйганлар жазоланмасдан, жабрдийда халқ товон тўлаши керак?

Нима учун??? Нима учун???

Тўртинчидан, хўп, бўлар иш бўлди, дейлик. Энди нима қилиш керак? Муаммони ечиш учун бирор қонуний ечим борми? Минглаб фуқаролар рўйхатдан ўтказиш учун хорижга чиқиб кела олмайди барибир. Халққа безбетларча “четга чиқиб келинг, йўқса иложи йўқ” демасдан бирор ечим бермайсизларми?

Бешинчидан, биламизки 1 декабрдан рўйхатдан ўтказиш пуллик бўлади. Майли, текин бўлсин демайман, аммо нега нарх бунчалик қиммат? Бирор асоси борми? Шунчаки 1та кодни тармоққа киритиб қўйиш учун 44 минг 600 сўм олишга уялмайсизларми?

Боз устига, агар телефон 2та сим-картали бўлса, унда ҳар бири учун алоҳида тўлов қилинади, демак 89 минг сўм бўляпти. 30 кундан ўтиб рўйхатга олинса, 110 минг сўм бўлади. Нега 10 минг сўм эмас, нега 20 минг сўм эмас? Халқни жуда бооооооой деб ўйлайсизлар шекилли? Пуллари ошиб-тошиб кетяпти, қаерга қўйишни билмаяпти, дея тасаввур қиласизларми?

Халқ тўлаётган солиқлар қаёққа кетяпти унда? Бу тизимдан мақсад халққа фойда бўлиш дейишмоқда, ахир фойдали тизимлар ишлаб чиқиш давлатнинг мажбурияти эмасми? Бизнинг солиқларни шунинг учун оляпсизлар-ку. Халққа икки марта солиқ солиш (ва қиммат солиқ) инсофсизлик ахир!

Халқ соғин сигир эмас, шуни унутиб қўймайлик, илтимооооос...

Ноябрь ойи деярли тугади. Аммо соҳа мутасаддилари юзага келган муаммоларни ечиш учун зиғирча ҳаракат қилмади, халққа тушунтириш бермади, тарғибот олиб бормади. “Нега рад қилинганини билмадим, бу муаммо сеники, менга нима” деган принципда иш олиб борилди. 1 кун ўтиб эса, рўйхатга олиш пуллик бўлади. Халқ яна пул тўлашни бошлайди...

Тўлайверади, тўлайверади, тўлайверади...

Screenshot

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.​

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан