Euronewsʼнинг рус нашри Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президентлик сайлови ҳақида тасдиқланмаган хабар тарқатмоқда. Нашрнинг иддаосича, ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев 90 фоиз овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланган — дея ёзмоқда 'Xabardor.uz' нашри.
Шунингдек, «Euronews» Мирзиёевнинг ҳукумат тепасига келиши тарихи ҳамда амалдаги президентнинг мамлакатда олиб борган ислоҳотлари тўғрисида қисқача тўхталади.
Бундан ташқари нашр халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги Президентлик сайловига бўлган қизиқишлари “кўп жиҳатдан мамлакатнинг Афғонистон билан чегарадошлиги ва «Толибон»нинг ушбу мамлакатга таъсирини олдини олиш муҳим”лилиги билан боғлиқлигини таъкидлайди.
Ўз навбатида Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати Президент сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинганлиги ҳақида хабарлар юзасидан муносабат билдириб, “бу хабар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслигини” айтмоқда.
“Бу хабар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Президент сайловининг дастлабки натижалари бугун Тошкент вақти билан соат 16:00 да Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев томонидан эълон қилинишини яна бир карра эслатиб ўтамиз”, – дейилади МСК муносабатида.