Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ота-оналарнинг бир қисми нега бошларини чангаллаб қоляпти? Болалар-чи? — "Адолат" СДП вакили таълим тизимидаги айрим жиддий хатолар ҳақида фикр билдирди
4.09.2021 09:38,  
220

Коррупция – мудҳиш иллат, айниқса у таълим тизимини ўз чангалига олса, икки карра фалокат. Яқин-яқингача коллежу университетлар у ёқда турсин, боғча-мактабга кириш ҳам «қистир-қистир»ларсиз битмас эди. Айниқса, шаҳарда донг таратган «престиж» боғча ва мактаблар фақат «каттакон»ларнинг болаларини «юқори»дан қўнғироқ асосида қабул қилиб, маҳаллий аҳолига жой қолдирмаслиги кўп бор исботини кўрсатган.

Мазкур коррупциоген ҳолатларнинг олдини олиш, мактабгача таълим ташкилотига жойлаш учун мудиранинг, мактабга қабулда директорнинг чўнтагини қаппайтиришга барҳам бериш учун шаффоф тизимлар яратилди. МТТларга Давлат хизматлари агентлиги орқали навбат ташкил қилиш йўлга қўйилгани кўплаб ота-оналарнинг кўнглидаги иш бўлди.

Бу йилдан умумтаълим мактабларига қабул ҳам электрон шаклда my.maktab.uz портали орқали амалга ошириладиган бўлди. Электрон тизимга ўтилгани, албатта, яхши, ортиқча овогарчиликлару харажатларга ҳожат қолдирмайди. Аммо, айрим жамоатчилик вакилларининг таъкидлашларича, ушбу тизимга ишониб фарзандини бу йил мактабга жойлолмай қолган, сентябрь ойи — янги ўқув йили бошланганига қарамай, ҳамон фарзандининг ҳужжатлари қўлида турган ота-оналар бор.

Ўрнатилган тартибга кўра, ота-оналардан сайт орқали маълумотларни тўлдириш ва жараённи кузатиб бориш талаб этилган. Бу босқични бажарганлар ёз бўйи ҳар куни кўзи тўрт бўлиб сайтдаги шахсий саҳифасини кузатган ва «кўриб чиқилмоқда» ёзувини ўқиб келган. Кимлардир навбати келгани ҳақида хабар топиб, боласини мактабга жойлашга муваффақ бўлди. Аммо ота-оналарнинг бир қисми август ойининг охирги кунларида сайтдаги «қайтарилди» деган ҳукмни ўқиб бошларини чангаллаб қолишди. Хўш, энди нима бўлади? Мактаб ёшига етган болалар мактабга чиқолмай қолиб кетаверадими? Хўп, қамров юқорилиги боис ўзи танлаган мактабида бўш жой қолмагандир, бу ҳақида аввалроқ хабар бериш, ота-оналар учун бошқа мактаб учун ҳаракат қилиш имконини қолдириш мумкинмиди?

Аввалги тизим коррупция хавфи остида деб, бошқа тизим яратилгани мақсадга мувофиқ, бироқ болаларда нима айб? «Ўқувчи бўламан, Президентдан совға оламан», дея энтикиб турган мурғак қалблар 6 сентябрь куни уйда мунғайиб қолсалар, бизга коррупциядан ҳоли тизимга тасанно ўқиб ўтириш ярашармикин?

Болаларни мактабгача таълим муассасаларига имкон қадар кўп қамраб олиш ҳақида кўп гапирилди, таклифлар берилди, аммо ҳозирги вазиятда МТТдан ҳам муҳимроқ ва долзарброқ бўлган мажбурий таълимга жалб этиш ҳам ўз оқсоқлигини беркитолмаяпти. Вақтида мактабга чиқиб, керакли таълимни олмаган, бу борада бир йил ютқазган, устига устак ҳамма нарсасини тахт қилиб қўйган ҳолда мактабга бориш орзуси саробга айланган болакайлардан эртага юқори натижани талаб қилишга ҳақлимизми?

Боғчадан чиқарилган, мактабга қабул қилинмаган ўқувчилар  аросатда қолиб кетди.

Халқ таълими вазирлиги масалага жиддий қараб, олдиндаги оз фурсат ичида ана шу ўқувчилар фойдасига бирор маънили қарор қабул қилади, деган умиддамиз. Зотан, ибтидо интиҳони ҳал қилади. Фарзандларимиз таълимининг илк пиллапоялариданоқ керакли шароитларни яратиб берайлик.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан