Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Озарбайжон ишғол қилинган ҳудудларини тиклай оладими?
29.09.2020 12:28,  
1453

Озарбайжон ва Арманистон орасидаги урушга Туркия ва Ўрусия қўшилиши мумкинми? Бунинг учун, олдин муаммо нимадан иборатлиги ва халқаро ҳамжамият билан БМТ унга қандай баҳо берганини англаш керак.

Совет даврида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти (ТҚМВ) Озарбайжон таркибига кирган. ТҚМВ тупроқлари ҳар томондан Озарбайжон билан ўралган ўзига хос анклав бўлиб, Арманистон билан умумий чегараси йўқ эди.  

1989 йилги бутуниттифоқ аҳоли рўйхатида Озарбайжон жами аҳолиси 7 миллиондан сал кўпроқ бўлган. Арманилар сони 390,5 минг киши ёки жами аҳолининг атиги 5,6 фоизини ташкил қилган.

ТҚМВ аҳолиси ўша даврда 189 минг кишини ташкил қилиб, арманилар сони 145 минг (76,9%), озарбайжонлар эса 40,6 минг (21,5%) эди. 1989 йилга келиб Тоғли Қорабоғлик арманилар Озарбайжон таркибидан чиқиш ва Арманистонга қўшилишни талаб қила бошлашган. Лекин, Озарбайжон ва Совет Иттифоқи ҳукуматлари бу талабни қаноатлантиришни рад қилишган.

1991 йили арманилар ўзбошимчалик билан Қорабоғни алоҳида республика деб эълон қилишганида ҳам иттифоқ ҳукумати Озарбайжоннинг бу амал ноқонуний эканлиги ҳақидаги қарорини тасдиқлаган.

Совет иттифоқи тарқалгандан кейин, кўп ўтмай, 1993 йили Ўрусиянинг ҳарбий ёрдамига таянган Арманистон Тоғли Қорабоғни қўлга киритиш учун Озарбайжонга қарши урушга киришади. Натижада, Тоғли Қорабоғ босиб олинган ва уни Арманистон билан боғлаш учун орадаги Озарбайжон ҳудудлари ҳам Озарбайжондан тортиб олинган. Бу ҳаракат БМТ ва халқаро ҳамжамият томонидан агрессия деб баҳоланган.

Ҳозирги пайтда Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи арманилар қўлостида бўлиб, бунинг тахминан 10 фоизини Тоғли Қорабоғ, қолган 10 фоизини эса Озарбайжон тупроқлари ташкил қилади (иловадаги харитага қаранг).

1993 йили армани кучлари Озарбайжоннинг Хўжали қишлоғи тинч аҳолисини қатлиом қилган. 400 га яқин ёш-у қари, эркак-у аёл ваҳшийларча қатл қилинган. Дунёдаги ўнта давлат буни қатлиом (геноцид) деб баҳолаган. Ўзбекистон бу қонли воқеага ўз муносабатини билдирмаган бўлса-да, Арманистон билан дипломатик алоқага эга эмас. Бу борада марҳум президент Каримов тўғри йўл тутганини таъкидлаш лозим.

Ўрусия Арманистонни зимдан дастаклаган уруш ҳаракатлари 1994 йили тўхтатилган бўлса-да, ора-сирада уруш бўлиб туради. Арманилар Тоғли Қорабоғ атамасини "Арцах" деб ўзгартиришган. Лекин, ўзбошимчалик билан ташкил қилинган республикани дунёдаги ҳеч қайси давлат тан олмаган. Тоғли Қорабоғ Арманистоннинг, қолаверса, Франса ва Америка каби ғарб давлатларида яшовчи катта ва бой армани диаспорасининг молиявий ёрдами асосида яшамоқда. Ўрусия ҳам арманиларга катта иқтисодий ёрдам кўрсатади.

Тан олинмаган республика ҳудуди Арманистон қўшинлари ёрдамида ҳимоя қилинмоқда. Туркия давлати турк қардошлари — озарбайжонлар тарафини олиб, Арманистон билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни узган. Бакуни Туркия билан боғлайдиган темир йўл ва газ қувури қисқа йўл саналган Арманистон орқали ўтмай, Гуржистон ҳудудида қурилган. Шунинг ўзиёқ, тажовузкор давлатни олинадиган мўмай даромаддан маҳрум қилган.

Ғарб давлатлари Арманистонга нисбатан жиддий чоралар кўрмаслигига, фикримизча, диний ўртоқлик сабаб бўлмоқда. Шу ўринда, ислом республикаси бўлишига қарамасдан, Эрон Арманистонни қўллаб-қувватлашини таъкидлаш зарур. Буни Эронда 35 миллионга яқин озарбайжон ва туркман яшашига боғласак ҳеч янглиш бўлмайди. Теҳрон ўз ҳудудидаги бошқа турк халқлари Озарбайжон билан яқинлашишидан чўчийди.

Қорабоғ ва босиб олинган бошқа ҳудудларда мусулмонларга тегишли масжид ва обидалар таҳқирланиб, молхоналарга айлантирилганлари ҳам бор. Уруш натижасида эса бир миллион озарбайжон ўз турар-жойларини ташлаб кетиб, қочқин ҳолатида юришибди. Ортда қолган кўпгина уйлар эса қаровсизликдан харобага айланган.

Энди, мақоламизнинг бошида қўйилган сўровнинг жавобига келсак.
Арманистон Ўрусия бошчилигидаги коллектив хавфсизлик ташкилоти аъзосидир. Агар бирорта аъзо давлатга нисбатан агрессия бошланса, ўша давлат Ўрусия ва ташкилот аъзоларидан ҳарбий ёрдам сўрай олади.

Лекин, Арманистон нафақат, ҳатто, ўзи ҳам тан ололмаган Қорабоғни, балки Озарбайжонга тегишли бошқа ҳудудларни ҳам босиб олганини диққатга олсак, Ўрусия ва бошқа давлатлар уруш ҳаракатлари то Арманистон ҳудудига ўтиб, Озарбайжон қўшинлари бостириб кирмагунча қўл-оёғи боғлиқ қолади. Акс ҳолда, халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатлар сабаб, Арманистонга ёрдам берган давлатларга нисбатан иқтисодий ва бошқа кўринишдаги санксиялар киритилади.

Ўрусия арманиларга зимдан ҳаводан ёрдам бериш учун тўғридан-тўғри кириб келиш имконига эга эмас. Чунки, Озарбайжон ва Гуржистон ўрис ҳарбий учоқларига ўз ҳаво ҳудудини ёпиб қўйган. Ўрислар аввалига Абхазия, 2008 йили эса Гуржистонга қарашли Жанубий Осетияга қўшин киритиб, ажратиб олганидан бери алоқалар жуда совиб кетган. Ўрислар ҳозирча чегаралар ҳақида тўлиқ келишувга эришилмаган Каспий денгизи устидан учиб, Арманистонга Эрон орқали қолган туйнукдан кириб боришяпти.

Туркия урушга қўшилиши учун қонуний асослар бор. Бунинг учун Озарбайжон қардош давлатдан ҳарбий ёрдам сўрашининг ўзи етади. Ёрдам икки давлат орасида амал қилаётган келишувларга мос келиши сабабли, халқаро ҳуқуққа мос келади. Бундай тақдирда, ғарб давлатлари ва БМТ Туркияни урушга кирмасликка чақиришдан бошқа бирор нарса қилиш имконига эга бўлмаслиги эҳтимоли каттадир.

Ҳозирча, Озарбайжон ўз қўшинлари арманилар босиб олган бир қанча шаҳар ва қишлоқни озод қилгани, арманилар катта талофат кўрганини хабар бермоқда. Ўз навбатида, арманилар бунинг тескарисини иддао қилишяпти.

Бу орада, Арманистоннинг Ўрусиядаги элчиси Тоғли Қорабоғ аҳолисини эвакуация қилиш режаси ҳам тайёрланаётганини ошкор қилди. Хуллас, информацион уруш авжида. Лекин, бу сафар Озарбайжон ўз ҳудудий яхлитлигини тиклашга ҳам ҳарбий, ҳам маънавий жиҳатдан ҳозир кўринади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан