Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбек тилидан синов тизими нима? У нега керак?
2.11.2019 14:41,  
647

Ўзбек тилининг Давлат тили экани унда давлат ишлари юритилиши билан юзага чиқади.

Барча ҳужжат ишлари, фармон ва қарорлар, фармойишлар, ҳукмлар, баённомалар ҳеч қандай истисносиз, аввало, ўзбек тилида юритилиши шарт. Зарурат туғилган тақдирдагина бошқа тилга таржима қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёзиладиган ҳар қандай ҳужжат, ҳар қандай матннинг аввалида ўзбек тили туриши шарт. Давлат миқёсидаги қонунларнинг асл кўриниши рус тилида ёзилиб, сўнг ўзбек тилига ўгирилиши, жамоатчиликка муҳокама учун рус тилида тақдим этилиши мутлақо мумкин эмас.

Давлат идораларида фаолият юритувчи ҳар қандай шахс, ҳар қандай ходим ўзбек тилини билиши, унда сўзлай олиши, фикрини ўзбек тилида бехато ёзма шаклда ифода эта олиши шарт.

Ўзбекистон Республикасидаги барча расмий идораларда мажлислар ўзбек тилида олиб борилиши, баённомалар ўзбек тилида олиб борилиши, нотиқлар ўзбек тилида гапиришлари, агар ўзбек тилида гапира олмайдиган хорижий миллат вакили бўлса, таржимон орқали фикрини ўзбек тилида етказиши шарт.

Хориж сафарларида Ўзбекистон Республикаси номидан гапиришга ҳақли ҳар қандай ваколатли шахс ҳар қандай расмий минбар ва ҳар қандай расмий учрашувларда ўзбек тилида гапириши шарт. Унинг фикри таржимон орқали орқали хориж вакилларига етказилади.

Шу талабларга риоя қилинган ҳолдагина Ўзбек тили давлат тили мақомидаги тил ҳисобланади.

Акс ҳолда, миллат руҳи, миллиятимиз белгиси ҳисобланган тилимиз мутлақо қадрсизланиб, четга чиқариб ташланади. Яъни ҳозирги ҳолатимизда ўзгариш бўлмайди.

Биз қўяётган ушбу мезонларга эришиш осон кўчадиган иш эмас. Бунинг учун ўзбек тилини ўрганиш, ўргатишнинг мажбурий ва чуқур ўйланган тизими бўлиши талаб этилади. Тил байрами арафасида ва тил байрами куни телевидение орқали кўплаб тилшунос олимлар, жамоат ва сиёсат арбоблари миллий тилимиз ҳақида пафосга тўлиб, гоҳ фахрланиб, гоҳ ўксиниб гапирдилар. Уларнинг аксари “ўзбек тили дунёдаги энг бой, аммо энг бахтсиз тиллардан бири эканини” афсус билан таъкидладилар ҳамда миллий тилимизни бахтсизлик зулматидан эҳтиром тонгига чиқариш ҳақида кўплаб таклифларни бердилар. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бу борада алоҳида Фармон имзолади. Фармонга кўра тилни ҳимоя қилиш билан шуғулланадаган Тил департаменти ташкил этилди. Ҳақ гап – тил ҳимояга муҳтож бир хилқатдир. Агар уни ҳимоя қилмасангиз, у ўлади. У ўлганидан кейин Сизнинг аслиятингиз ҳам ўлади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, шунингдек, бир қатор тилшуносларимиз ўзбек тилини чинакам давлат тили даражасига кўтариш учун барча давлат идораларида фаолият юритувчи, олий ўқув юртларида таълим олувчи ҳар бир шахс давлат тилини билишини таъминловчи механизмга эҳтиёж борлигини, бу механизмни ишлаб чиқиш зарурлигини айтишди. Бу механизм инглиз тилидаги имтиҳон тизими International English testing system (IELTS) каби бир тизим бўлиши ҳақида сўз борди.

Бундан 4–5 йил илгари инглиз тилидан мазкур имтиҳонни топшираман, хорижда ўқийман деб орзу қилиб юрганимда шу ҳақда ўйлай бошлаган эдим. Халқаро инглиз тили имтиҳони тартиблари билан танишгач, ўзбек тилида ҳам худди шундай синов тизими бўлиши керак деб қатъий қарор қилдим. Хаёлимда бу ҳақда нималарнидир пишитдим, яқинларга бу ҳақда гапирдим. Аммо насиб, бошимда турли воқеалар юз бериб, бу ишга муаяссар бўла олмадим. Бугун ўзбек тили чинакам давлат тили бўлиши ҳақида жиддий ўйланаётган бир паллада ушбу ниятим ҳақида бўлишишим кераклигини англаб етдим.

Зудлик билан “Ўзбек тилидан синов тизими” ҳақидаги ғояларимни қоғозга туширдим. Имтиҳон шартларининг хомаки кўринишини ишлаб чиқдим. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасига тегишли ҳар қандай давлат идорасига қабул қилиниши учун ҳар бир киши мазкур синовдан ўтиши, белгиланган тартибда баҳоланиши, олган баҳоси қониқарли бўлган тақдирда ишга қабул этилиши шарт. Айни пайтда давлат идораларида хизмат қилаётган барча кадрлар ҳам аниқ режа асосида босқичма-босқич мазкур синов имтиҳонларидан ўтиши керак.

Ўзбекистон олий ўқув юртларига эса, табиий, бу имтиҳон баҳоларисиз кириш мумкин эмас. Ҳар бир олий ўқув юрт ўзи учун Ўзбек тилидан синов тизими баҳосининг энг кам даражасини белгилаб олади. Масалан, камида 50 ёки 60 балл олганларгина талаба бўлишга ҳақли, акс ҳолда, ҳужжатлари қабул этилмайди.

Мен таклиф қилаётган “Ўзбек тилидан синов тизими” халқаро инглиз тили имтиҳонлари тажрибасига суянган ҳолда ишлаб чиқилган. Мазкур синов тизими ўзбек тилида фикрни оғзаки баён эта олиш, ўзбек тилида мутолаа қилиб, тушуна олиш, ўзбек тилида тинглаб, англай олиш, ўзбек тилида ҳужжат ишларини юритиб, ўзбек тилида фикрини ёзма шаклда ифода эта олиш кўникмаларини текширувдан ўтказишга мўлжалланган.

Ўзбек тилидан синов тизимида талабгор тўрт босқичда имтиҳон топширади. Ҳар босқичда 25 баллдан, жами 100 балл тўплаши мумкин.

Ўзбек тилидан синов тизими махсус комиссияси тузилади ва у доимий фаолият олиб боради. Комиссия атоқли тилшунос ва адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, таниқли журналист ва блогерлар ҳамда соҳа мутахассисларидан тузилади. Комиссиянинг вазифаси – ўзбек тилидан синов тизими учун имтиҳон материалларини ишлаб чиқади, чоп этади. Тил институтлари, марказлари, олий ўқув юртларидаги филология куллиётлари, турли адабий нашрлар, шоир, ёзувчи ва журналистлар билан ҳамкорликда ишлайди, муҳим маълумотларни ўз сайтига жойлаштиради, ҳар бир вилоят марказида ўз бўлимларини очади, имтиҳон топширувчиларнинг ахборот базасини яратади, ўзбек тилидан синов тизимининг имтиҳонларини тартибли тарзда йил давомида ўтказиб боради, баҳоларни эълон қилади, сертификатлар топширади.

Бу ташкилий ишлар, табиийки, муайян муддатни талаб қилади.

Ўзбек тилидан синов тизими Комиссияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузурида ташкил этилиши ва фаолияти бирор вазирликка тобе бўлмаслиги лозим. Комиссия раиси тўғридан-тўғри давлат раҳбарига бўйсунади.

Айни пайтда ўзбек тилидан синов тизимининг хомаки имтиҳон тартиби ишлаб чиқилди, имтиҳон учун намунавий материаллар тайёрлаш ҳаракатидамиз.

Мазкур тайёрланган лойиҳамизни Вазирлар маҳкамасига, Тил департаментига тақдим этамиз, агар тасдиқласалар, 2020 йилдан эътиборан Ўзбек тилидан синов тизими комиссияси иш бошлайди. Ўзбек тилидан синов тизими имтиҳонлари Республика бўйлаб олиб борилади.

ЎЗБЕК ТИЛИДАН СИНОВ ТИЗИМИ

ИМТИҲОНЛАРИ ҚОИДАЛАРИ

The Uzbek Language Testing System (ULTS)

  1. Ўзбек тилидан синов тизимининг мақсади.

Ўзбек тилидан синов тизими (кейинги ўринларда – ЎТСТ) ўзбек миллати ва бошқа миллатларга мансуб ҳар ихтиёрий хоҳловчилар учун мўлжалланган.

ЎТСТ сўзловчиларда ўзбек тили имкониятларидан тўлиқ фойдалана олиш кўникмаларини текширади.

ЎТСТ Ўзбекистон Республикасидаги барча расмий ва норасмий идора, ташкилотларда ўзбек тилидан Давлат тили сифатида тўлиқ фойдаланишни таъминлайди.

ЎТСТ Ўзбекистон Республикасидаги университетларда олий таълим олишни хоҳловчилар учун мажбурий имтиҳон сифатида белгиланади.

  1. Ўзбек тилидан синов тизимида имтиҳон турлари.

ЎТСТда имтиҳон икки йўналишда топширилади ва натижалар алоҳида чиқарилади.

Биринчи йўналиш: таълим йўналиши. Ўзбекистон Республикасидаги университетларда олий таълим олишни хоҳловчиларнинг ҳар бири ЎТСТ имтиҳонидан ўтишга мажбурдилар.

Ўзбекистон Республикасидаги университетлар ўз талабидан келиб чиққан ҳолда ЎТСТнинг минимум натижасини қабул учун белгилайди ва шу натижа доирасида талабаларни ўқишга қабул қилади.

Иккинчи йўналиш: касбий йўналиш. Ўзбекистон Республикасидаги расмий ва норасмий идора, ташкилот ва бошқа иш жойларида фаолият юритишни истаган ҳар бир кадр ЎТСТ имтиҳонидан ўтишга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикасидаги расмий ва норасмий идора, ташкилот ва бошқа иш жойлари ўз талабидан келиб чиққан ҳолда ЎТСТнинг минимум натижасини қабул учун белгилайди ва шу натижа доирасида ишчи-ходимни ишга қабул қилади.

ЎТСТда таълим ва касбий йўналиш учун мураккаблик даражаси фарқли бўлган имтиҳонлар ташкил қилинади.

ЎТСТнинг таълим йўналиши учун мўлжалланган имтиҳонлари касбий йўналишдаги имтиҳонлардан мураккаб бўлади.

ЎТСТнинг касбий йўналиш учун мўлжалланган имтиҳонлари таълим йўналишидаги имтиҳонлардан осон бўлади.

  1. Ўзбек тилидан синов тизимининг имтиҳон босқичлари ва баҳолаш тартиби.

ЎТСТда имтиҳон босқичлари халқаро тиллардан имтиҳон топшириш тизимлари (IELTS, GMAT, TOEFL, GRE ва ҳоказо) тажрибаларига суянган ҳолда белгиланади.

ЎТСТда имтиҳон қуйидаги тўрт босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич – оғзаки суҳбат кўникмасини текшириш.

Иккинчи босқич – мутолаа кўникмасини текшириш.

Учинчи босқич – тинглаш кўникмасини текшириш.

Тўртинчи босқич – ёзма баён кўникмасини текшириш.

ЎТСТда баҳолаш халқаро тиллардан имтиҳон топшириш тизимлари (IELTS, GMAT, TOEFL, GRE ва ҳоказо) тажрибаларига суянган ҳолда белгиланади.

ЎТСТда ҳар бир имтиҳон босқичида ички беш турда топшириқлар берилади ва ҳар бир тур учун максимал беш баллдан баҳо берилади. Натижада, ҳар бир босқичда максимал йигирма беш балл, тўрт босқичда эса максимал юз балл тўпланади.

ЎТСТдан имтиҳон топширувчи барча босқичлардан ўтса ёки маълум сабабларга кўра ўта олмаса ҳам, баллар ҳисоблаб чиқарилади ва ЎТСТ имтиҳонида тўплаган баллари акс этган сертификат топширилади.

ЎТСТ имтиҳонида тўплаган баллари акс этган сертификат имтиҳон топширувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси университетларига ёки Ўзбекистон Республикасидаги расмий ёки норасмий идора, ташкилот ва иш жойларига топширилади.

  1. Ўзбек тилидан синов тизимида имтиҳон тартиби.

ЎТСТда биринчи босқич – оғзаки суҳбат кўникмасини текширишдир.

Оғзаки суҳбат кўникмаси қуйидаги беш тур топшириқлар асосида текширилади.

Биринчи тур. Танишув.

Мазкур танишув турида имтиҳон топширувчи ўзини таништиради: исми шарифини, яшаш жойи, оиласи, касби, ўқиш жойи ва ҳоказолар ҳақида берилган саволларга жавоб тарзида маълумот беради. Танишув турида суҳбат уч дақиқдан беш дақиқагача давом этиши мумкин. Танишув турида ками нол балл, кўпи беш балл берилади.

Танишув турини баҳолашда қуйидаги жиҳатлар эътиборга олинади:

Жумлаларнинг грамматик тартибга биноан тузилиши – 1 балл.

Жумлалар ўртасида узилиш бўлмаслиги – 1 балл.

Сўзларни ўз ўрнида маъносини англаган ҳолда қўллаш – 1 балл.

Нутқни халқ мақоллари ва иборалари билан бойитиш – 1 балл.

Адабий тил фонетик меъёрларига риоя этиш – 1 балл.

Иккинчи тур. Ифодали ўқиш.

Мазкур ифодали ўқиш турида ЎТСТ низоми иловасида белгиланган ва ҳар бир имтиҳон топширувчи ёд олиши лозим бўлган элликта шеър ёки йигирма бешта матн парчаларидан биттаси тасодифий танловга мувофиқ ёддан ифодали ўқиб берилади.

Тасодифий танланган шеър ёки матн парчасини ўқишга тайёргарлик кўриш учун имтиҳон топширувчига бир дақиқа берилади.

Ифодали ўқиш тури учун бир дақиқадан тўрт дақиқагача вақт ажратилади ва бу тур учун ками нол балл, кўпи беш балл берилади.

Ифодали ўқишни баҳолашда қуйидаги жиҳатлар эътиборга олинади:

Ўқилаётган шеър ёки матн парчасининг мазмунини тўлиқ тушунган ҳолда ўқиш – 2,5 балл.

Ўқилаётган шеър ёки матн парчасини узилишларсиз, равон ва керакли нуқталарга урғу берган ҳолда ўқиш – 2,5 балл.

Учинчи тур. Ўқилган шеър ёки матн парчаси ҳақида суҳбат.

Ифодали ўқиш якунлангач, имтиҳон олувчи ва имтиҳон топширувчи ўртасида ўқилган шеър ёки матн парчаси ҳақида уч дақиқадан беш дақиқагача давом этадиган суҳбат бўлиб ўтади. Мазкур суҳбат ками нол балл, кўпи беш балл билан баҳоланади.

Ўқилган шеър ёки матн парчаси ҳақида суҳбат жараёнида имтиҳон олувчи қуйидаги топшириқ ва саволларни беради ҳамда жавоблар қуйидагича баҳоланади:

Ўқилган шеър ёки матн парчасининг мазмунини ўз талқинингизда оғзаки баён этиб беринг – 3 балл.

Ўқилган шеър ёки матн парчасида қўлланган баъзи сўзларнинг (бу сўзларнинг тўрттасини имтиҳон олувчи танлаб сўрайди) луғавий маъносини тушунтириб беринг – 2 балл.

Тўртинчи тур. Халқ мақоллари ёки иборалари.

Тўртинчи турда ЎТСТ низоми иловасида белгиланган ва ҳар бир имтиҳон топширувчи ўқиб чиқиши лозим бўлган “Ўзбек халқ мақоллари”, “Ўзбек халқ иборалари” китоблари асосида мақол ва ибораларнинг йигирма бештадан, жами эллик мавзусидан бири тасодифий танланади. Тасодифий танланган мавзуга тайёрланиш учун имтиҳон топширувчига бир дақиқа берилади. Имтиҳон топширувчи тасодифий танланган мавзуга доир бешта мақол ёки иборани ёддан айтиб беради. Ҳар бир айтилган мақол ёки ибора учун бир балл берилади. Бу тур учун икки дақиқадан уч дақиқагача вақт ажратилади.

Бешинчи тур. Халқ мақоллари ёки ибораларини шарҳлаш.

Тўртинчи турда айтилган бешта мақол ёки ибора имтиҳон топширувчи томонидан бирма-бир шарҳлаб берилади. Ҳар бир шарҳ учун бир баллдан берилади. Бешинчи тур учун уч дақиқадан беш дақиқагача вақт ажратилади.

Юқорида келтирилган беш тур учун ўн уч дақиқадан 21 дақиқагача вақт ажратилади.

ЎТСТнинг биринчи босиқчида имтиҳон топширувчи ками нол балл, кўпи йигирма беш балл олиши мумкин.

ЎТСТнинг иккинчи босқичи – мутолаа кўникмасини текширишдир.

Имтиҳон топширувчининг мутолаа кўникмасини текширишда низом иловасидаги кўрсатилган адабиётлардан парча сифатида олинган ва тасодифий танланган ҳамда таркибида уч мингта такрорсиз сўз ишлатилган матн берилади. Матн билан танишиб чиқиш учун имтиҳон топширувчиларга икки дақиқа берилади. Сўнг қуйидаги беш тур топшириқлари асосида уларнинг мутолаа кўникмаси текширилади.

Биринчи тур. Саволнома.

Биринчи турда ҳар бир имтиҳон топширувчига тасодифий танланган матн асосида ўнта савол акс этган топшириқнома берилади. Биринчи тур саволлари матн мазмунига алоқадор бўлиб, ҳар бир саволга ёзма ҳолда қисқа жавоб ёзилади ва ҳар бир жавоб учун ярим баллдан берилади. Биринчи тур топшириқларини бажариш учун беш дақиқа вақт берилади ҳамда тўлиқ ва тўғри жавоблар умумий беш балл билан баҳоланади.

Иккинчи тур. Луғат.

Иккинчи турда ҳар бир имтиҳон топширувчига тасодифий танланган матн таркибидан танлаб олинган осон, ўрта ва юқори даража қийинликдаги ўнта сўз ёзилган топшириқнома берилади. Имтиҳон топширувчи ҳар бир сўзнинг маъносини унинг қаршисига ёзади ҳамда ҳар бир тўғри жавоб ярим балл, максимал беш балл билан баҳоланади. Мазкур тур топшириғини бажариш учун беш дақиқа вақт ажратилади.

Учинчи тур. Сарлавҳалаш.

Учинчи турда ҳар бир имтиҳон топширувчига берилган матн асосида беш хатбоши (абзац) алоҳида ажратилган ҳолда берилади. Имтиҳон топширувчи ҳар бир хатбоши учун ижодий фикрлаган ҳолда сарлавҳа топади ва буни ёзади. Сарлавҳани баҳолашда оригиналлик ва сарлавҳада хатбошининг мазмуни тўла акс этгани ҳисобга олинади. Ҳар бир сарлавҳа учун максимал бир балл, жами беш балл берилади. Мазкур тур учун умумий беш дақиқа вақт ажратилади.

Тўртинчи тур. “Рост – ёлғон”.

Тўртинчи турда ҳар бир имтиҳон топширувчига у ўқиб чиққан матн асосида тузилган ўнта жумла берилади. Ҳар бир жумланинг қаршисига имтиҳон топширувчи “Рост” ёки “Ёлғон” деб ёзиши зарур. Агар жумлада у ўқиган матндаги маълумот акс этган бўлса, “Рост” деб, агар жумлада у ўқиган матндаги маълумотнинг тескариси акс этган бўлса, “Ёлғон” деб ёзади. Бу турдаги ҳар бир саволнинг тўғри жавоби учун ярим балл, барча тўғри жавоблар учун беш балл берилади. Топшириқни бажариш учун уч дақиқа ажратилади.

Бешинчи тур. Мазмун.

Бешинчи турда имтиҳон топширувчига бешта савол тақдим этилади. Мазкур беш савол – беш хатбоши ҳисобланиб, мазкур хатбошилар мазмунига мос келувчи тўртта сарлавҳа вариант сифатида берилади. Имтиҳон топширувчи хатбошилар мазмунига энг кўп мос келувчи сарлавҳаларни белгилайди. Ҳар бир тўғри жавоб учун бир балл, жами беш балл берилади. Мазкур тур топшириғи узоғи билан уч дақиқада бажарилиши лозим.

ЎТСТнинг учинчи босқичи – тинглаш кўникмасини текширишдир.

Мазкур босқичда имтиҳон топширувчиларга муайян бадиий асардан олинган парча овозли тарзда эшиттирилади. Овозли ёзув беш қисмга бўлиб тақдим этилади. Ҳар бир қисм эшиттирилгач, у асосдаги беш саволга ёзма шаклда жавоб берилади. Ҳар бир қисм учун беш баллдан, жами йигирма беш балл олиш мумкин. Тинглаш кўникмасини текшириш босқичи учун 16 – 20 дақиқа вақт ажратилади.

ЎТСТнинг тўртинчи босқичи – ёзиш кўникмасини текширишдир.

Тўртинчи босқич ўз ичига беш тур имтиҳонни олади. Ҳар бир тур учун беш баллдан берилади. Мазкур босқичда имтиҳон топширувчининг ўзбек тилида ҳужжат юрита олиш ва ўз фикрини ёзма шаклда эркин баён эта олиш кўникмаси синовдан ўтказилади. Ёзиш кўникмасини текширишга мўлжалланган мазкур босиқ уч турни ўз ичига олади.

Биринчи тур. Ҳужжатлар билан ишлаш.

Тўртинчи босқичнинг биринчи турида имтиҳон текширувчиларнинг ўзбек тилининг расмий услубида иш юритиш кўнкмаси текширилади. Ҳар бир имтиҳон топширувчига тақдим этилган саволномада акс этган ҳужжатларни – ариза, далолатнома, тушунтириш хати, билдирги, эълон, мурожаатнома, илтимоснома, турли баённомалар кабиларни адабий тил қоидаларига ва ишлаб чиқилган меъёрларга биноан тўлдириб берадилар. Ёзилган ишнинг имлоси, услуби, тўғри меъёрда ёзилгани ҳисобга олиниб, максимал 5 балл қўйилади. Мазкур тур учун 3 – 5 дақиқа ажратилади.

Иккинчи тур. Муносабат билдириш.

Тўртинчи босқичнинг иккинчи турида имтиҳон топширувчилар муайян мақола ёки интернетда эълон қилинган постга кўпи билан 150 сўздан иборат бўлган матн билан муносабат билдиришлари талаб этилади. Имло, тиниш белгилари, услуб, сўзларнинг тўғри қўллангани ва фикрларнинг аниқ баён этилгани ҳисобга олиниб, кўпи билан 10 балл қўйилади. Мазкур тур синовини бажариш учун 10 – 12 дақиқа берилади.

Учинчи тур. Мен ўқиган китоб.

Тўртинчи босиқичнинг тўртинчи турида имтиҳон топширувчилар “Мен ўқиган китоб” мавзусида 200 сўздан иборат иншо ёзиб топширадилар. Иншони баҳолашда тузилган режа, фикрларнинг мантиқли ва изчиллиги, оригинал ёндашув, имло қоидаларига риоя қилингани, тиниш белгиларининг тўғри қўллангани, услуб ҳисобга олинади ва кўпи билан 10 балл берилади. Мазкур тур учун 20 дақиқа вақт ажратилади.

Учинчи тур. Муаммо.

Тўртинчи босқичнинг учинчи тури эркин мавзуга асосланади. Бу турда имтиҳон топширувчилар ўз дунёқарашларидан келиб чиқиб, жамиятда мавжуд бўлган муайян муаммо ҳақида 350 сўздан иборат матн ёзиб берадилар. Мазкур матнда ўртага қўйилаётган муаммонинг актуаллиги аҳамиятли ҳисобланади. Баҳолаш учун кўтарилган муаммонинг сабаблари, ҳозирги ҳолати ва унинг ечимига доир таклифлар берилгани мезон сифатида олинади ва кўпи билан 10 балл берилади. Мазкур турни бажариш учун 25 дақиқа вақт ажратилади.

Ўзбек тилидан синов тизими имтиҳонларини топширишни истовчилар қуйидаги адабиётларни (ҳар йили янгилаб борилади) ўқиб чиқишлари тавсия қилинади:

  1. Аҳмад Яссавий ҳикматлари.
  2. “Қутадғу билиг”, Юсуф Хос Ҳожиб.
  3. “Девон”, Лутфий.
  4. “Хамса”, Алишер Навоий.
  5. “Лисонут тайр”, Алишер Навоий.
  6. “Маҳбубул қулуб”, Алишер Навоий.
  7. “Бобурнома”, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.
  8. “Саботул ожизин”, Сўфи Оллоёр.
  9. “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, Абдулла Авлоний.
  10. “Мунозара”, Абдурауф Фитрат.
  11. “Оила”, Абдурауф Фитрат.
  12. “Абулфайзхон”, Абдурауф Фитрат.
  13. “Ўткан кунлар”, Абдулла Қодирий.
  14. “Кеча ва кундуз”, Чўлпон.
  15. “Шеърлар”, Усмон Носир.
  16. “Падаркуш”, Маҳмудхўжа Беҳбудий.
  17. “Мақолалар”, Маҳмудхўжа Беҳбудий.
  18. “Саёҳатнома”, Маҳмудхўжа Беҳбудий.
  19. “Асарлар”, Исҳоқхўжа Ибрат.
  20. “Шеърлар”, Усмон Носир.
  21. “Шум бола”, Ғафур Ғулом.
  22. “Вақт”, “Сен етим эмассан”, “Соғиниш”. Ғафур Ғулом.
  23. “Онагинам”. Миртемир.
  24. “Чаён йили”, Учқун Назаров.
  25. “Навоий”, Ойбек.
  26. “Улуғ йўл”, Ойбек.
  27. “Қутлуғ қон”, Ойбек.
  28. “Лолазор”, Мурод Муҳаммад Дўст.
  29. “Отамдан қолган далалар”, Тоғай Мурод.
  30. “Шеърлар”, Рауф Парфи.
  31. “Чинор”, Асқад Мухтор.
  32. “Ялпиз ҳиди”, Назар Эшонқул.
  33. “Шеърлар”, Аъзам Ўктам.
  34. “Шеърлар”, Ҳалима Худойбердиева.
  35. “Шеърлар”, Шавкат Раҳмон.
  36. “Уруш ва тинчлик”, Лев Толстой.
  37. “Анна Каренина”, Лев Толстой.
  38. “Тирилиш”, Лев Толстой.
  39. “Ҳожимурод”. Лев Толстой.
  40. “Телба”, Ф.Достоевский.
  41. “Жиноят ва жазо”, Ф.Достоевский.
  42. “Ўлик уйдан мактублар”, Ф.Достоевский.
  43. “Буюк Пётр”, А. Толстой.
  44. “Тинч Дон”, М.Шолохов.
  45. “Инсон тақдири”, М.Шолохов.
  46. “Ҳикоялар”, А.Чехов.
  47. “Асрга татигулик кун”, Ч.Айтматов.
  48. “Қиссалар”, Ч.Айтматов.
  49. “Дунёнинг ишлари”, Ўткир Ҳошимов.
  50. “Ҳикоялар”, Шукур Холмирзаев.
  51. “Темур тузуклари”.
  52. “Тарихи Муҳаммадий”, Алихонтўра Соғуний.
  53. “Туркистон қайғуси”, Алихонтўра Соғуний.
  54. “Жинлар базми”, А.Исмоил.
  55. “Кафансиз кўмилганлар”, Шукурулло
  56. “Калила Димна”.
  57. “Алпомиш”.
  58. “Гўрўғли”.
  59. “Равшанхон”.
  60. “Авазхон”.
  61. “Рустамхон”.
  62. “Ўзбек халқ мақоллари”.
  63. “Ўзбек халқ иборалари”.
  64. “Адабий Ўзбек тили грамматикаси”.
  65. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”.

Акром Малик,

Тошкент вилоят Оҳангарон туман 48-сонли манзил колония маҳкуми, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг Адабиётшунослик йўналиши бўйича собиқ магистранти

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан