Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда 2030 йилга бориб энергияга бўлган талаб 2 баробарга ортади
14.01.2022 22:38,  
52

Жорий йил 13 январь куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Қорақалпоғистонда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокамаси ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясидаги устувор йўналишлар мазмун-моҳиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, углеводородлар захиралари йил сайин камайиб бориб, жаҳон бозорида нефть ва газ нархи кўтарилмоқда, бу инсониятга қуёш, шамол ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенг жорий этишни тақозо этмоқда.

Мамлакатда ислоҳотларнинг жадаллашуви, саноатнинг ривожланиши, аҳоли сони кўпайиши натижасида энергияга бўлган талаб кескин ошиши, 2030 йилга бориб қарийб 2 баробарга ортиши кутилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда барқарор ривожланиш соҳасидаги энг муҳим миллий мақсад ва вазифаларидан бири 2030 йилгача қайта тикланувчи манбалардан олинадиган энергия улушини жиддий равишда кўпайтиришдан иборат. 

Йиғилишда қайд этилганидек, иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигининг пастлиги, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш, технологиялар янгиланишининг сустлиги, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш учун инновацион ечимларни жорий этишда хусусий сектор иштироки етарли эмаслиги мамлакатни барқарор ривожлантириш соҳасидаги устувор миллий мақсадлар ва вазифаларга эришишга ўзининг таъсирини кўрсатиши мумкин.

Бу борада иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, аҳолини арзон ва қулай энергия билан таъминлашда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳозирда долзарб йўналишлардан биридир.

Шу мақсадда 2022 йилда Қорақалпоғистонда 1700 МВт.лик шамол электр станциясини қуриш бўйича лойиҳа битими имзоланиши режалаштирилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Қорақалпоғистонда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни тизимли равишда ташкил этиш юзасидан дастур ишлаб чиқиш таклифи берилди.

“Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунда кўзда тутилган солиқ, божхона ва бошқа имтиёзларни жорий қилиш орқали хорижий инвестициялар ва маҳаллий тадбиркорларни соҳага жалб этиш ва кадрлар тайёрлаш масалалари муҳимлиги таъкидланди. 

Йиғилишда бугунги кунда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида ҳам мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш орқали иқтисодий-ижтимоий ривожланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганлиги қайд этиб ўтилди.

Ҳужжат лойиҳасида иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

Стратегия лойиҳасида 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 40 млрд кВт.соатга ошириб, жами 110 млрд кВт.соатга етказиш, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш ҳамда ҳавога чиқариладиган зарарли газларнинг ҳажмини 8 млн тоннага камайтириш ҳам мақсад қилингани тилга олинди.

Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 8 та шамол электр станцияларни қуриш ҳисобига 4 ГВт, 10 та қуёш фотоэлектр станцияларни ишга тушириш орқали 4 ГВтга қўшимча қувватларни барпо этишни қамраб олган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида ўз эҳтиёжлари учун иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқишда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш компонентини киритиш тартиби жорий этилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан