Ўзбекистон Мудофаа вазирининг буйруғи билан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосарлари ўзгарди. Бу ҳақда Sof.uz'га Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирининг буйруғи билан подполковник Нуриддин Баҳриддинович Қодиров Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Подполковник Нуриддин Қодиров 2019 йилнинг апрель ойидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаб келган эди.
Шунингдек, Мудофаа вазирининг буйруғи билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига, 2017 йилнинг октябрь ойидан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келаётган полковник Улуғбек Бегматович Дўсматов тайинланди.
Полковник Улуғбек Дусматов Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти ҳамда Қуролли Кучлари академиясида таҳсил олган. Офицерлик лавозимларида хизмат фаолиятини Нукус гарнизонидан бошлаган. Вазирлик қўшинлари тарбиявий ва мафкуравий ишлар органининг турли лавозимларидан ўтган. Мудофаа вазирлигининг Тарбиявий ишлар бош бошқармасида бўлим бошлиғи ҳамда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.