Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун маблағ ажратилади
19.03.2020 21:43,  
590

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари кеча мазкур эпидемилогик вазият бўйича халққа мурожаатида унинг иқтисодиётга таъсири ҳақида ҳам айтиб ўтган эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 1,8 фоизгача, экспорт ҳажми 1,1 миллиард долларгача қисқариши хавфи бор. Шунингдек, 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция лойиҳалари кечикиши мумкин.

«Бугунги оғир шароит иқтисодиётимиз учун ҳам синов бўлиб, саноат корхоналари, тадбиркорлар ва экспортёрлар биздан аниқ ва самарали чоралар кутмоқда. Шу боис иқтисодиётдаги йўқотишлар ўрнини қоплаш учун захира яратиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Президентимиз коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармон қабул қилди. Ҳужжатга асосан, Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилади.

Йиғилишда фармонда белгиланган долзарб вазифаларни амалга ошириш, пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилинди.

Коронавирус тарқалашининг олдини олиш, шифохоналарни дори, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш, карантин харажатларини ўз вақтида молиялаштириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Касалланганларни ўз вақтида аниқлаш ва профилактикага эътиборни кучайтириш, бунинг учун барча ҳудудий юқумли касалликлар шифохоналарини экспресс-тестлар билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳозирги кунда 16 мингдан ортиқ фуқаролар карантинга олинган. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга карантин назоратини таъминлаш юклатилди.

Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Масалан, меҳмонхона бизнесида 90 миллиард сўмлик, транспорт-логистика соҳасида 650 миллиард сўмлик, умумий овқатланиш муассасаларида 180 миллиард сўмлик, ташқи савдо корхоналарида 3,6 триллион сўмлик кредитларни қайтариш имконияти пасаймоқда. Туристик фирма ва меҳмонхоналар ҳар бир сайёҳ учун кунига 2−3 доллардан туризм йиғими тўлаб келмоқда.

Шу боис Марказий банкка ушбу корхоналарнинг кредит муддатларини узайтириш бўйича кўрсатма берилди.

Давлат раҳбари қайд этганидек, пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга банклар орқали фоизсиз бюджет ссудалари ажратилади. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилади.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилади. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар мамлакат бюджетидан қоплаб берилади.

Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди.

Халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, «яшил йўлак"лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиб бориш бўйича топшириқлар берилди.

«Ҳозирги ҳолатда баъзи корхоналарнинг солиқ тушадиган базаси камайиши табиий. Лекин бу камомад нима ҳисобидан қопланиши бўйича мутасаддиларда кундалик таҳлил ва сўров бўлиши шарт», — деди президент.

Йиғилишда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ошириш бўйича вазифалар қўйилди.

Карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади.

Иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис Инқирозга қарши жамғармадан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар одамларни иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга йўналтирилади. Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиб, иш ўринлари яратадиган бизнес субъектларга кўмаклашилади.

Ушбу чора-тадбирларни сифатли бажариш мақсадида Бош вазир раҳбарлигида Инқирозга қарши республика комиссияси тузилиши белгиланди. Ушбу комиссия 22 мартдан бошлаб икки ой давомида ҳар бир туман ва шаҳарда коронавирусга қарши курашиш, саноат, хизмат кўрсатиш, савдо, транспорт, логистика ва бошқа корхоналарни барқарор ишлатиш масалаларини ҳал қилиб боради.

Бош прокуратурага озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларнинг барқарор нархларда бўлишини назорат қилиш вазифаси қўйилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитасига бозорлардаги нарх-навонинг ўзгаришини кузатиб бориб, мавжуд захирадан қўшимча маҳсулотларини савдога чиқариш бўйича топшириқ берилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан