Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Унга кўра, қонунчиликка қуйидаги ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда:
- Муддатли сайловларни ўтказиш санасини декабр ойидан март ойига кўчириш;
- суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга ҳам сайлаш ҳуқуқини бериш;
- Бўшаган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш учун аниқ муддатларни белгилаш;
- Парламентда ўз фракциясига эга бўлган сиёсий партиялар учун (камида 9 та депутатлик ўрни) сайловларда иштирок этиш учун сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини (парламент сайловида 40 мингта, президентлик сайловида сайловчиларнинг 1 % миқдорида) тўплаши шарт эмаслиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш;
- Сайлов бюллетенининг матнини соддалаштириш, хусусан бюллетень матнидан номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи ҳақидаги маълумотларни чиқариб ташлаш;
- Округ сайлов комиссияси томонидан округ бўйича сайлов натижалари тўғрисида баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун ОСК биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйиш лозимлиги тўғрисидаги тартибни белгилаш;
- Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят қилиш муддатини 10 кундан 3 кунга қадар қисқартириш;
- Сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини молиялаштиришда давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан кўп бўлмаган миқдорда хусусий маблағларни жалб қилишга рухсат бериш;
- Ташқи реклама воситаларида сиёсий партиялар ва номзодларга бепул жой ажратилиш амалиётидан воз кечиш;
- Сайлов куни ва овозларни санаб чиқиш жараёнида сайлов участкалари ва округ сайлов комиссияларида бўлиши мумкин бўлган шахслар тоифасини белгилаш;
- Овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш тартибини, барча қадамларни баён этган ҳолда соддалаштириш.