Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулот 5,5 фоизга ўсди. Турмуш даражаси-чи? (видео)
18.01.2020 16:57,  
792

2019 йил Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулот 5,5 фоизга ўсди. Ўзбекистонда у ўтган йили 58 миллиард доллардан ошган. Бу ҳақида ўтган ҳафта Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги хабар тарқатди. Вазирликка кўра, у аҳоли жон бошига 1741 долларни ташкил этди ва бу, ундан аввалги йилгига қараганда 13,5 фоизга ўсган. 

Халқаро экспертларга кўра, Ўзбекистонда бу кўрсаткич ўсишда давом этади. Ҳаммаёқда ижобий рақамлар. Лекин, сиз буни сездингизми? Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши сизнинг турмушингизни фаровонроқ қилдими? Сизнинг қанчалар фаровон эканингизни бу кўрсаткич ўлчай оладими? Би-Би-Си ўзбек хизмати бу ҳақда лавҳа тайёрлади. 

Ялпи ички маҳсулот ўзи нима?

Ялпи ички маҳсулот бир йил давомида, бир давлат ичида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва кўрсатилган хизматларни ҳисоблайди. Бу якуний қиймат қанчалар юқори бўлса, мамлакат шунчалар иқтисодий тараққий топган, қудратли ва фаровон деб кўрилади.

Аммо, ялпи ички маҳсулот ўта материалистик тушунча: Унинг ягона мақсади - юқори даражали иқтисодий кўрсаткичга эришиш. Лекин, бу ўсиш аслида одамларнинг турмуш даражасини оширяптими? Бу бошқа масала. Охирги йилларда дунёда ялпи ички маҳсулот бўйича биринчи ўринда турадиган Америка қўшма штатларида бу шубҳа остига олина бошланган. Кўплаб таҳлилчиларга кўра, ҳа, иқтисод ривожланяпти, лекин оддий америкаликлар, аксинча, қашшоқлашиб боряпти. Мамлакатдаги бойлик аҳоли ўртасида адолатсиз улашилади, тенглик даражаси ёмонлашгандан ёмонлашяпти.

Ўзбекча мисол... Айтайлик, сиз Термизда яшайсиз. Кўчангизда бир бойвачча оила бор. У ҳашаматли саройда яшайди. Бу йил унинг машиналари сони бештага етди. Бутун дунёдаги каби, Ўзбекистон иқтисоди буни яхши кўрсаткич дея йиллик ҳисоботга киритади, ахир мамлакатда бешта қиммат машина сотилди-ку, тўғрими? Лекин, маҳалладаги машинаси йўқ одамлар аҳволи ҳисоботда акс этмайди - улар жамоат транспортида ишга қатнашда давом этади.

Шунингдек, ялпи ички маҳсулот ҳисобланганда, унинг иқлимга таъсири ҳисобга олинмаяпти. Яна бир мисол. Айтайлик, сиз Бахмалда, тоғли ва ўрмонли ҳудудда яшайсиз. У ерда бир жой дарахтлардан тозаланиб, текисланиб, катта савдо мажмуаси қурилди. Тўғри, бу иш ўринларини яратади, ялпи ички маҳсулот ошади, лекин иқлим-чи? Унга бўладиган таъсир ўлчанадими? Ёки, бутун Ўзбекистон учун аянчли мисол, пахтани олинг. Пахтани суғориш учун сарфланган сув ва келиб чиққан қурғочилик, ишдан чиққан ер ялпи ички маҳсулотда акс этганми? Йўқ. Битта футболка ишлаб чиқариш учун 2700 литр сув керак бўлар экан, лекин ялпи ички маҳсулотда сув эмас, ўша футболка ҳисобланади.

Яна бир ғалати жойи шуки, агар қаердадир тўфон ё тошқин юз берса, ҳукуматлар қайта қуришга миллионлаб пул сарфлайди ва бу харажат ялпи ички маҳсулотни кўтаради, лекин одамлар уйидан, ишидан, ҳаётидан айрилгани ҳисобланмайди.

1958 йилда "Бадавлат жамият" китобини чоп қилган Жон Кеннет Гелбрайт ёзганди: "Тенгсизлик одамларни хавотирга солмай қўйди". Ҳукуматлар қанча кўп миқдорда ош қилсанг, ҳаммага кўпроқ ош етади деб ўйлаганди, аммо бундай бўлмади. Ҳозирда АҚШда 10% аҳоли мамлакатдаги 75% бойликни назорат қилади.

Энди иқтисодий экспертлар, ўзгараётган дунёга мос, табиий заҳираларни асрайдиган, инсон фаровонлиги ва тенгсизликни йўқ қилишни мақсад қилган янгича усулни ўйлаб топишни таклиф қилишмоқда. Чунки, ялпи ички маҳсулот тоза ҳаво, соғлик, умр кўриш муддати, жинслар тенглиги, имконият, таълим ва кўплаб бошқа жиҳатларни ўлчамайди.

Иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори Жозеф Стиглицнинг огоҳлантиришича, агар дунё лидерлари ялпи ячки маҳсулотга мубталоликларини тўхтатишмас экан, иқлим таҳдиди ва молиявий тенгсизликка қарши курашиш, ҳамда демократиянинг таназзулини тўхтатиш жуда қийин бўлади. "Буни ривожланган давлатлардаги сиёсий намойишларда кўряпмиз, иқтисодий шикоятлардан фойдаланиб қолаётган демагоглар кучайишида, ёнғинлар авжига чиқаётган, тошқинлар ва қурғоқчилик тобора кўп юз бераётган табиатимизда кўряпмиз" дейди у.

Хўш, қандай муқобил йўллар бор?

1970-йилларда Бутан қироллиги ялпи ички маҳсулот андазасидан воз кечиб, Ялпи миллий бахтни (Gross national happiness) ўлчай бошлаганди. У нафақат руҳий осойишталик, балки уйингиздаги телевизорлар сонидан тортиб, вақтни қандай унумли ўтқазишингизни ўлчайди. У ялпи ички маҳсулотга муқобил деб кўрилган илк тизим бўлганди.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон тараққиёти индекси (Human development index) асосан имкониятлар қанчалар тенг эканини ўлчайди. У жон бошига ялпи ички маҳсулот қанча экани ва жон бошига таълимга қанча харажат қилинаётганини қўшиб ҳисоблайди.

АҚШнинг ўзидаги қатор штатларда Асл тараққиёт кўрсаткичи (Genuine progress indicator) ўлчаниб келмоқда. У ялпи ички маҳсулот факторларига қўшимча ҳолда, жиноят кўлами ва озон кенгайиши қанчага тушаётгани, ва ҳатто ишга бориб келиш учун йўлда қанча вақт сарфлашингизни ўлчайди.

2014 йилда тадбиқ қилинган Яхшироқ ҳаёт индекси (Better life index) 11та факторни назарда тутар экан: уй-жой, даромад, иш, маҳалла, таълим, табиат, фуқаровий фаоллик, соғлик, ҳаётдан мамнунлик, хавфсизлик, ҳамда иш ва ҳаёт ўртасидаги мувозанатнинг бари тарозига тортилади. Қизиғи, ҳар бир давлат ўзидаги қадриятларга мослаб, бир факторни иккинчисидан юқори қўйиши мумкин.

Танқидчиларга кўра, ҳамма нарсани ҳам ўлчаб бўлмайди, масалан хавфни башорат қилиш қийин. Шундай экан пулни ўлчаш осонроқ. Лекин, ялпи ички маҳсулотга муқобил юқоридаги каби усуллар қўлланганда, АҚШ ва Хитой етакчи ўринлардан уриб туширилиб, Финляндия, Норвегия, ва ҳатто Коста Рика каби давлатлар биринчи ўринга чиқишига гувоҳ бўласиз. Чунки энг бой мамлакат бўлиш, энг фаровон турмушни англатмаслигини афтидан улар тушуниб етишган.

Ўзбекистон ҳам ислоҳотлар даврида ўз иқтисодий кўрсаткичлари билан халқаро индексларда яхши таассурот қолдириш ва айни дамда ўз аҳолиси ичидаги тенгликни таъминлашдек нозик мувозанатни ушлаши керак бўлади. Аммо, чамаси ялпи ички маҳсулот меъёри бунда ёрдам бериши амримаҳол.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан