Самарқанддаги JV Man Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси негизида янги автокомпания UZ TRUCK AND BUS MOTORS қўшма корхонаси ташкил қилинади.
Янги компанияни ташкил этиш тўғрисида Ўзавтосаноат Хитойнинг Sinotruk Internatioanal Investment Limited ҳамда Германиянинг Man Truck & Bus SE компаниялари билан келишувга эришган.
Хитой томони JV Man Auto-Uzbekistan корхонасига 12,1 миллион доллар миқдорида тўғридан тўғри инвестиция киритиш йўли билан компания ҳиссадорларидан бири бўлади.
Ушбу лойиҳа 100 дан ортиқ иш ўрни яратишни кўзда тутиб, ишлаб чиқариш қувватини йилига 3 000 та техникадан 6 000 тага етказишни кўзда тутади.
UZ TRUCK AND BUS MOTORS ишлаб чиқарадиган юк автомобиллари Ўзбекистон ва Марказий Осиё бозорига мўлжаллаб чиқарилади.
Бош қароргоҳи Цзинан шаҳри (Хитой)да жойлашган Sinotruk Group Хитойнинг йирик оғир автомобиллар ишлаб чиқарувчи концернларидан бири. Йиллик товар айланмаси 15,7 миллиард долларни ташкил қилади. Хитойда 20 дан ортиқ, дунё бўйлаб 8 та машина йиғиш заводлари мавжуд.