Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистондаги қайси нодавлат ОТМларда лицензия бор, қайсиларида эса йўқлиги очиқланди (Тўлиқ жадвал)
25.12.2021 12:17,  
1781

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати  расмий баёнот билан чиқди:

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда лицензияга эга бўлмаган бир қатор ташкилотлар ўзларини нодавлат олий таълим ташкилотлари сифатида тарғиб қилиш ҳолатлари учрамоқда. 

Хусусан, кўпчилик “Valley Innovative University”, Самарқанд–Корея халқаро университети, Ангрен–Корея интернационал университети, Халқаро Европа университети ва бошқа шу каби муассасалар томонидан берилган дипломлар Ўзбекистонда олий таълим муассасаси дипломи сифатида тан олинадими?” деб мурожаат қилмоқда.

Уларнинг айримлари ҳаттоки хорижда таълим олаётган юртдошларимизга ўқишларини Ўзбекистонга имтиҳонсиз кўчириш бўйича ваъдалар бераётганлиги айтилмоқда.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси юқорида номи келтирилган таълим ташкилотлари Ўзбекистонда олий таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай лицензияга эга эмаслигини маълум қилади. 

Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар тан олинмайди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига асосан, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан таълим фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир. 

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги 241-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда нодавлат таълим ташкилотлари сони бир неча баробарга ошиб, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида, шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳити шаклланмоқда.

Мазкур жараёнларда Таълим инспекцияси томонидан нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тизимини соддалаштириш билан бирга, талабгорларнинг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган.

2018 – 2020 йиллар оралиғида лицензияга эга бўлган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони эса 13 тани ташкил этган бўлса, амалга оширилган ислоҳотларнинг натижасида биргина 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида 18 та нодавлат олий таълим ташкилоти фаолияти лицензияланди. 

Фуқароларимизнинг юқоридаги каби ҳолатларда алданиб қолишларининг олдини олиш мақсадида Таълим инспекцияси расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали олий таълим хизматини кўрсатиш бўйича лицензия олинган нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳақида мунтазам тарзда маълумот бериб келинмоқда: 

1- ҳавола: https://tdi.uz/news/1009/ 

2-ҳавола: https://tdi.uz/news/1091/ 

3-ҳавола: https://tdi.uz/news/1146/ 

Бундан ташқари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси веб-сайтида Нодавлат таълим ташкилоти реестри мавжуд бўлиб, бу ерга лицензия олган таълим ташкилотлари ҳақидаги маълумотлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда.

Шуни ёдда тутиш муҳимки, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар нафақат Ўзбекистон Республикасида балки бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмайди.

Юқорида номлари келтирилган муассасаларга олий таълим ташкилот сифатида лицензия олиб, фаолиятларини қонуний асосда юритишлари учун ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас. 

Шунингдек, нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш истагида бўлган тадбиркорлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли лицензияни олганларидан кейингина фуқароларимиз ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширишлари мақсадга мувофиқ. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан