Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистондаги тўйда қатнашган қозоғистонлик аёлнинг коронавирус юқтиргани юзасидан расмий маълумот берилди
1.04.2020 12:43,  
1216

30 март куни Қозоғистон ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларида коронавирус инфекциясини юқтирган қозоғистонлик аёл Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида яшовчи қариндошининг тўйида бўлгани, аёл билан яна 13 одам Ўзбекистонда бўлиб қайтгани ва уларнинг барчаси карантинга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хабарда айтилишича, Енбекшиқазақ туманида 1960 йилда туғилган Г. исмли аёл ўз қариндошлари билан 26 март куни қайтган ва улар чет элга чиқиб келган фуқаро сифатида карантинга олиниб, COVID-19 инфекциясига таҳлиллар олинган. Текширувдан сўнг, аёлда лаборатория таҳлиллар натижалари бўйича коронавирус борлигига гумон қилиниб, Есик шаҳридаги касалхонага ётқизилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, бу борада Қозоғистон Республикасининг тегишли идоралари томонидан Ўзбекистонга расмий маълумот келиб тушмаган.

Лекин мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият туфайли оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарга асосланиб, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан гуруҳ ташкил этилиб, чуқурлаштирилган профилактик чора-тадбирлар (эпидемиологик суриштирув) ўтказилмоқда.

Маълум қилинишича, тадбирлар давомида қуйидагилар аниқланди:

2020 йил 14 март куни Қозоғистон Республикасида доимий яшовчи 20 нафар фуқаро (шуларнинг 3 нафари вояга етмаган) микроавтобусда Қорақалпоғистон Республикасига меҳмонга келиб, шуларнинг Есик шаҳридан бўлган 16 нафар фуқаро (2 нафари вояга етмаган) Тўрткўл тумани “Тозабоғёп” ОФЙда яшовчи фуқаронинг уйида меҳмон бўлиб қолган.

Тараз шаҳридан бўлган 4 нафар фуқаро (1 нафари вояга етмаган) Элликқалъа тумани “Элликқалъа” ОФЙда яшовчи фуқаронинг уйига меҳмонга кетган.

Қозоғистонлик фуқароларнинг республикамизга келишдан мақсади тўй маросимларида иштирок этиш бўлган.

14-25 март кунлари оралиғида Тўрткўл туманида бўлган фуқаролар 3 хонадонда меҳмонда бўлиб, 2020 йил 18 март куни никоҳ тўйда қатнашган. Элликқалъа туманида бўлган фуқаролар 2 хонадонда меҳмонда бўлган.

Қозоғистон Республикасидан меҳмонга келган 20 нафар фуқаро 2020 йил 25 март куни Тўрткўл туманидан Тошкент вилоятининг “Ғишткўприк” чегара пости орқали Қозоғистон Республикасига чиқиб кетган. Йўлда кетаётиб ҳеч қаерда тўхтамаган, бошқалар билан мулоқот қилмаган, ўзларининг ёнида бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган.

Қозоғистон фуқароларининг барчаси 26 март куни ўз манзилларига етиб борган ва улар тегишли тартибда карантинга олинган. Уларнинг ичида 60 ёшли аёлда лаборатория текширувлари натижаси бўйича коронавирус касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар касалхонасига жойлаштирилган.

Касаллик билан гумон қилинган фуқаронинг яқинлари берган маълумоти бўйича, аёлнинг лаборатория текширув натижаси коронавирусни кўрсатган бўлса ҳам, аёлда ва у билан мулоқотда бўлган фуқароларда касаллик белгилари йўқ экани, уларнинг аҳволи яхши экани маълум бўлди.

Ҳозирги кунда Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида қозоғистонлик фуқаролар билан мулоқотда бўлган одамлар аниқланиб, тиббий кўрикдан ўтказилди, тегишли лаборатория таҳлиллари олинди. Уларнинг тана ҳарорати назоратга олиниб, 14 кунлик уй шароитидаги карантинга олинди. Шу кунга қадар бу фуқароларнинг ҳеч бирида коронавирус касаллигининг белгилари аниқланмади.

Бу ҳолат бўйича текширув ишлари давом этмоқда. Уларнинг натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида профилактик тадбирларнинг ўтказилаётгани аҳоли орасида бу туманларда коронавирус инфекцияси аниқланган деган нотўғри маълумотлар, турли миш-мишларнинг тарқалишига сабаб бўляпти. Бироқ бу профилактик тадбирлар айнан инфекция тарқалишининг олдини олиш учун ўтказилаётганини маълум қилинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан