Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонликлар Умрага бора олишадими?
5.10.2020 14:36,  
679

Етти ойлик танаффусдан сўнг Саудия Арабистонида илк Умра зиёрати бошланди. Подшоҳлик зиёратчиларга Макка ва Мадина эшикларини очди. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар бермоқда.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади. Ўзбекистондан ҳам ҳар йили минглаб зиёратчилар Умра зиёратини адо этиб келишган.

Саудия Арабистони ўтган ой Умра зиёратини босқичма-босқич қайта тиклашини маълум қилган.

Подшоҳлик режасига мувофиқ, дастлабки босқичда 6 минг саудияликка Умра зиёратини адо этишга рухсат берилган, зиёрат кеча, якшанба куни тунда бошланган.

Аммо уларнинг ҳам қатъий санитария-гигиена қоидаларини риоя этишлари, юз ниқобларида бўлишлари ва ижтимоий масофа сақлашлари шарт этиб қўйилган.

Намоз ва Умра амаллари, ҳаракатланиш ва учрашув вақтларини 27 сентябрь куни ишга туширилган махсус онлайн дастур орқали аввалдан белгилаб олишлари кўзда тутилган.

Маълум бўлишича, бу тартиб-қоидалар зиёратчиларнинг бир жойда ҳаддан зиёд тўпланишларининг олдини олади, бир-бирларидан хавфсиз масофа сақлашларига имкон беради.

Саудия Арабистони Умра ва Ҳаж зиёратлари сабаб, подшоҳликда коронавирус ҳоллари кескин ортиб кетишидан хавотирда.

Подшоҳликда жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб 330 мингдан ортган, уларнинг беш мингга яқини ҳаётдан кўз юмган.

Умра ва Ҳаж зиёратлари Саудия Арабистонига ҳар йили $12 миллиард доллар фойда келтирган.

Аммо, пандемия боис, подшоҳлик бу йил зиёратчилар сонини кескин чеклаган.

Ҳаж зиёратини адо этишга ҳам ўзини коронавирусга текширтирган, карантинда бўлиб чиққан минг нафар саудияликкагина изн берган, четдан келувчиларни эса, буткул тақиқлаб қўйганди.

Ўтган етти ой давомида кутилган янгилик

Коронавирус ҳоллари шитоб билан ортиб бораркан, Саудия Арабистони вирус тарқалишининг олдини олиш учун шу йил февраль ойида "Умра визалари"ни беришни вақтинча тўхтатиб қўйганди.

Подшоҳликдан ўтган ой охирида олинган хабарларга кўра, Умра зиёратини аввалига Саудия фуқаролари бошлаб беришади, зиёрат мусулмонлар учун босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Шу йилнинг 4 октябридан бошлаб 6 минггача саудиялик бу зиёратни адо эта олади. Хавфсиз, деб топилган ўзга давлат фуқаролари эса, Умра зиёратини 1 ноябрдан бошлашади.

Ўзбекистоннинг бу давлатлар сирасига кириш-кирмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Умра зиёрати билан боғлиқ ҳар икки хабар манзарасида ҳам ўзбекистонлик диний масъулларнинг бу хусусда бирор бир билдиришнома билан чиққанликлари ҳалича кўрилмайди.

Саудия Арабистони бунгача 20 минг нафар зиёратчини қабул қилишга тайёр бўлади.

Умра ихтиёрий ва кичик Ҳаж амали саналади ва мусулмонлар уни йилнинг истаган пайтида адо этишлари мумкин, деб билинади.

Саудия Ички ишлар вазирлигидаги манбанинг айтишича, "пандемия тугаб, хавф буткул аримагунча" мазкур рақам ўзгармайди, бу ҳақда расмий баёнот бўлмагунича, Умра зиёратчиларининг сони фақат 20 мингта билан чекланади, холос.

"Умра зиёратчилари илова коронавирус пандемияси хавфидан холи давлатлардан келаётганларнинг подшоҳликка ташрифи босқичма-босқич йўлга қўйилади".

Зиёратчиларнинг санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этишлари тақозо этилади.

Уларнинг юз ниқобларида бўлишлари ва ижтимоий масофа сақлашлари лозим, деб билинади.

Аммо хабарда подшоҳлик кўзда тутган "хавфсизлик" шартлари тафсилотлари очиқланмаган.

Саудия Арабистони ва коронавирус

Саудия Арабистонида илк коронавирус ҳолати расман шу йилнинг 2 март куни қайд этилган.

Ҳозирга келиб, подшоҳликда коронавирусга чалинганлар сони 330 мингдан ошган.

Шу пайтгача 5 мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилган.

Бу жорий пайтда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо олти давлат орасидаги энг юқори кўрсаткич бўлади.

Подшоҳликда коронавирусга чалиниш ҳоллари анчайин шитоб билан ортиб бораркан, саудиялик масъуллар орада асрларки кўрилмаган кескин чораларга қўл уришган.

Ҳатто чет эллик зиёратчиларнинг бу йилги Ҳаж зиёратини адо этишларига ҳам изн беришмаган.

Ўзбекистондан ҳам ҳар йили минглаб зиёратчилар Умра ва Ҳаж зиёратини адо этиб келишган.

2018 йилдан бошлаб, Ўзбекистонга берилган Умра сафари квотаси 6 мингдан 10 мингга оширилган.

Ўзбекистонда коронавирус ва ундан ўлим ҳолати Умра зиёратидан қайтиб келганлар орасида ҳам қайд этилган.

Қирғизистонда ҳам Умра зиёратидан қайтганлар карантин остига олинган, илк коронавирус ҳоллари эса, айнан зиёратчиларда аниқланган.

Зиёратдан қайтгач, уюштирган зиёфатлари билан коронавирус манбаси бўлишда ҳам масъуллар томонидан танқидларга тутилишган.

Умра зиёрати билан боғлиқ сўнгги янгиликка ҳозирча Ўзбекистон томонининг расмий муносабати кўзга ташланмаган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан