Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент ижтимоий ҳимоя тизимида адолатни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди
4.08.2020 20:59,  
203

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 август куни пандемия даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Коронавирус тарқалиши сабаб иқтисодий фаоллик чеклангани одамларнинг рўзғорига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бундай шароитда вақтинча ишсиз қолган, даромад манбасини йўқотган ва оғир аҳволда кун кечираётган аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам қўлини чўзиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Президентнинг 30 июль куни қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони шу борада жуда муҳим қадам бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 миллион 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 миллион 700 минг нафар пенсионер ва жорий йил якунига қадар қўшимча 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланган.

Хусусан, ўтган 5 кунда эҳтиёжманд оилаларга жами 148 миллиард сўм моддий ёрдам тарқатилди. Август ойида 1 миллион 700 минг аҳоли ва 50 мингдан зиёд тиббиёт ходимларига 780 миллиард сўм тўланиши кўзда тутилган.

Керакли пайтда керакли мадад олиб, халқимиз бу ишлардан рози бўлмоқда. Шу билан бирга, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларини тўғри ва ҳаққоний шакллантириш, ажратилган маблағларни адолатли тарқатиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда аҳолига ижтимоий ёрдам тўловларини етказиб бериш бўйича сектор раҳбарлари ва маҳалла мутасаддиларининг масъулиятига эътибор қаратилди.

Давлат нозирлик органларига маблағларнинг тўғри тақсимланиши ва тўланиши юзасидан доимий назорат ўрнатиш, қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш топширилди.

Шавкат Мирзиёев эҳтиёжманд аҳоли билан ишлашда янги, шаффоф ва адолатли тизим йўлга қўйилишини маълум қилди. Президентнинг бугун имзоланган “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилиши белгиланди.

Мазкур тизим Сирдарё вилоятида тажрибадан ўтиб, ўз самарасини кўрсатгани ва жорий йил якунига қадар уни барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилиши таъкидлаб ўтилди.

Давлатимиз томонидан ижтимоий ёрдамлар кўлами кенгайтириб борилиши жараёнида ушбу янги тизимнинг муҳимлигига эътибор қаратилди. Жумладан, ижтимоий нафақа олувчилар сони ҳозирги 600 мингдан жорий йил охиригача 1 миллион 200 минг, 2021 йилда эса 1 миллион 500 минггача етказилиши белгиланган. Бу борада Ягона ижтимоий реестр орқали барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши кўзда тутилган.

Энг муҳими, келгуси йил 1 январдан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқаролардан ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб қилинмайди. Эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар осон ва қулай тарзда тақдим этилади.

Йиғилишда ёрдам пулларига муҳтож оилалар рўйхати маҳаллалар кесимида адолатли тузилиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида тасдиқланиши лозимлиги таъкидланди.

Маблағларни адолатли тақсимлашда маҳалла ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ёрдамни мақсадли етказиб беришга нуронийлар ва фаолларни жалб этиш муҳимлиги айтилди.

Шу билан бирга, 50 минг нафар тез тиббий ёрдам ходими учун ажратилган 200 миллиард сўм мукофот пулларини ҳам ортиқча қоғозбозликсиз, ўз вақтида тарқатиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Видеоселектор йиғилишида вазирлар, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳисобот берди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан