Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент миллий авиакомпанияда чипталар нархини арзонлаштириш вазифасини қўйди
10.12.2020 00:54,  
253

Президент видеоселекторида туризмни ривожлантириш ва спортни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

9 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеселектор йиғилиши ўтказилди.

«Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантирилмоқда. Қатор фармон ва қарорлар асосида бу соҳадаги шароитлар кенгайтирилмоқда. Хусусан, фуқароларидан юртимизга виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9тадан 86тага етказилди, 53та давлат учун «электрон виза» тизими жорий этилди. Туризм учун қийин бўлган жорий йилда соҳадаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, уларга субсидия ва ссудалар берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тиклаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин.

Шу боис келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Миллий авиакомпанияда чипталар нархи баландлиги танқид қилиниб, уни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари зиёрат туризмида тарғибот ва илмий ёндашув етишмаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари билан бирга бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича салоҳиятли давлатлар фуқаролари учун виза тизимини соддалаштиришга доир таклифлар билдирилди.

Соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигида Идоралараро комиссия тузилиши белгиланди. Ушбу комиссия авиапарвозларни ташкил этиш, уларга рухсат олишни соддалаштириш, қатновлар географиясини кенгайтириш ва аэропорт хизматларини яхшилаш бўйича тизимли шуғулланади.

Ҳудудларда ҳали етарлича ўрганилмаган, сайёҳлар жалб этилмаган қадамжолар кўплиги таъкидланди. Маданият вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмитага 300та маданий мерос объекти ва зиёратгоҳни реставрация қилиш вазифаси қўйилди.

Буюк олим Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган 8 буюк уламо қадамжосини дунёда 170 миллиондан зиёд издоши бўлган мотуридия таълимотининг зиёрат марказига айлантириш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокимлигига шу борада кўрсатмалар берилди. Бухоро вилоятида ислом дини ва минтақадаги дин намояндалари тематик хиёбони лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.

«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» номли ички туризм дастури келгуси йили изчил давом эттирилади. Бунинг учун Рўза ва Қурбон ҳайитлари, Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил байрамлари даврида қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда. Шунингдек, номавсумий саёҳатлар учун Ички туризм ойлиги, ҳафталиги ва кунлари ташкил этилади.

Президент пандемия сабабли туризм соҳаси учун 2020 йил охиригача берилган имтиёз ва преференцияларни 2021 йил охирига қадар узайтириш, аҳоли учун транспорт ва меҳмонхона хизматлари бўйича чегирмалар бериб, ички туризмни оммавий ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

Видеоселектор йиғилишида туристик масканлар ва инфратузилма объектларини кўпайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида бу борада ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Амирсой» курортининг иккинчи босқичи, «Белдерсой-Чимён-Нанай» халқаро курорти, «Хўжакент» дор йўли, 29та меҳмонхона ва дам олиш масканлари қурилмоқда.

Ушбу тажриба асосида келгуси йилда туристик салоҳияти юқори бўлган 14та туман, Хонобод ва Ангрен шаҳарларида туризмни жадал ривожлантириш дастурини амалга ошириш чоралари белгиланди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан