Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент Наманган шаҳридаги замонавий “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини билан танишди
26.06.2020 23:55,  
165

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги «Орзу” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси асосида амалга оширилган ишлар билан танишди.

“Орзу” - Наманган шаҳрининг ўз номига муносиб, орзу-ҳавас қилса арзигулик намунали маҳалласи. 2013 йилда ташкил топган мазкур маҳаллада намунавий лойиҳалар асосидаги 830 та ҳамда якка тартибдаги 1 минг 682 та уй мавжуд. Бу ерда қарийб 12 ярим минг аҳоли маиший қулайлик ва имкониятлардан баҳраманд ҳолда ҳаёт кечирмоқда.

Ҳудудда ташкил этилган “Орзу” кичик саноат зонасида 15 та лойиҳа ишга туширилиб, 930 дан зиёд иш ўрни яратилди. Шундан қарийб 400 тасига маҳалла фуқаролари жойлашди. Битта боғча, 650 ўринли мактаб, дорихона, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, фитнес клуби, мини-футбол майдони барпо этилди. Ўтган йили давлат хизматчилари учун 20 та хизмат уйи қуриб берилди.

Президент мамлакатимизда янгилик бўлган лойиҳа - Наманган шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий геоахборот мониторинг ва рақамли бошқарув тизими билан танишар экан, энг катта масала жиноятчиликни камайтиришга эришиш эканини таъкидлади.

Янги тизимнинг мақсади шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни узлуксиз ўрганиб бориш, кундалик назорат қилиш, муаммоли ҳолатларни дастурдаги таҳлилий маълумотлар асосида тезкор бартараф этиш, қарор қабул қилишда юқори самара берувчи янги инновацион онлайн бошқарув усулига ўтишдан иборат.

Мазкур тизимда барча кўрсаткичлар геохарита орқали мониторда акс этади. Жумладан, аҳоли сони, ёлғиз кексалар, таълим муассасалари, меҳнат бозори, инвестициявий лойиҳалар, камбағал оилалар, криминоген муҳит каби маълумотлар узлуксиз киритиб борилади.

Тажриба сифатида ишга туширилган бу тизим кейинчалик барча соҳалардаги электрон базаларга уланади. Натижада шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни онлайн кузатиш, вазиятни холис баҳолаш, муаммоларни назоратга олиш ва керакли чора-тадбирлар кўриш мумкин бўлади. Бу эса аҳолининг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим самара беради.

Президент вилоятдаги ёшлар ва жиноятга мойил қатламни секторлар томонидан назоратга олиш ва шу орқали жиноятчиликни жиловлаш бўйича ҳали тизимли ишлар қилинмаётганига эътибор қаратди. Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Бош прокуратура мутасаддиларига маҳаллаларда тинчликни таъминлашга тўсқинлиқ қилаётган омилларни ўрганиш, секторлар ишлаши учун қонунчиликка тегишли меъёрларни киритиш юзасидан топшириқлар берилди.

- Вилоятдаги секторлар раҳбарлари энди жиноятчиликка қарши курашда натижа бўйича жавоб беради. Жиноят қанча камайди, қайси адашганни тўғри йўлга қайтарди деган саволларга жавоб топиш учун мана шу тизимга ўтаяпмиз. Ҳам иқтисодиётни, ҳам жиноятчиликни, ҳам тинчликни, ҳам адолатни жойига қўйсак, халқимиз учун муносиб шароит яратган бўламиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан