Бугун, 9 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида юрак қон-томир ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилиш давомида президент кардиология соҳасидаги муаммоли масалаларни кўриб чиқди.
Қайд этилишича, 30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи ҳанузгача юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ.
Охирги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган. 40 ёшдан юқори аҳолининг 20-25 фоизида эса гипертония аломатлари мавжуд.
Ўтказилган хатловлар натижасига кўра, республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, бу умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади.
Хусусан, бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Наманганда – 18 фоиз (450 минг), Фарғонада – 17 фоиз (600 минг), Бухорода – 14 фоиз (230 минг), Қашқадарёда – 13 фоизни (470 минг) ташкил этган. Ҳудудлардаги кўрсаткичлар мамлакат бўйича ўртачадан юқори.
Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида эса юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратлари қолган ҳудудларга нисбатан баланд.