Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Психолог Ульяна Переплётчикова: «Ҳар биримиз янги ҳаётий даражага чиқишимизнинг асосий шарти – енгиб ўтиш»
7.07.2021 18:36,  
234

Лудомания нима? Қимор ўйинларига боғланиб қолиш қанчалик хавфли? Унга қарши қандай курашиш зарур? Биз “қимор” деб тушунган ўйинларнинг ҳаммаси ҳам қимор ҳисобланадими?

Шулар ҳақида оилавий психолог, ўқитувчи тренер, арт-терапевт, телеэксперт Ульяна Переплётчикова  билан суҳбатлашдик.

 

 Айтингчи, нима сабабдан одам таваккал қилишни ёқтиради? Деярли бутун тарих давомида инсон таваккал билан яшаб келгандек туюлади, тўғрими?

— Мен одамларни икки гуруҳга – таваккални (ва умуман таваккалчиликни) ёқтирадиганларга ва ўта эҳтиёткор одамларга ажратган бўлардим. Эҳтиёткор одамлар ўзларидаги қўрқув ва эҳтиёткорлик сабабли тайёр имкониятлардан воз кечадилар ва таваккал қилмайдилар. Ундан ташқари, нейтрал гуруҳга мансуб одамлар ҳам бор, улар ҳам таваккал қилиши мумкин, лекин уларнинг таваккали таҳлил ва мулоҳазаларга асосланади. Биринчи гуруҳдагилар эса, одатда, ўйламасдан таваккал қилади. Бундайлар драйвни, яъни ўткир ҳиссиётларни яхши кўрадилар.

Буни тушунса бўлади, таваккал вақтида қонга маълум гормонлар, масалан, адреналин пуркалади. Мия эса уларни қайта-қайта талаб қилаверади – сабаби, адреналин таъсири остида одамнинг ҳиссиётлари жунбушга келиб, у ўзини ҳамма нарсага қодирдек ҳис қилади. Ундан ташқари, таваккалчи одамларда рационаллик етишмаслиги мумкин, бошқача қилиб айтганда, улар тўсиқлар ва оқибатларни англамай, фақат натижани кўрадилар, фақат натижага интиладилар.

— Одамнинг таваккалга мойиллиги ва у билан боғлиқ қизиқишларнинг ижтимоий ва психологик жиҳатдан қандай фойдали томонлари бор?

— Ҳар биримиз учун янги ҳаётий даражага кўтарилишнинг асосий шарти, бу бирор тўсиқни ёки муаммони енгиб ўтишдир. Бирор тўсиқ ёки муаммони енгиб ўтиш учун эса, аксарият ҳолларда, таваккал қилиш, аниқроғи таваккалнинг соғлом улуши талаб этилади. Биз учун ўрганиш бўлиб қолган ҳаёт тарзимиз ва инертлигимиз сабабли ўзимиз учун қулай ва тинч зонада қолишни истаймиз. Шунинг учун ҳам ҳеч нарсага қарамасдан олға юриш, ривожланиш ва янги ҳаётий тажрибага эга бўлиш учун таваккал, яъни юқорида таъкидлаганимдек, таваккалнинг соғлом улуши зарур.

Бу ижтимоий омил. Шу билан бирга, психологик омил ҳам бор.

Енгиб ўтиш баробарида биздаги ички дунё янада кенгаяди ва бойийди. Биз тафаккуримизни кенгайтирамиз, ўз имкониятларимиз ва ички ресурсларимизни яхшироқ англаб оламиз. Шуниси қизиқ-ки, ўзимиз учун қулай ва комфортли зонада бўла туриб, шундай имкониятларимиз ва ички ресурсларимиз борлиги ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаслигимиз мумкин. Тақиқлар ва қўрқувларга қарамасдан таваккалга қўл урар эканмиз, катта мақсадларга эришишимиз мумкин. Ҳатто бирон жўяли натижага эришмасакда, барибир, қимматли тажрибага эга бўламиз. Бу ҳам ривожланиш ва инсон психикасини янги даражага чиқишининг шартлари ҳисобланади.

Лудоманиянинг ўзи нима ва у нимаси билан хавфли?

— Лудомания – ўйинларга боғланиб қолиш, қиморга ўта берилиб кетиш. Унинг оқибатлари: ижтимоий муҳитнинг йўқолиши, эмоционал беқарорлик ва, ҳаттоки, психологик саломатликнинг йўқотилишидир. Лудомания жиддий муаммо ва асоратларни келтириб чиқариши мумкин ва уларни ҳам одатларни ўзгартириш, ҳам оилани жалб қилиш орқали комплекс тарзда даволаш керак бўлади. Био-психо-социо-маънавий модель деб номланувчи амалиёт мавжуд бўлиб, айнан шу амалиёт барча йўналишларда иш олиб борилишини таъминлайди. Бунда одам танаси, руҳияти, маънавий қиёфаси, ижтимоий мақоми, хуллас, барча жиҳатлар ҳисобга олинади. Лекин, афсуски, қиморга боғланиб қолган одам ўз ҳолатини, аксарият ҳолларда, руҳий инқирознинг энг сўнгги босқичидагина англай олади.

Қиморга боғланиб қолишнинг сабаблари нимада? Одамларга хос таваккалчилик билан лудомания ўртасидаги чегарани қандай белгилаш мумкин?

— Лудомания пайдо бўлишининг илдизини, кўпгина бошқа иллатларда бўлганидек, болаликдан излаш лозим. Сабаблари кўп бўлиши мумкин, масалан – ўта ғамхўрлик: болада енгиб ўтиш, мақсадга эришиш тажрибаси йўқ, унинг ишораси билан ҳамма нарса муҳайё қилинади. Бундай ҳолатларда одам объектив реалликни баҳолаш имкониятидан маҳрум бўлиб қолади. Болалиги шундай ўтган одамлар, агар кейинчалик қиморга боғланиб қолсалар, кетма-кет ютқазишларининг сабабини билмасликлари мумкин. Қизиғи шундаки, ғайритабиий ғамхўрлик натижаси ўлароқ, ютқазган пулларини оила аъзолари қоплаб бераверади.

Бошқа сабаби – аксинча, боланинг ўта қаттиққўл тарбияси, бунда бола доим стресс ҳолатида бўлади. Улғайганида эса азобланишдан қутулиш учун қимор ўйинларига берилиб кетади.

Албатта, буларнинг ҳаммаси ечими топилмаган психологик муаммоларга тақалади ва улардан қочиб, қимор ўйнаш ана шу муаммолар келтириб чиқарган натижалардир. Ўйин адреналин ёки эндорфин каби “ёқимли” гормонларни чиқариш орқали деярли узлуксиз равишда бош мияни рағбатлантириб туради, натижада, одам ўзини бахтлироқ ҳис қилади. Табиийки, мия шунга ўрганиб қолиб, янги дозаларни талаб қилаверди. Охир-оқибат мураккаб психологик муаммоларга эга одам қимор ўйинларига боғланиб қолади.

Қиморга боғланиб қолишнинг яна бир сабаби, бу атрофдагиларнинг қўллаб-қувватламаслигидир, бу ҳолат, айниқса, ёшларда кўп кузатилади.

Қийин моддий шароит, айниқса – ташқи босим мавжуд бўлган ҳолатларда пулнинг доимий етишмаслиги ҳам сабаблардан бири бўлиши мумкин. Шунда биз яна болаликдаги вазиятларга, лекин шаклланиб улгурмаган қадриятларга қайтамиз. Эҳтимол, одамнинг ягона қадрияти пул бўлиб, унинг барча уринишлари каттароқ пул топишга қаратилгандир. У ўз ҳаётида бахтнинг бошқа унсурларини кўришга ўргатилмаган ва ҳис қила олмайди. Демак, бунинг устида ҳам ишлаш керак.

Чунки, муаммо асоратларда эмас, яъни қиморга боғланиб қолишнинг исталган шаклларида эмас, балки ҳаётни мазмунли қила оладиган унсурларни кўра билиш ва англашни ўрганишдадир.

Сабаби, муаммо боғланиб қолишнинг турли кўринишларига эмас, балки айнан шунга, яъни ҳаётни мазмунли қила оладиган унсурларни кўра билмасликдан келиб чиқади.

— Одам қиморга боғланиб қолганини қандай аниқлаш мумкин?

— Одамнинг қиморга берилиб кетганини яқинлари томонидан аниқланиши ҳақида гап кетса, бунда деярли муаммо бўлмайди. Авваламбор одам ўзгаради: агар авваллари хотиржам ва мулоҳазали бўлса, қиморга берилганидан кейин асабий, тажовузкорга айланади. Ва аксинча, илгари серҳаракатчан ва қизиққон бўлган одам ўйчан ва индамасга айланиб, ўз қобиғига ўралиб олади. Барча ҳолатларда, одатда, хавотирлик, уйқу ва иштаҳанинг бузилиши кузатилади. Албатта, қиморга боғланишнинг бошқа аломатлари ҳам бор: агар бундай одам бир ўзи яшамаса, оилада пул йўқолиши бошланади, унинг ғалати дўстлари пайдо бўлиши мумкин.

Агар гап ўзингиздаги қиморга боғлиқлик ҳақида кетса, ўзингизга савол беринг: қимордан бошқа нарсалар билан шуғулланиб, ўзимни бахтиёр ҳис қила оламанми? Бошқа, адекват ва “тоза” усул билан пул топа оламанми?

Бироқ, бунда яна бир жиҳат ҳам бор: аксарият ҳолларда нормал ҳолатдан лудоманияга ўтиш яққол кўзга ташланмайди. Баъзида буни қиморга буткул боғланиб қолибгина англаш мумкин.

— Бундай ҳолатда нима қилиш мумкин? Лудоманни чеклаш ва даволашнинг қандай усуллари бор?

— Лудомания касаллигига мубтало бўлган одамнинг яқинлари томонидан ўз вақтида ёрдам кўрсатилиши, уларнинг жараёнга фаол қўшилишлари муҳим аҳамият касб этади. Қўшилгандаям барча, яъни ҳам жисмоний, ҳам психологик, ҳам ижтимоий омилларни ҳисобга олиш зарур.

Психологнинг маслаҳатлари, оиланинг ўзидаги диалог жуда муҳим. Диалог панд-насиҳат ва танбеҳ йўналишида бўлмай, ўзаро ишонч ва дўстона муҳитда бўлиши шарт. Бунда қатъий ва аниқ чегараларни белгилаб олиш зарур. Яқинлари ушбу мушкул вазиятга тушиб қолган одамни қўллаб-қувватлаш учун ҳаммасига тайёр эканларини тушунтириш билан бирга ҳеч бир вазиятда унга шерик бўла олмасликларини қатъиятлик билан айтишлари лозим.

Қуйидаги ўта нозик балансга риоя қилиш керак: позиция бир томондан қатъийлик ва қаттиқўлликка асосланса, бошқа томондан – ғамхўрлик, меҳрибонлик ва диққат-эътиборга асосланиши керак.

— Таваккалчиликка асосланган ҳар қандай ўйинлар бизда тақиқланган. Демак, қимор ўйнаган одамлар ноқонуний сектор доирасида ҳисобланади. Ана шу ҳолат қиморга боғланиб қолишнинг ривожланиши ва оғирлик даражасига қандай таъсир кўрсатади?

— Агар одам қандайдир ноқонуний нарсалар билан шуғулланаётганини тушунса, қўрқув ва ваҳима янада кучайиб, қиморбознинг руҳий ҳолатини бадтар ёмонлаштиради. У қиморга бўлган иштиёқини яшириш учун барча чораларни кўришга ҳаракат қилади. Шу билн бирга, унинг “чуқурга” қулаши янада оғриқли ва кескинроқ рўй беради. Шунинг учун ҳам тақиқлар энг ёмон вариант ҳисобланади. Аслида, таваккалчиликка асосланган ўйинларга рухсат берилиб, бу соҳа давлат томонидан назорат қилиниши лозим.

— Сизннг фикрингизча, қонунимизга қандай ўзгартишлар киритиш керак? Назорат ва ҳимоя тизимини қай тарзда ташкил қилиш лозим?

— Психологияга таяниб жавоб бераман: Тегишли қонун ҳужжатларига аҳолимизнинг психологик саломатлигини доимий ва тизимли равишда соғломлаштириш ҳақидаги бандни қўшган бўлардим. Мушкул вазиятга тушиб қолган оилалар ва одамлар учун психологик курслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш лозим, одам исталган турдаги иллатга нисбатан боғлиқлиги борлигини бемалол гапира оладиган бўлсин, ундан ташқари, қиморга берилиб кетганларни камситилишига йўл қўймаслик зарур. Ҳаммамиз тирик жонмиз, билиб-билмасдан гуноҳ қилиб қўйишимиз мумкин. Шунда ҳар бир одам муаммоларимизни очиқдан-очиқ маълум қилиш ва тегишли ёрдамни олиш имкониятига эга бўлиши керак.

— Таваккалчиликка асосланган ўйинлардан ташқари таваккалчилик элементлари бўлган бошқа ўйинлар ҳам бор. Масалан, бильярд ёки бирон спорт ўйини натижасига пул тикиш. Бунда айнан шу спорт турларини яхши билиш ва маҳорат бирламчи ҳисобланади, лекин таваккалчилик элементи уларни янада жозибали қилади. Бу ўйинлар қимордан нимаси билан ажралиб туради?

— Сиз айтаётган спорт ўйинлари, масалан, бильярд интеллектуал салоҳият, ҳаттоки муайян даражадаги профессионаллик ва иқтидор бўлишини талаб қилади. Бирон ўйин натижасига пул тикишда эса мусобақа иштирокчилари, масалан футболчилар маҳорати ва имкониятларини яхши билиш керак. Психология нуқтаи назаридан бирон натижага дов тикишнинг фақат таваккалга асосланган қимор ўйинларидан фарқи шундаки, бунда ўйинчи худди “бир қўлли бандит”, рулетка ва ҳатто лоторея ўйнагандек бўлади. Ундан ташқари, бу усул билан пул топиш нисбатан “тозароқ” ҳисобланади.

Пул тикиладиган шу каби ўйинларга нисбатан лудомания атамасини ишлатса бўладими? Уларга боғланиб қолиш мумкинми?

 — Аслида, исталган нарсага, ўйинга ёки ҳодисага боғланиб қолиш мумкин. Кимдир оиласига, кимдир қаҳвага боғланиб қолиши мумкин. Айримлар эса “харид қилиш” касаллигига мубтало бўлишади (кулади). Боғланиш имкон қадар” тоза” бўлиши муҳим. Агар одам, масалан, спорт турларининг бири ҳисобланган бильярд ўйинисиз яшай олмаса, бундай боғланишнинг зарари минимал бўлади.

— Агар бу каби спорт ўйинлари жамиятимизнинг таркибий қисмига айланиб қолса, бунинг ўзига яраша ижобий томонлари ҳам бўлиши мумкинми?

— Агар бу масалага оқилона ёндашилса, ҳа, ижобий томонлари шубҳасиз намоён бўлади. Бу спортга ва спорт машғулотларига қизиқишни кучайтиради, руҳий зўриқишларни психологик жиҳатдан “тозароқ” юмшатиш учун имкониятлар яратилади, спорт мухлисларини бирдамликка ундайди. Асосийси: легаллаштирилган ва қонун билан мустаҳкамланган, ҳар томонлама пухта ўйланган ва таҳлил қилинган бу каби ўйинларнинг хавфлилиги минималлаштирилади, бунда стигматизация ва дискриминация сезиларли даражада кам бўлади. Бунда ўзибўларчиликка йўл қўмаслик керак, назорат доимий ва тизимли равишда олиб борилиши шарт. Бу каби ўйинлар учун қандайдир протокол, меъёрлар белгиланиб, уларга риоя қилган ўйинчи психологик жиҳатдан кафолатланишини таъминлаш зарур.

Луиза Измайлова

 

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан