Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги “Ҳисор давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонасини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 94-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё вилоятида 4 та янги сайёҳлик йўналишлари очилади.
Ҳазрати Султон тоғи, Сувтушар шаршараси, динозавр излари ва Амир Темур ғори объектлари янги туристик маршрутга айлантирилади.
“Мазкур ҳудудларда зиёрат туризми ҳамда экологик туризмни ташкил этиш учун зарур инфратузилма яратилади. Шунингдек, ҳудудга инвесторлар ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида фаолият кўрсатувчи тадбиркорларни жалб этиш чораларини кўриш ҳам белгилаб берилган”, —дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Нуъмон Райимқулов.
Янги йўналишлар бориб кўриш ёки дам олишга арзийдими?
Ушбу йўналишлар хорижий сайёҳлардан кўра кўпроқ ички туристларни жалб қилиш учун очилмоқда.
Ҳазрати Султон тоғи. Баландлиги 4643 метр бўлган тоғ мамлакатимизнинг энг баланд нуқтаси ҳисобланади. Унинг номи Хўжа Аҳмад Яссавий шарафига Ҳазрат Султон деб аталган. Чўққига томон йўлнинг узоқлиги, турли хил табиий тўсиқларнинг мавжудлиги туфайли уни забт этиш ҳар кимга ҳам насиб этавермаган.
Сувтушар шаршараси. Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудидаги мазкур шаршара денгиз сатҳидан 2100 метр баландликда жойлашган. Сувнинг қордай оқлиги туфайли маҳаллий аҳоли уни “Суттушар” деб номлаган.
Динозавр излари ва Амир Темур ғори. Ўзбекистоннинг ҳалигача тўлиқ ўрганилмаган сирли мўжизаларидан бири. Яккабоғ туманидаги Тошқўрғон қишлоғи яқинида жойлашган. Қишлоқда ҳамон катталиги икки метрдан ошиқроқ динозавр излари сақланиб қолган. Тошқўрғон яқинида Амир Темур ғори бор ва у ғор олимлар томонидан батафсил ўрганилмаган. Тожикистон билан чегарада жойлашгани сабабли маълум вақт бу объектга келиш тақиқланган эди ва ўтган йилдан бошлаб ушбу тақиқ бекор қилинди.