Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қашқадарёда собиқ маҳалла раиси калтакланиб, далага ташлаб кетилди
21.08.2021 18:58,  
928

Қашқадарё вилояти Муборак туманида 28 май куни қўй боқиб юрган собиқ маҳалла раиси Жўра Султоновни ҳамқишлоғи калтаклаб кетди. Бу ҳақда «Nasafnews» хабар берди.

Маълум қилинишича, уни урган эркак 1985 йилда туғилган. Маҳалла раиси ва унинг қизи айни кунларда ички ишлар бўлими ва суд зўравонга ён босаётганини айтган.

«1957 йилда Муборак туманида туғилганман. Миллатим — туркман. 2008 йилдан 2019 йилгача Муборак туманидаги Кўҳна шаҳар маҳалласида раис лавозимида ишлаганман. Ҳозир нафақадаман. Жорий йилнинг 18 май куни қўйларимни боқиб юрган эдим, шунда қўйларимнинг бир қисми йўқолиб қолганини сездим. Ҳамма чўпонлардан сўраб, қидира бошладим. Ҳамқишлоғимиз П.Т.ни учратиб қолдим ва ундан ҳам қўйларимни сўрадим. У эса бирданига менга ташланиб, 'мен сенга чўпонманми?' деб жанжал қилиб кетди. Мен қочмоқчи бўлдим. Етиб олиб, ҳеч қандай сабабсиз юзимга мушт туширди. Қўлимдаги нарсалар сочилиб кетди. У бўлса, велосипедимнинг 'ключ'ини олиб, менинг дуч келган жойимга ура бошлади. Йиқилганимдан кейин ҳамма жойимга тепиб кетди. Юзим ва бурнимдан жуда кўп қон оқиб, ўзимни йўқота бошладим. Қўлида таёқ ҳам бор экан, менга ҳамла қилиб, «мен сени шу ерда ўлдириб, кўмиб кетаман» деди. 'Ҳозир акам ҳам келади. Акам иккаламиз сени ўлдириб, кўмамиз' деди. Мен ўшанда нима учун, нима гуноҳ қилдим деб айтдим унга. У бўлса, сенинг гуноҳинг кўп, менинг шахсий еримга қўй боққансан деди», — дейди Жўра Султонов.

Маълум бўлишича, оғир тан жароҳати олган собиқ раис шу куни шифохонага ётқизилган. Унинг ҳаёти шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдамдан кейин сақлаб қолинган.

Таъкидланишича, Жўра Султоновнинг калтакланганини эшитган қизи Шамшода Султонова ўша ҳудуддаги маҳалла профилактика инспекторига мурожаат қилиб борган. Шу ерда профилактика инспектори билан қиз ўртасида тортишув юзага келган. Ички ишлар ходимлари отасини топишга ёрдам бермаётганидан ғазабланган қиз профилактика инспекторига бақирган. Хона пардаларини йиртиб ташлаган. Чойнакларни синдирган. Бу ҳолатни эса профилактика инспектори видеога олган. Қизнинг айтишича, инспектор шу видеолар орқали уни 15 суткага қаматиш билан ҳам таҳдид қилмоқда.

«Ички ишлар мурожаатимизни эътиборсиз қолдирди. Дадамни биз чалажон аҳволда топдик. Агар эртароқ ҳаракат қилмаганимизда дадам ўша далада ўлиб қолган бўларди. Шифохонага ётқизилгандан кейин ҳам ИИБга мурожаат қилиб, воқеани ўрганинглар, эртага судга керак бўлади, деб жуда кўп бора айтдим. Аммо эътиборсиз қолдиришди», — дейди Шамшода Султонова.

Унинг сўзларига кўра, ҳолат юзасидан маъмурий суд ўтказилган. Аммо ота ва қизга бу ҳақда расман хабар қилинмаган. Қолаверса, судда жиноятчи эмас, жабрланувчи Жўра Султонов жаримага тортилган.

Хабарга кўра, нашр мухбири мурожаат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани суди раиси Алишер Қаҳҳоровдан маълумот олишга ҳаракат қилиб кўрган. Аммо суд раиси расмий хат билан мурожаат қилиш кераклигини айтиб, мухбирнинг саволларини жавобсиз қолдириб, гўшакни узиб қўйган.

Қайд этилишича, мурожаатни ўрганиш давомида маҳалла профилактика инспектори, ўзини Билол деб таништирган шахс билан учрашишга, ундан фуқаронинг шикояти юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилиб кўрилган. Аммо профилактика инспектори фуқаро шикояти юзасидан изоҳ бериш учун туман ички ишлар бўлими бошлиғи ёки вилоят ИИБнинг матбуот раҳбари кўрсатмаси кераклигини айтиб, қолган саволларга аниқ жавоб бермаган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан