Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"Қора январ": Совет Иттифоқининг қулаши қандай бошланган эди?
22.01.2020 00:31,  
3322

Боку кўрфази кўриниб турадиган тепаликдаги боққа кўтарилсангиз, кўзингиз тушадиган илк нарса бир текис чизиқ бўйлаб жойлашган, рангли мармарлар қопланган, турли миллатга мансуб эркак, аёл ва болалар суратлари ўрнатилган қабрларга кўзингиз тушади. Барча қабртошлар устига ёзилган ўлим куни бир хил: 20.01.1990.

1990 йил 20 январ куни Боку шаҳрига ҳарбийлар киритилган. СССР тарихида биринчи марта совет армияси тинчлик вақтида совет шаҳрини ҳужум билан олган

Расмий талқинга кўра арманларга қарши зўравонликнинг олдини олиш учун Бокуга қўшин киритилган. Амалда эса бу вақтга келиб зўравонликлар тўхтаган, қўшин эса, Москва кейинроқ тан олганидек, Озарбайжон Халқ Фронти (ОХФ) совет ҳокимиятини босиб олишига тўсқинлик қилиши лозим эди.

Бокудаги Шаҳидлар Хиёбони. Бу ерга 1990 йил 20 январ қурбонлари дафн этилган

 

Ҳарбий амалиёт пайтида турли ҳисоб-китобларга кўра 131 дан 170 нафаргача инсон ҳалок бўлган. Озарбайжонда бу фожеий воқеани “Қора январ” деб аташади ва ҳар йили бу кун мотам куни сифатида ўтказилади. 

Таҳлилчилар Боку фожеаси СССРнинг парчаланиш жараёнини бошлаб берган, деб ҳисоблайди. 

Тбилиси шоҳкўчаси. Кечқурун. 

“Бу худди кинода бўлаётгандек эди. Тбилиси шоҳкўчасида бўлаётган барча воқеалар уйнинг пешайвонидан кўриниб турарди”, дейди ўша пайтда ёш йигит бўлган Аҳмед Раҳмонов. 

У ўшанда 16 ёш бўлиб, ота-онаси ва укаси билан тўрт қаватли уйнинг биринчи қаватида яшарди. Уйнинг пешайвони Тбилиси шоҳкўчасига қараган бўлиб, бутун кўча кафтдек кўриниб турар, Бокуга шимол томондан айна шу кўча орқали кириларди.

Шаҳарга ҳарбийлар киритилиши натижасида вайрон бўлган машина

 

Пешайвондан Қорабоғ вилоятини Арманистонга беришга қарши бўлган намойишчилар Бокуга кирмоқчи бўлаётган ҳарбийларнинг олдини қандай тўсиб чиққани, шоҳкўчанинг айни шу қисмига икки қатор қилиб машиналарни териб ташлагани кўриниб турган. Биринчи қаторда катта юк машиналари, иккинчи қаторда енгил машиналар турган. 

Бир қатор жойларда гулханлар ёқилган: “Биз гулхан ёнида ўтириб, ўзимизни катта бўлиб қолгандек ҳис қилардик. Ёнимиздан хорижлик журналистлар ўтар, укам билан мени қандайдир француз аёли расмга туширарди”, дейди Аҳмед.

1990 йил 19 январ куни кечқурун тўсиқлар ёнига тўқ яшил рангли “УАЗ” машинасида келган одамлар намойишчиларга тарқалишни буюрган. Агар улар тарқалмаса, ҳарбийлар келиб ўқ узишини айтишган. 

Кечқурун 11 лар атрофида шоҳкўчага яна янги одамлар келган, улар шоҳкўчанинг шаҳарга кираверишдаги томонидан, Билажари минтақасига аскарлар яқинлашаётганини айтган.   

“Биз аскарлар томонга юриб кетдик. Улар биз томонга прожекторларни ёқиб келарди. Аскарлар кўринмасди, биз фақат уларнинг қўлидаги қалқонни кўриб турардик. Ҳар бешта қалқоннинг орасидан битта автоматчи кўриниб турарди”, деб эслайди Аҳмед. 

20 январдан бир неча кун олдин юк машиналари, автобуслар ва енгил машиналар билан тўсиқлар барпо этилган

 

Намойишчилар аскарлар ортга қайтиши учун овозкучайтиргичлар орқали “Сизнинг ҳаракатларингиз қонунга зид”, дея бақира бошлашди. Одамлар орасидан кимдир бошқаларни қўлларидаги барча нарсани ташлашга ундади: “Улар сизлар қуролланмаганингизни кўриши керак. Шунда ҳеч ким сизга тегмайди”.    

Йиғилганларнинг барчаси ерга чўккалаб ўтирди, улар одатда намойишларда шундай қилишарди. Аҳмед ўзи ҳам, бошқалар ҳам ҳокимиятдагиларга тинч намойиш қилаётганларини кўрсатиш учун аввал ҳам шундай усулни қўллашганини эслайди.

Аскарлар яқинроқ келди, қалқонлар очилди, уларнинг ортидан қўлида милиция таёғини (дубинка) кўтарган одамлар чиқиб келди ва биринчи қатордаги намойишчиларни калтаклашни бошлади. “Талотўп бошланди, биз ортга, тўсиқлар томонга қайтдик. Ортимиздан ота бошлади, бошимнинг устидан ўқ учиб ўтди. Юк машиналарининг бортига қараб ўқ узишди. Машиналардан бирининг устида турган йигит қандай қичқиргани ва тўсатдан ерга қулаганини яхши эслайман. Кейин унга нима бўлганини билмайман”, дейди Аҳмед. 

Қорабоғ инқирози ва Боку намойишлари

1990 йилнинг январи Қорабоғ можароси ўзининг чўққисига чиққан вақт эди. Бу вақтга келиб Бокуда тўхтовсиз намойишлар бўлар, бу намойишларда Озарбайжоннинг мустақил бўлиши, Қорабоғнинг мухториятини бекор қилиш ва ўн минглаб озарбайжонликларнинг Арманистондан қувғин қилинишига жавобан арманларни ҳам қувиб чиқариш талаблари янграрди.

Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти 1923 йилдан Озарбайжон таркибида бўлса ҳам аҳолининг асосий қисми, қарийб 77%и арманлар эди. 1988 йил 20 феврал куни мухтор вилоят халқ депутатлари Арманистон ССР, Озарбайжон ССР ва СССР Олий Кенгашларига мурожаат қилиб, вилоятни Арманистон таркибига ўтказишни сўради. Айнан шу воқеа сабабли аввал Тоғли Қорабоғ зиддияти, кейинроқ Озарбайжон-Арманистон уруши бошланди ва ҳозиргача бу икки қўшни давлат ўзаро келишмай келади. 

Асқарлар нафақат қалқон ва милиция таёғи, балки автоматлар билан ҳам қуролланган эди

 

1990 йил бошига келиб арманларнинг катта қисми Бокуни тарк этиб бўлганди. 

Худди Арманистонда бўлгани каби Озарбайжонда ҳам кучли миллий кўтарилиш жараёнлари кузатилар, қайта қуриш даври сабабли ғарбпараст либералдан тортиб ўта мутаассиб миллатчигача бўлган турли қарашдаги етакчилар пайдо бўлган эди.

Республиканинг ўша вақтдаги раҳбари, Озарбайжон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Абдураҳмон Везиров вазиятни назорат қила олмай қолди, кўчаларда унинг тулупини осиб қўйишган, одамлар совет ҳокимиятига нисбатан нафратини яширмасди.

Шу сабабли Озарбайжонда ҳокимият амалда МҚнинг иккинчи котиби Виктор Поляничкога ўтди. У эса озарбайжон миллий ҳаракатидан Москванинг манфаатлари йўлида фойдаланишга уриниб, бир қатор фаоллар билан махфий учрашувлар ўтказди. 

Поляничко Озарбайжон Халқ Фронтининг мўътадил вакилларини Ислом омилидан фойдаланиш кераклигига ишонтирди. Кейин эса айни “фронт”нинг кескинлик тарафдори бўлган вакиллари билан музокара ўтказиб, 1989 йил охирида уларга телевидениядан эфир ажратди. 

Тез орада Москва газеталарида “озарбайжонликлар ислом ақидапарастлигини тикламоқчи бўлаётгани” ҳақида мақолалар пайдо бўлди. 

Арманларга қарши зўравонликлар

Поляничко 1990 йил 12 январ куни Халқ фаронти билан музокара олиб борди. Музокара натижасида “Миллий мудофаа кенгаши” тузилди. 13 январда Бокуда арманларга қарши зўравонликлар бошланди. Шаҳар марказидаги Ленин майдонида бўлган йирик намойишдан кейин унда қатнашганлар арманларга ҳужум бошлади. Одамларни кўп қаватли уйларнинг ойналари ва пешайвонларидан пастга улоқтиришар, уларни ўлгунча дўппослашар эди. 

Аввалроқ барча арманларни Бокудан чиқариб юборишга даъват қилган собиқ токар Неймат Панаховнинг айтишича, бу зўравонликларни СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) уюштирган. 

Панахов бу зўравонликларни тўхтатишга уринганини айтади: “Биз арманларнинг хавфсизлигини имкон қадар таъминлашга ҳаракат қилдик. Уларни вокзал орқали шаҳардан олиб чиқиб кетишди. Шу тариқа бир неча соат ичида вазиятни назоратга олдик. Агар бизнинг ҳаракатларимиз бўлмаганида қурбонлар сони минглаб бўлиши мумкин эди”. 

1990 йил 13 январдаги зўравонликлардан сўнг арман қочоқларининг яна бир тўлқини Бокуни тарк этди. Аммо бу сўнгги арман қочоқлари эди

 

Арманлар милиция бўлимлари ва ҳарбийлар ҳимояси остида бўлган “Шафақ” кинотетри биносида жон сақларди. Уларни поездларда Шимолий Кавказга, паромда эса Астраханга олиб чиқиб кетишди. Кўплаб озарбайжонлар арман дўстлари ва ҳамкасбларига Боку аэропорти орқали республикадан чиқиб кетиши учун ёрдам берган. 

Ориф Юнус – машҳар тарихчи ва сиёсий муҳожир. У ўша кунлари ёш фан наомзоди бўлган, воқеа гувоҳлари билан гаплашиб, ахборот йиғган ва бу маълумотларни хорижлик журналистларга узатган. У арман миллатига мансуб ўз онасини шаҳардан чиқариб юборган. 

Ориф бир тўда одамлар бир нечта уйларни ўраб олганини, бу уйларнинг биридан эса тутун чиқиб турганини эслайди: “Мен ўша ерга таксида бордим ва тўққизинчи қаватдан бир аёл қандай қулаб тушганини кўрдим. Ўша ерда ёш курсантлар турган бўлиб, улар талончилар арманларнинг уйларидан мебелларни кўтариб чиқаётганига индамай қараб турарди. Улардан нега вазиятга аралашишмаётганини сўраганимда шундай буйруқ берилганини айтишди”.      

 Ўша кунлари Москвадан Бокуга СССР Ички Ишлар вазирлигининг ички қўшинлари сафарбар қилинган, аммо улар негадир воқеаларга аралашмаган. 

Зўравонликлар авжига чиққан 14 январ куни Бокуга КПСС Сиёсий Бюросидан вакиллар келди. Уларга Евгений Примаков бошчилик қилган, унинг ёнида Мудофаа вазири Дмитрий Язов ҳам бўлган. Улар келиши билан Тоғли Қорабоғда, Озарбайжон ва Арманистоннинг чегарадош туманларида ва Ганжада фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинди. Аммо негадир Бокуда бундай қилинмади. 

Бокудан қочган арманлар 1990 йил январ воқеаларини эсларкан, зўравонликларда Халқ фронтини айблайди, “фронт”чилар эса, аксинча, арманларнинг қутулиб қолишига ёрдам берганини айтади. Эҳтимол ҳар икки томон ҳам ҳақдир: ўша пайтда Халқ фронти турли хил фикрдаги фаоллардан иборат бўлган. 

20 январ қурбонларини хотирлаш маросими

 

Кейинроқ Халқ фронтини тарк этган сиёсатчи Зардушт Ализоданинг эслашича, зўравонликлардан бир неча кун олдин Халқ фронтининг штаби олдига арман оилаларининг манзиллари ёзилган рўйхатларни илиб қўйишган. Улар ўша рўйхатларни олиб ташлашган, аммо бошқа “фронт”чилар яна қайтадан илиб қўйган.

“Ҳокимият арманларга қарши зўравонликларни тўхтатиш учун фавқулодда ҳолат эълон қилмагани, аммо улар шаҳарни бутунлай тарк этиб бўлгач бунга қўл ургани – уларнинг ахлоқсизлиги, ёки бошқарувга лаёқатсизли, ёки ҳар иккаласи бирга бўлганига далил”, дейди тадқиқотчи Томас де Ваал “Қора боғ” китобида. 

20 январ қурбонлари хотирланмоқда

 

Фожеадан кейинги тонг

20 январга ўтар кечаси соат тунги 2 га бориб Тбилиси шоҳкўчаси тинчиб, бўшаб қолди, фақат қаерлардандир отишма овози келарди. Аскарлар бир қатор бўлиб шаҳар томонга юриб ўтгач, уларнинг ортидан оғир техника ҳам юрди. 

Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, аммо кўпчилик бундан бехабар қолди: телемарказга ҳужум қилган армия гуруҳи республика телевидениясини эфирга узатадиган трансформаторни портлатиб юборди. Шаҳарликларнинг аксарияти бу ҳақда эрталаб, радио орқали эшитди. 

Кейинги кун тонгида эса шаҳарнинг миллиондан ортиқ аҳолиси тунги воқеаларда ҳалок бўлганларни кўмиш учун кўчаларга чиқди. Уларни Тоғли боғ ичида дафн қилишди, боғнинг ўша қисми бугунгача Шаҳидлар Хиёбони деб номланади. 

1990 йил 20 январ куни расмий Москва Озарбайжонни амалда қўлдан бой берди.

Ҳалок бўлганларнинг дафн маросимида Бокунинг миллиондан ортиқ аҳолиси қатнашди

 

Аскарларга ким ўқ узган?

20 январга ўтар кечаси камида 21 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Ўша кунлари бу ҳолат қандай рўй бергани тушунарсиз эди: намойишчилар томонидан қуролли қаршилик бўлдими, ёки тунги ҳужум вақтида ҳарбий бўлинмалар тасодифан ўзаро отишмага кирганми?    

Светлана 1990 йилда ўша ҳарбийлар чиқиб келган Салянский казармасининг дарвозаси олдидаги беш қаватли уйда яшаган. Унинг айтишича, январнинг ўрталаридан бошлаб казарма олдида кундузи ҳам, кечаси ҳам намойишлар бўлган, у ерда гулханлар ёқишган, юк машиналарида егуликлар олиб келиб тарқатишган. “Мен уларнинг (намойишчиларнинг) қўлида қурол кўрмаганман. Аммо 19 январ куни бир зобит казармадан чиқиб, уларга қарата навбатдаги марта озарбайжон тилида “Биродарлар, тарқалинглар”, деб шаҳарга ҳарбийлар келаётганини тушунтира бошлаганида кимдир унга ўқ узганини ва зобит йиқилганини ойнадан кўриб қолдим”, дейди у. 

Унинг эслашига қараганда отишма бошланиши билан у уч ёшли ўғлини олиб, ҳаммомга яшириниб олган, унинг уйи тарафга қараб ҳам бир неча марта ўқ узилган, қўшнисининг уйига қараб отилган ўқ эса уйдаги китоб жавонига тегиб ўтган. Светлана ўқ казарма эмас, Тбилиси шоҳкўчаси томондан, яъни, намойишчилар тарафидан отилганига аниқ ишонади.

Кейинги куни уларнинг уйига ҳарбийлар келиб, бутун уй эгаларини кўчиришаётгани, уларнинг пешайвонларидан эса ўқ отиш нуқтаси сифатида фойдаланишларини айтишган. “Бизни Россиянинг аллақаеригадир кўчиришаётганини айтишди. Мен пулларимни, икона, ва боламнинг тувагини йиғиштирдим. Кейин бизни ЗИЛга чиқаришди”, деб эслайди Светлана. 

Бир қатор гувоҳларнинг айтишича, аскарларга қарши ҳам ўқ отилган

 

Ўша пайтда Бокуда хизмат қилган зобит Алексей Василев ҳам ўз хотираларида уларга қарши ўқ отилганини ёзади. У ўша вақтда казарма ичида бўлган. Шунингдек, Василев ўз хотираларида пиёда асакарлар ва танклар намойишчиларни қандай тарқатгани ҳақида ҳам ёзган: “Пиёда аскарлар ўқни аямай узар, ўқ Худо истаган жойга қараб учар, шаҳарликлар тўрт томонга тирақайлаб қочарди”. 

Аммо қаршилик ҳаракатининг ташкилотчиларидан бўлган Неймат Панахов намойишчилар қуролсиз бўлганини айтади: “Қурол бўлмаган. Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Биз жуда яхши тушунардик: совет империясини қурол билан енгиб бўлмайди. Биз армия қуролсиз кишиларга қарши ўқ отишини кутмагандик. Биз ҳатто уларни тўсиқлар билан тўхтатамиз, деб ўйлаганмиз”.   

Панахов совет аскарлари орасида ҳам ўлганлар бўлганини тан олади, аммо унга кўра улар ўточар қуролдан ҳалок бўлмаган: “Мен бу воқеаларга гувоҳ бўлмаганман. Лекин мен ишонадиган одамларнинг айтишича ҳарбийларнинг ваҳшийлигини тўхтатиш учун, масалан, бир йигит машинасини уларнинг устига қараб ҳайдаган”. 

Халқ фронти раҳбарияти орасида кўпчилик бир-бирини хоинликда, ДХҚ (КГБ) билан алоқада айблайди. Болтиқбўйи республикаларидан фарқли равишда Озарбайжонда ҳалигача ДХҚ архивлари очилмаган. Баъзи сиёсий фаоллар эса уларни махсус хизматдагилар ёллашга ҳаракат қилганини айтади.

Тарихчи Ориф Юнус Панаховни Гайдар Алиевнинг одами, деб ҳисоблайди. (Панахов ва Алиев – қариндош). Алиев совет йилларида Озарбайжонни бошқарган, 1993 йилда энди мустақил Озарбайжоннинг президенти бўлди. 

Панахов эса ўз навбатида Гайдар Алиев билан биринчи марта бу қонли воқеалардан бир йил ўтиб учрашганини айтади. Кўпчиликни Панаховнинг одамни эсанкиратиб қўядиган даражадаги тез юксалиши ажаблантиради: атиги беш йил ичида оддий ишчидан президент маъмуриятининг ходимига айланиш! 

1990 йил 20 январ воқеаларидан кейин Алиев Москвадаги Озарбайжон ваколатхонасида матбуот анжумани ўтказди ва Бокуга қўшин киритилишини қоралади. 

***

Бу воқеа одамларнинг Совет Итифоқи ва армиясига бўлган сўнгги ишончини ҳам сўндирди

 

20 январ фожеаси Озарбайжон тарихида туб бурилиш ясаб, оддий одамларнинг совет ҳокимиятига нисбатан муносабатини кескин ўзгартирди. Шунингдек, бу воқеа Москва миллий республикалардаги жараёнлар устидан назоратни йўқотаётганини билдириб қўйди – бу охир-оқибат 1991 йили СССРнинг парчаланиб кетишига олиб келди. 

Тез орада Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Қорабоғ учун кенг кўламли уруш бошланди ва 1992 йил 1 январдан 1994 йил 12 майгача давом этган ҳарбий ҳаракатлар Қорабоғнинг амалда мустақил давлатга айланиши билан тугади. Озарбайжон ҳуқуқий жиҳатдан ўз ҳудуди бўлган ерларнинг 13,6%идан ажралди. 

Аҳмед Раҳмонов роппа-роса 18 ёшга тўлганида (1992 йил) икки давлат ўртасидаги уруш фронтига тушди ва ярадор бўлди. 

Бугун у ўша 1990 йилнинг 20 январи ҳақида гапирганда шундай дейди: “Биз шунчаки озодликни хоҳлагандик. Ҳозир орадан 30 йил ўтган бўлса ҳам мен ҳалигача озодлик нималигини билмайман”.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан