Озарбайжон футбол ассоциацияси Европа футбол ассоциациялари бирлигига (УЕФА) шикоят билан чиқди.
Шикоят Европа лигаси доирасида Озарбайжоннинг "Қорабоғ" ва Люксембургнинг "Дюделанж" футбол клублари матчида юзага келган нохуш вазият билан боғлиқ.
Гап шундаки, ўйин пайтида майдонга Озарбайжон ва Арманистон орасида баҳсли ҳудуд бўлган Тоғли Қорабоғнинг Арманистонникига ўхшаб кетувчи байроғи осилган дрон учиб келди.
Бундан ғазабланган "Қорабоғ" футболчилари дронни тўп билан уриб туширишга ҳаракат қилишди. Тартибсизлик бошланди. Озарбайжон мухлислари ҳам бунга қўшилишди. Натижада ўйин 20 дақиқага тўхтатилди.
Ўйин "Қорабоғ"нинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
"Мен спортдаги бундай ишларга қаршиман. Лекин бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Бундай провакация қўрқоқликдан ўзга нарса эмас", деди "Қорабоғ" бош мураббийи Гурбан Гурбанов.
Люксембург спорт вазири Ден Керш ҳам "Қорабоғ" ва унинг мухлисларидан мамлакат ҳукумати номидан узр сўради.
"Футбол — ўзаро ҳармат ва тенглик ўйини. Кимлардир бундан провакация мақсадида фойдаланмоқда. УЕФА бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан текширув ўтказиб, керакли қарорларни қабул қилади, деб ҳисоблаймиз", дейилади Озарбайжон футбол ассоциацияси шикоят хатида.
Маълумот учун, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг байроғи Арманистон байроғи асосида ишланган бўлиб, оқ нақш билан ажралиб туради.