Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 2020 йил 29 ноябрь куни соат 10:30 ларда «Шорахан» маҳалласида яшовчи С.Д.нинг мурдаси қотиллик аломатлари билан яшаш хонадони меҳмонхонасидан ҳамда набираси Ҳ.А. танасининг турли жойларига 12 маротаба ўткир тиғли жисм билан тан жароҳати етказилган ҳолда топилгани ҳақида хабар берилганди.

Аёлнинг набираси касалхонага ётқизилган. Аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ҳ.А. касалхонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан 2020 йил 29 ноябрда Тўрткўл тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» (икки ёки ундан ортиқ шахсларни қасддан ўлдириш) банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура ахборот хизматининг «Дарё»га хабар беришича, тергов-тезкор гуруҳи амалга оширган кенг қамровли тадбирлар натижасида жиноят фош этилиб, жиноятни ушбу маҳаллада яшовчи 1991 йилда туғилган, ишсиз Ж.С. 2020 йилнинг 29 ноябрь куни соат 10:30 ларда ўғрилик қилиш мақсадида Б.А.нинг уйига кириб, ошхонадаги пичоқни олиб, уйдаги С.Й. ва Ҳ.А.ни бир неча маротаба пичоқлаган.

У С.Й.ни қасддан ўлдириб ва Ҳ.А. ўлимига сабабчи бўлган тан-жароҳат етказиб, хонадондан пуллар ва 2 дона уяли телефон аппаратларини қўлга киритган.

Шундан кейин жиноят изларини яшириш мақсадида ушбу маҳалладаги ариқ бўйига 2 дона уяли телефон аппаратларини ва жиноят қуроли бўлган 1 дона ошхона пичоғини ташлаб юборган.

Гумон қилинувчи Ж.С.нинг содир этган жинояти, унинг иқрорлик кўрсатуви, гумон қилинувчининг кўрсатувларини ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракатлари, ашёвий далил тариқасида олинган жиноят қуроли бўлган 1 дона ошхона пичоғи, 2 дона уяли телефон аппарати, Ҳ.А.га тегишли бўлган пул маблағларининг бир қисми ва ушбу пул маблағлари солинган оқ рангли сумка ҳамда бошқа далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топган.

Ҳолат юзасидан 2020 йил 5 декабрда Ж.С. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судининг 2020 йил 6 декабрдаги ажримига асосан унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.