Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қурбонликка доир савол-жавоблар
28.07.2020 20:29,  
3412

Савол: Қурбонлик пулини эҳтиёжмандларга садақа қилса бўладими?

Жавоб: Қурбон ҳайити кунлари жонлиқ сўйиш қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қийматидаги маблағни садақа қилишдан афзалдир. Зеро, қурбонлик қилиш суннат, садақа қилиш эса нафл, яъни ихтиёрийдир.

Савол: Қизим учун ақиқа қилмоқчи эдим. Қурбон ҳайити куни ҳам қурбонликка, ҳам ақиқага ният қилиб қўй сўйсам бўладими?

Жавоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилинг. Қурбонлик – қодир кишиларга вожиб амал, ақиқа эса мустаҳабдир. Қурбонлик қилишда ақиқани қўшиб ният қилиш мумкин. Чунки, бир жинсдаги катта амал ўзининг жинсидаги кичик амални ўз ичига олади.

Савол: Автомобили бор, лекин пули нисобга етмаган инсонга қурбонлик қилиш вожиб бўладими? Машина ҳам нисоб ҳисобланадими?

Жавоб: Инсон ҳожати учун миниб турган машинаси нисобга кирмайди. Битта машинаси бўлиб, бошқа нисоб миқдорида маблағи бўлмаса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Эҳтиёждан ортиқ машина олиб қўйилган бўлса, қурбонликнинг нисобига киради ва қурбонлик вожиб бўлади.

Савол: Мен тижорат билан шуғулланаман ва нисобдан ошган пулим бор шунга қурбонлик сўйишим керакми? Қурбонлик ҳакида маълумотга эга эмасман. Илтимос, қурбонлик қилиш кимларга вожиблиги ва у қандай сўйилишини тушунтириб беринг. Уйда эркак киши бўлмаса, акамни чақириб ва ёллаб сўйдирсам бўладими?

Жавоб: Ҳа, нисобга етадиган миқдордаги маблағга эга киши қурбонлик қилиши вожибдир. Акангизни чақириб қурбонлик қилишингиз жоиз. Қурбонлик учун сўйиладиган жонлиқ айб ва нуқсонлардан холи бўлиши керак. Қурбонлик гўштидан бир қисмини тарқатиб, бир қисмини сақлаб қўйиб, яна бир қисмини эса қавм-қариндош, қўни-қўшниларга пишириб едириш мустаҳабдир.

Савол: Рамазон ҳайити билан Қурбон ҳайити орасидаги фарқ қанча?

Жабов: Рамазон ҳайити шаввол ойининг биринчи куни, Қурбон ҳайити эса зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидир. Шунга кўра, буларнинг ўрталарида чамаси етмиш кунга яқин бўлади.

Савол: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилмоқчи эдик. Жумада имом домла оиласи катта бўлса, гўштнинг ярмини ўзига олиб қолса бўлади, деди. Шу тўғрими? Умуман, оила катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини олиб қолса бўладими?

Жавоб: Қурбонлик қилувчи инсон Аллоҳ таолонинг розилиги учун қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш билан ибодат ҳосил бўлади. Унинг гўштидан фойдаланиш иккинчи масала ҳисобланади. Шунга кўра, сиз сўраганингиздек, катта оилалар қурбонлик гўштининг ҳаммасини ўз оилалари учун олиб қолиши жоиз. Шунингдек, қурбонлик қилувчи ҳайит куни гўштнинг ҳаммасини муҳтож инсонларга тарқатиши ҳам жоиз.

Энг афзали қурбонлик шуки, гўштни уч қисмга бўлиб, бир қисмини тарқатиш, бир қисми ўз оиласи учун олиб қолиш ва яна бир қисмини қариндош-уруғ ва яқинлар билан пиширган ҳолда баҳам кўришдир.

Савол: Менда нисобга етадиган пулим бўлса, қурбонлик қиламанми? Мен Россияда ишлайман у ерда насроний қўшниларим бор. Агар қурбонлик менгаям вожиб бўлса, насроний қўшниларимга қурбонлик гўштидан берсам бўладими?

Жавоб: Қурбонлик ибодатида қурбонликка яроқли ҳайвонни сўйиш эътиборлидир. Ҳайвоннинг қони ерга тушиши билан ибодат ҳосил бўлади. Қўшниларларга бериш – эҳсон. Бошқа диндаги қўшниларга берса ҳам бўлади.

Савол: Қурбонликка мол олдик. Тўрт одамга бўлса бўладими ё тоқ бўлиши керакми?

Жавоб: Қурбонликка сўйиладиган молда етти кишигача шерик бўлиш мумкин. Бунда шериклар сони тоқ ёки жуфт бўлиши шарт эмас. Муҳими, шерикларнинг барчаси қурбонликни ният қилиши керак. Агар уларнинг бирортаси гўшт ниятида шерик бўлса, қолганларнинг ҳам қурбонлиги қабул бўлмайди.

Савол: “Ит йилида қурбонлик қилинмайди”, деб эшитганман. Шу гапнинг асоси борми, илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

Жавоб: Ислом динининг вожиб амалларидан бўлган қурбонликни мучал ҳисоби бўйича ит йилида қилиб бўлмайди, дейиш катта хатодир.

Асрлар оша ўзининг софлиги ва барқарорлиги туфайли эъзоз топиб келаётган муқаддас Ислом динимизни ва унинг аҳкомларини бузиш ёки омманинг ундан юз ўгиришига сабабчи бў­лишнинг оқибати жуда хатарли ва улкан гуноҳ эканини яхши англаб олишимиз керак.

Ҳадиси шарифда: “Ким менинг номимдан қасддан ёлғон айтса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Демак, бу каби уйдирма ва бўҳтонларга эътибор бермаслигимиз лозим.

Савол: Камбағал киши қурбонлик қилиш учун сотиб олган қўйи йўқолиб қолса, унинг ўрнига бошқа бир қурбонлик сотиб олиб, сўйганидан сўнг йўқолган ҳайвон топилиб қолса, нима қилади?

Жавоб: Камбағал кишининг қурбонлик учун сотиб олган қўйи йўқолиб қолгач, яна бошқа қўйни қурбонлик учун сотиб олса, сўнг олдинги қўйи топилиб қолса, икки қўйни ҳам қурбонликка сўйиши лозим. Бой бўлса, фақат биттасини сўяди. Чунки фақир ҳолда ҳамда қурбонлик қилишга мукаллаф бўлмаган киши бир ҳайвонни қурбонлик қилиш ниятида олса, у ҳайвон қурбонликка аталган бўлади. Шу боис фақир кишига иккинчи марта олинган ва йўқолган ҳамда ўғриланган ҳайвон топилса, ҳар иккаласини сўйиш вожиб бўлади.

Бой киши эса, зотан, битта қурбонлик қилишга мукаллафдир. Бир ҳайвонни олиш билан мутлақо уни қурбонлик қилиши шарт эмас. Чунки у ҳайвонни олаётганда махсус ният қилмаган, фақат динимиз кўрсатмасига биноан, зиммасидаги бурчни адо этиш қурбонликка ҳайвон сотиб олган. Хоҳласа, иккинчи марта сотиб олган ҳайвонни, хоҳласа, йўқолиб ёки ўғирланиб, кейин топилган ҳайвонни сўяди (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Биз кўп қаватли уйда истиқомат қиламиз. Қурбон ҳайити кунлари ғайридин қўшниларимизга қурбонлик гўштидан берсак бўладими?

Жавоб: Ғайридин кишиларга қурбонлик гўшти ва нафл садақалардан бериш жоиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат килган:
«Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилиингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар» (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ғуломига: «“Қўчқорни сўйиб, яҳудий қўшнига насиба бергин”, деди. Бир соат вақт ўтгач, яна деди: “Эй ғулом, агар қўчқорни сўйсанг, яҳудий қўшнимизга насиба бер”. Ғулом: “Яҳудий қўшни бизларга азият беради-ку!” деди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Эй қулоқсиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилаверганларидан қўшни қўшнига меросхўр бўлса керак, деган ўйга бордик”, деди».

Толибжон НИЗОМнинг “Қурбонлик рисоласи”дан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан